Жамият | 22:57 / 07.10.2022
18578
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ХТБ мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилди

Улар 822 та компьютерни қарийб 600 млн сўм қиммат нархда харид қилган.

Навоий вилояти Халқ таълими бошқармаси мансабдор шахслари 822 дона компьютер жамланмасини 585,2 млн сўмга қиммат нархда харид қилиб, бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Навоий вилояти ҳокимлигининг тегишли фармойиши асосида вилоят Халқ таълими бошқармасига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2,6 млрд сўмлик жами 822 дона компьютер жамланмаси сотиб олинган. Лекин шартномада ушбу компьютерларнинг процессорларига ўрнатилган тезкор хотира сиғими “ДДР4” деб кўрсатилган бўлса-да, таъминотчи ташкилотлар “ДДР3” сиғимли тезкор хотира ўрнатилган компьютер жамланмаларини етказиб берган.  

Агентлик ходимлари томонидан ҳолат ҳудудга чиқиб ўрганилган. Аниқланишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёшларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 716-сонли қарорига асосан Навоий вилоятидаги 78 та мактабга 7,6 млрд сўмга компьютер сотиб олиш кўзда тутилган ва уларга аниқ техник талаблар қўйилган.

Халқ таълими бошқармасига “C.C” МЧЖ ва “M.B” МЧЖдан қиймати 2,6 млрд сўмлик 822 дона компьютер жамланмаси сотиб олинган. Шундан, 1,1 млрд сўмлик компьютерлар тендер савдолари орқали ҳамда 1,4 млрд сўмлик компьютерлар комиссия тартибида энг яхши таклиф сифатида баҳоланиб, харид қилинган.

Компьютер жамланмалари бўйича ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, Навоий вилояти Халқ таълими бошқармаси мансабдор шахслари томонидан харид қилинган 822 дона компьютер жамланмаси 585,2 млн сўмга қиммат нархда харид қилиниб, бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Навоий вилояти бошқармаси томонидан вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳамда “C.C.” МЧЖ ва “M.B.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид