Ўзбекистон | 13:42 / 02.10.2022
26620
16 дақиқада ўқилади

Ўзини оқламаган ташаббус: СССРда Пахтачилик вазирлиги нега тузилган эди?

1950 йилда СССРда Пахтачилик вазирлиги ташкил этилади ва Усмон Юсупов унга вазир этиб тайинланади. Вазирлик зиммасига Ўрта Осиёда пахта ҳосилини кўпайтириш билан бирга Россия, Украина ва Молдавияда ҳам «Оқ олтин» етиштириш вазифаси қўйилади. Сталин қўллагани учун бу ишга ҳеч ким эътироз билдира олмайди. 1953 йил Сталин вафот этганидан 10 кун ўтиб умуман самара бермаган, аксинча пахтакорлар учун «бошоғриқ бўлган» вазирлик тугатилади.

Азалдан пахта фақат Осиё ва Африканинг иссиқ ва серсув жойларида, жумладан Ўзбекистон ҳудудида етиштирилган. Америка қитъаси кашф этилгач, европаликлар океан ортида ҳам пахта етиштира бошлайди.

Унумдор ерлар, қулдорликнинг авж олиши ва денгиз орқали бошқа мамлакатларга етказиб беришнинг қулайлиги туфайли XIX аср бошларига келиб АҚШда пахта етиштириш жуда оммалашади.

Европада «саноат инқилоби» бошланганда кўплаб соҳалар қатори тўқимачилик ҳам ривожланади. Натижада толага талаб ошади ва Америкадан Европага пахта олиб келиш кўпаяди.

1860-1865 йилларда АҚШда содир бўлган фуқаролар уруши туфайли Европага пахта келиши кескин қисқаради. Оқибатда, нафақат Европада, балки пахта хомашёсини кўҳна қитъа орқали оладиган Россияда ҳам пахта толаси тақчиллиги бошланади.

Шундан сўнг Россия Ўрта Осиёни забт этишга жиддий киришади ва асосий пахта етиштириладиган Қўқон хонлиги эгалланади. Хонлик тугатилиб, унинг ҳудуди Россия империясига қўшиб олинади.

Орадан бироз ўтиб Ўрта Осиёга Чор Россиясидан савдогарлар келиб, маҳаллий аҳолидан пахта толасини харид қилиб, Россияга жўната бошлайди.

Пахтага талаб ошган сайин маҳаллий деҳқонлар уни кўпроқ эка бошлашади. Бу орада Россиядан пахта тозаловчи илк дастгоҳлар олиб келинади.

Тарихдан маълумки, Чор Россияси Қўқон хонлигини босиб олиб, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигини вассалга айлантирганда мулк дахлсизлигига аралашмайди.

Шу сабабли, Ўрта Осиёда пахта етиштириш мажбурлаш билан эмас, бозорда пахтага талаб ортгани туфайли кўпайиб бораверади. Шу тариқа пахта XIX аср охири, ХХ аср бошларида Ўрта Осиёда етиштириладиган асосий экин мақомини олади.

Россияда Октябр тўнтариши, СССРнинг тузилиши, ундан кейин коллективлаштириш– бу даврларда совет иттифоқи таркибига киритилган Ўрта Осиё республикаларида пахта етиштириш талабга қараб ошириб борилаверади.

Аммо иккинчи жаҳон урушидан сўнг вазият бироз ўзгаради. Энди СССРда деҳқонлардан пахта етиштиришни кескин кўпайтириш талаб қилина бошланади. Бундан ташқари, 1950 йилда СССРда Пахтачилик вазирлиги тузилиб, Россия, Украина ҳамда Молдавия жанубида пахта етиштириб кўрилади.

Ўшанда Россия, Украина ва Молдавияда пахта етиштириш режасини Сталинга Усмон Юсупов билдирган дейишади. Янги ташкил этилган Пахтачилик вазирлигига Усмон Юсуповнинг вазир этиб тайинланиши бу гапларда жон борлигига ишора қилади.

Фото: mytashkent.uz

Пахтачилик вазирлиги

Расмий маълумотларга кўра, 1950 йил 5 апрел куни СССРда Пахтачилик вазирлиги тузилади ва ўша куни Усмон Юсупов унинг вазири этиб тайинланади.

