Жаҳон | 22:35 / 29.09.2022
11017
2 дақиқада ўқилади

Гутерриш Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ўтказилган «референдум»лар натижалари тан олинмаслигини айтди 

Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, "Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорижжя областларини қўшиб олиш тўғрисидаги ҳар қандай қарор юридик кучга эга эмас ва муҳокама қилинмайди".  

Фото: Reuters

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш «ДХР», «ЛХР», Херсон ва Запорижжя областларида ўтказилган «референдум»лар натижаларига кўра уларнинг Россияга қўшилишини қабул қилиб бўлмаслигини айтди. 

"Кремль эртага Москвада Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорижжя областлари аннексияси жараёнини бошлаб берадиган маросим ўтказилишини эълон қилди. Бу таҳдид онларида мен БМТ низомини бажаришни бош котиб сифатидаги бурчим деб биламан", - деди Гутерриш.

Унинг қайд этишича, давлат ҳудудининг ҳар қандай аннексияси БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади. Гутерриш Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг бешта доимий аъзоларидан бири сифатида БМТ низоми бажарилиши учун жавобгар эканлигини таъкидлади. 

"Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорижжя областларини қўшиб олиш тўғрисидаги ҳар қандай қарор юридик кучга эга эмас ва муҳокама қилинмайди", - деди у. 

Унинг сўзларига кўра, бундай қарор "халқаро ҳуқуқий базага мувофиқ эмас, хавфли эскалация ҳисобланади" ва "бу қарор қабул қилинмаслиги керак". 

"Оккупация қилинган ҳудудлардаги «референдум»лар фаол қуролли низо вақтида, Россия эгаллаб олган ҳудудларда ва Украинанинг ҳуқуқий ва конституцион майдонидан ташқарида ўтказилди. Уларни халқ иродасининг ҳақиқий ифодаси деб бўлмайди", - деди Гутерриш. 

27 сентябр куни Украинанинг босиб олинган тўрт ҳудудида Россияга қўшилиш бўйича беш кунлик «референдум»лар якунланди. 

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 30 сентябр куни Кремлда Россия таркибига янги ҳудудларни қўшиш бўйича келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтишини маълум қилди

Мавзуга оид