Ўзбекистон | 13:37 / 06.10.2022
16327
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон ҳам катта оила, яхшиси ҳам, ёмони ҳам ўзимизники” – Шавкат Мирзиёев

Бугун, 6 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Дастлаб Сирдарё тумани “Арслон бобо” фермер хўжалиги ҳудудида фаоллар билан учрашган давлат раҳбари далалардаги ҳосилдорлик, муаммолар ечими бўйича ишлар билан ҳам қизиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Вақти келиб барча масалалар маҳаллада ҳал қилинишига эришамиз. Маҳаллалар тинч бўлса, мен Тошкентдаги иш кабинетимда тинч ўтира оламан. Ўзбекистон ҳам катта оила, яхшиси ҳам, ёмони ҳам ўзимизники. Биз шу ёмонларни ҳам тўғри йўлга солиш устида ишлашимиз керак. Бунда маҳалла фаолларининг, оқсоқоллар, имомларимизнинг роли катта. Ёшларимизга бугунги кун моҳиятини, тинчлигимиз қадрини тушунтиришимиз керак. Атрофдаги вазият бизни сергаклантириши зарур. 

Мен ҳозир ҳосилдорликни ошириш эвазига пахта майдонини қисқартириб, аҳолига ер бўлиб бериш бўйича қарорлар қабул қиляпман. Сирдарё аҳолисига 50 сотихдан ажратиляпти. У ерда сабзи экилса ҳам қанча даромад қилиш мумкин?! Андижонликлар 10 сотихдан уч марталаб ҳосил олишяпти. Бундан мақсад ишсизликка қарши курашиш. Чунки ишсиз одам тушкунликка тушади, ҳар кимнинг йўриғига юриб кетадиган бўлади.

Сирдарё ҳам ҳосилдорликни, халқ фаровонлигини оширадиган пайт келди. Менинг мақсадим – бу вилоятни ишсизлик тугатилган ҳудудга айлантириш. Мен Венгрияга ташрифимдан кейин Сирдарёга келганим бежизга эмас. Йил якунланяпти, барча муаммоларни муҳокама қилиб олишимиз, келгуси йил учун ҳозир замин тайинлашимиз керак”, – дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

“Арслон бобо” фермер хўжалигининг умумий ер майдони 90 гектар, шундан 46 гектари пахта, 42 гектари ғалла ва 2 гектар картошка. 2021 йилда 33 центнердан жами 158 тонна пахта етиштирган ва шартномани 115  фоизга бажарган.

Мавзуга оид