Таниқли ўзбек дипломати Нуриддин Муҳитдинов ўзининг «Усмон Юсупов» асарида СССРда пахтачилик вазирлигининг тузилиши билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни ҳам эслаб ўтган.

Унинг ёзишича, 1949 йилда Ўзбекистонга С.Игнатев бошчилигидаги вакиллар келишади. 20 кишидан иборат гуруҳ Ўзбекистондаги вазиятни ўргана бошлайди. Бир йиллик текширувлардан кейин 1950 йил апрел ойида Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси йиғилиши ўтказилади.

Йиғилишда Ўзбекистондаги учта асосий лавозим – Компартия Марказий Қўмитаси биринчи котиби, Олий Кенгаш Президиуми раиси ва Вазирлар кенгаши раиси лавозимига янги одамлар тайинланади.

Жумладан, Усмон Юсупов Марказий қўмита биринчи котиби лавозимидан олиниб, ўрнига Амин Ниёзов тайинланади. А.Абдураҳмонов Вазирлар кенгаши раиси лавозимидан бўшатилиб, ўрнига Абдураззоқ Мавлонов тайинланади (Бир йилдан кейин бу лавозимга Нуриддин Муҳитдинов тайинланган). Шунингдек Ўзбекистон СССР Олий Кенгаши президиуми раислигига Шароф Рашидов тайинланади.

Усмон Юсупов Ўзбекистон Компартияси биринчи котиби (Ўзбекистон раҳбари) этиб 1937 йилда 36 ёшида тайинланган. У лавозимидан озод қилингунча Ўзбекистонни 13 йил бошқарганди.

Фото: wikipedia.org

Муҳитдиновнинг эслашича, апрел йиғилишидан кейин ишсиз қолган Усмон Юсупов Сталиннинг қабулига киради. «Халқлар доҳийси» унга СССРда пахтачиликни янада ривожлантириш лозимлигини айтади.

«Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг апрел (1950 йил) Пленумидан кейин Усмон Юсуповни И.В.Сталин қабул қилди. Шу суҳбатдан кейин СССР пахтачилик вазирлиги ташкил қилиниб, у вазир этиб тайинланди. Москвада яхши бир бинони беришди, пахтачилик ва суғориш бўйича энг тажрибали мутахассислар асосан Ўзбекистондан боришиб, шу вазирликнинг масъул ходимлари бўлишди», дейди Муҳитдинов.

Пахтачилик вазирлигининг вазифалари ва самарасиз уринишлар

Янги ташкил этилган вазирлик олдига мамлакатнинг ҳарбий-стратегик қудратини кучайтиришда асқотадиган ва мамлакатга валюта олиб келадиган пахта ҳосили кўпайтириш, бу учун бошқа иттифоқдош республикалар ҳисобидан пахта майдонларини кўпайтириш топшириғи берилади.

«Усмон Юсупов янги ишга унга хос бўлган ғайрат-шижоат, қатъият билан киришди. Мамлакатда пахта ишлаб чиқариш бирмунча кўпайди. Лекин афсуски, вазирлик фаолиятида айрим муваффақиятсизликлар ҳам юз берди. Юқори доираларда, нима учун пахта бўйича вазирлик бор-ку, гўшт, ғалла, сут, лавлаги ва бошқалар бўйича вазирликлар йўқ деб бир-бирига ҳазил қилишарди», деб ёзади Муҳитдинов.

Шундан сўнг Усмон Юсупов СССР раҳбариятига Россия, Украина ва Молдавиянинг жанубий вилоятларида пахта етиштиришни йўлга қўйиш ҳақида таклиф билдиради. Аммо унгача Пахтачилик вазири сифатида Усмон Юсупов СССР вазирлар кенгашининг 1949 йил феврал ойида қабул қилинган «Колхоз ва совхозларда пахта етиштиришни кўпайтириш ҳақида»ги қарорига асосан юқорида номлари келтирилган учта республикада аллақачон пахта етиштиришни бошлаб юборган эди.

Муҳитдиновнинг ёзишича, СССР Вазирлар Кенгаши бу таклифга ижобий қарайди ва 1952 йил 19 февралда РСФСР, Украина ССР ва Молдавия ССРнинг бир қатор вилоятларида пахта етиштириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қарорда:

  • Ставропол ўлкасида — 92 500 гектар,
  • Краснодар ўлкасида— 172 500 гектар
  • Грозний вилоятида — 36 600 гектар
  • Доғистон АССРда — 28 500 гектар
  • Шимолий Осетия АССРда — 5 000 гектар
  • Кабардин АССРда — 8 000 гектар
  • Ростов вилоятида — 85 000 гектар
  • Қрим вилоятида — 30 900 гектар
  • Сталинград вилоятида — 25 000 гектар
  • Астрахан вилоятида — 10.000 гектар (юқоридаги ҳудудлар РСФСР таркибида эди)
  • Украина ССРда — 443 000 гектар
  • Молдавия ССРда — 5 000 гектар ерда пахта етиштирилиши белгиланган эди.
Украин аёллари пахта теримида / Фото: kommersant.ru

Ўшанда СССР Вазирлар Кенгашининг бу қарорига пахта етиштирилиши белгиланган аксарият минтақаларнинг раҳбарлари эътироз билдиради. Улар ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудудларда пахта етиштиришнинг иложи йўқ деб ҳисоблашади.

Бу масалада улар ҳақ эди – пахта етиштириш учун иссиқ об-ҳаво ва узоқ давом этадиган қуёшли кунлар бўлиши талаб қилинарди. Ўша пайтда эътирозлар мамлакатни жуда қаттиққўллик билан бошқараётган Сталингача етиб бормайди ва қарорда белгиланган ҳудудларда пахта экилади.

Аммо ноқулай ва салқин об-ҳаво туфайли мўлжалланган ҳосилнинг ярми ҳам олинмайди. Шундан сўнг Пахтачилик вазири сифатида Усмон Юсупов Кремлдаги раҳбарларнинг ўринли танқидига учрайди.

«Кейин маълум бўлишича, бу масала ҳал этилаётганда жумҳуриятларнинг эътирозлари ҳисобга олинмаган экан. Бу зоналар учун мос келадиган пахта навларининг йўқлиги жойларда яхши шарт-шароит яратилмаганлиги ва моддий-техника таъминотидаги узилишлар мураккаб ҳолатни юзага келтирди. Илгари ғалла, картошка, қанд лавлаги ва бошқа экинлар экиб, мўл ҳосил етиштириб келинган майдонлар пахта билан банд қилингач, ҳатто энг оз миқдорда ҳам ҳосил ололмадилар. Натижада жамоа ва давлат хўжаликлари, МТСлар катта иқтисодий зарар кўришди. Шундан кейин СССР Вазирлар Кенгаши йил якуни бўйича бу зоналарда пахта экишни тақиқлади ва бу аҳволга вазир ўртоқ Юсуповнинг эътиборини қаратиб, унинг хатти-ҳаракатларини аччиқ иборалар билан таърифлади», деб эслайди Муҳитдинов.

Вазирлик ва иттифоқдош республикалар ўртасидаги келишмовчиликлар

Муҳитдиновнинг ёзишича, Пахтачилик вазирлиги ва пахта етиштирувчи  Ўрта Осиё республикалари ўртасидаги муносабатларда ҳам носоғлом муҳит шаклланади.

Пахтачилик вазирлиги ташкил этилгунча ҳар бир республиканинг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта етиштиришга масъул бўлган. Пахта етиштирувчи республикаларда тупроқ унумдорлиги, сув масаласи, об-ҳаво шароити турлича бўлган ва ҳамма ўз ишини билиб қилган.

Улар пахта экишдан тортиб унга ишлов беришгача бўлган турли жараёнларда ўзларининг шароитларидан келиб чиқиб мустақил қарор қабул қилишган.

Вазирлик ташкил этилгач турли республикалардаги фарқлар омилини четга суриб қўяди ва ҳаммадан бир хил нарсани талаб қила бошлайди. Оқибатда вазирлик ва республика раҳбарлари ўртасида келишмовчиликлар юзага келади.

Масалан, ўша пайтда Тожикистон раҳбари бўлган Бобожон Ғофуров 1952 йилда айнан Усмон Юсупов бу республикада чигитни 45 сантиметрли тор жўяга экишга рухсат бермагани учун шахсан Сталиннинг ўзига икки марта мактуб билан мурожаат қилади. Шундан сўнг тожикистонликларга пахтани тор жўяларга экишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, гарчи Усмон Юсупов Ўзбекистондан етишиб чиққан раҳбар бўлса-да вазир бўлганида бу республика раҳбарларини ҳам аямайди. Ўзбекистонлик пахтакорларнинг пахта етиштиришдаги тажрибаси билан ҳисоблашмайди.

1951 йилнинг кузида об-ҳаво паст келади. Тинмай ёмғир ёғиб, пахтанинг очилиши кечикади ва йиғим-терим ишлари қийинлашади. Оқибатда, Пахтачилик вазирлигини ҳосил тақдири ташвишлантира бошлайди.

Ўша йили 5 декабргача Ўзбекистон пахта режасини 87,1 фоизга бажаради холос. Шундан сўнг СССР Вазирлар кенгаши қарори билан Пахта тайёрлаш давлат режасини бажаришда сусткашликка йўл қўйгани учун Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Ниёзовга ва Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши раиси Нуриддин Муҳитдиновга ҳайфсан эълон қилинади.

«Шахсан мен жуда изтироб чекдим: ахир бу ҳаётимда биринчи марта жазоланишим эди, яна кимсан — Сталин жазолаган. Бунинг устига Вазирлар Кенгаши Раиси бўлиб ишлаётганимга эндигина етти ой бўлган бўлса (бу лавозимга 1951 йил 11 апрелда тайинланган эдим). Эртаси куни СССР Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари В. Малишевга қўнғироқ қилдим, биз у билан дўстона муносабатда эдик. У мени тинглаб, ҳеч гапдан хабари йўқлигини айтди ва шу заҳоти бошқа телефон билан кимгадир қўнғироқ қилди. Кейин бу қарор, пахта бўйича қабул қилинган бошқа қарорлар ҳам, СССР пахтачилик вазирлиги томонидан киритилганлигини маълум қилди. Икки ойдан кейин Сталиннинг ўзи А. Ниёзовга ва менга берилган жазони олиб ташлади. Усмон Юсуповнинг хатти-ҳаракатларидан норози эканлигини изҳор қилди. Маленков ва Берияга ҳам гап тегди», деб эслайди Муҳитдинов.

Усмон Юсупов ва Никита Хрушев ўртасидаги келишмовчиликлар

Нуриддин Муҳитдиновга кўра, 1944 йилдан бошлаб Украинага раҳбарлик қила бошлаган Хрушев ва Усмон Юсуповнинг ўзаро алоқалари 1947 йилда Сталин иштирокида ўтказилган йиғилишдан сўнг ёмонлашган.

Ўша йиғилишда Хрушев Украинани ривожлантириш бўйича ҳисобот бераётганида Сталиннинг танқидига учрайди. Шундан кейин сўзга чиққан Усмон Юсупов ҳам ўзига тегишли масалалар қолиб кетиб, Хрушевга эътироз билдиради. Унинг гаплари Сталинга маъқул келиб, у Усмон Юсуповни мақтайди ва Хрушевни яна койийди. Шундан сўнг Хрушев Усмон Юсуповни ёқтирмай қолади.

Усмон Юсупов ва Хрушев ўртасида иккинчи келишмовчилик 1952 йил баҳорида содир бўлади. 1950-1951 йилларда Усмон Юсупов Пахтачилик вазири сифатида Украинанинг жанубий вилоятларига пахта эктиради ва бу иш муваффақиятсизликка учрайди.

«Хрушчев бу ишнинг (Украинада пахта экилишининг – муаллиф изоҳи) якунини Сталинга маълум қилиб, кўпгина жамоа ва давлат хўжаликлари вайрон бўлганлиги, ерларнинг унумдорлиги пасайиб кетганлиги, асрлар мобайнида етиштирилган юксак ҳосилли дон ва техник экинларни ишлаб чиқариш кескин камайганлиги, деҳқонларнинг моддий фаровонлиги ёмонлашганлиги ва бошқа хунук оқибатлари ҳақида гапирган. Шундан кейин Сталин ўзининг илгариги қарорини беқор қилиб, бу зоналарда пахта экишни тақиқлади ва пахтачилик вазирлигига қаттиқ танбеҳ берди», деб ёзади Муҳитдинов.

Агар тарихга назар ташланса, Украинада 1930-йилларда ҳам пахта етиштиришга уринишлар бўлган. Ўша пайтларда Ўзбекистондан «бой-қулоқ» қилинган оилалар Украинага сургун қилиниб, улар ёрдамида бу республикада ҳам пахта етиштириб кўришган. Аммо салқин об-ҳаво, қуёшли кунларнинг кам бўлиши бунга йўл қўймаган. Хрушев буни яхши билар эди.

СССРда Пахтачилик вазирлиги ташкил этилгандан сўнг эски хатолардан хулоса чиқарилмаган ҳолда яна Украинада пахта етиштириш режалаштирилиши гарчи бу пайтга келиб Москва вилояти компартияси биринчи котиби бўлиб ишлаётган бўлса-да Хрушевнинг жаҳлини чиқарган эди.

У аввалига Усмон Юсуповнинг Украинада пахта етиштириш ҳақидаги режаларига эътироз билдирмайди. Чунки бу ташаббусни кимсан, Сталиннинг ўзи қўллаб-қувватлаган. Аммо Украина, Россия ва Молдавияда пахта етиштириш муваффақиятсизликка учрагач у Сталинга бу иш ортидан юқоридаги республикаларда кўплаб колхозлар жуда катта зарар кўрганини аниқ рақамлар билан билдиради. Шундан сўнг Сталин Украина, Россия ва Молдавияда пахта етиштиришни тақиқлайди.

СССР Пахтачилик вазирлиги қарийб уч йил фаолият кўрсатади ва ўзидан кутилган натижани бера олмайди. Қайтага вазирлик Ўрта Осиёдаги пахта етиштирувчиларнинг ишига халал беради. Аммо Сталин тириклигида бу ҳақда ҳеч ким гапира олмасди.

1953 йил 5 март куни Сталин вафот этади. Орадан 10 кун ўтиб СССР Пахтачилик вазирлиги тугатилади. Усмон Юсупов яна ишсиз қолади.

1953 йил май ойида Нуриддин Муҳитдинов ишдан бўшатилади ва унинг ўрнига Усмон Юсупов Ўзбекистон ССР Министрлар совети раиси лавозимига тайинланади.

Нуриддин Муҳитдинов ўша пайтда ишдан бўшаши ва ўрнига Усмон Юсуповнинг тайинланиши Бериянинг буйруғи билан амалга оширилганини келтиради.

Хрушев Кремлда муқим ўрнашиб олганидан сўнг 1954 йил декабр ойида Усмон Юсуповни Ўзбекистон Вазирлар кенгаши раиси лавозимидан бўшатади. Нуриддин Муҳитдинов яна ўз ўрнига қайтарилади.

Эски аламларни унутмаган совет раҳбари бу билан чекланмай, узоқ йиллар Ўзбекистон раҳбари бўлиб ишлаган, СССРдаги вазирликлардан бирини бошқарган шахсни Тошкент вилоятининг Боёвут туманидаги қолоқ совхозлардан бирига «сургун» қилади.

Усмон Юсупов узоқ йиллар ана шу совхозни бошқариб, 1966 йилда, 65 ёшида касалликдан вафот этади.

Украинада пахта етиштириш самара бермаганидан кейин СССР раҳбарияти пахта етиштириш учун қулай минтақа бўлган Ўрта Осиёда чўлларни ўзлаштириш ва пахта етиштиришни кўпайтириш ишларига катта эътибор қарата бошлади.

Минтақадаги чўллар ўзлаштирилди. Уларга сув етказиб бериш учун кўплаб каналлар қазилди, сув омборлар қурилди. 1960-йиллардан бошлаб Москва томонидан Ўрта Осиё республикаларига, жумладан Ўзбекистонга пахта етиштириш режаси мисли кўрилмаган даражада оширила бошланади. Бу ҳақда кейинги мақолада...

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид