Жаҳон | 12:06 / 08.10.2022
23219
10 дақиқада ўқилади

Болаларни қандай севиш керак? — ўқувчилари билан ўлимга тик боққан Януш Корчак

Польшалик ўқитувчи Януш Корчак (1879–1942) Иккинчи жаҳон уруши пайтида яҳудий етимлари бўлган ўз шогирдларини ташлаб кетишдан бош тортади ва улар билан бирга газ камерасига киради. Улар хавфни сезмасликлари учун сўнгги лаҳзагача болаларга эртак айтиб беради.

Асл исми Ҳенрик Голдшмит бўлган ёзувчи 1878 йил июль ойида Варшавада, зиёли яҳудий оиласида туғилган. Януш Корчак унинг тахаллусидир ва у айнан шу ном билан дунёга танилди.

Болалигидан Ҳенрик мактабни севарди, деб айтиб бўлмасди. Ҳатто бир йили синфдан синфга ҳам қолиб кетган. Аммо у кўп вақтини адабиётга бағишларди. Бобоси шифокор, отаси эса тажрибали юрист эди.

11 ёшида унинг отасида оғир руҳий касаллик — шизофрения аниқланади. Отасининг руҳий азоблари бола онгида изсиз кетмади. У улғайганда отасининг касали насл суриб, фарзандлари шундай хасталикдан азият чекишидан қўрқди ва уйланмасликка қарор қилди. Ҳаётини болаларга бағишлади.

Януш Корчакнинг «туғилиши»

Ҳенрик 15 ёшида адабиётдан қўшимча дарс ўтиб, онаси ва синглисига моддий томондан ёрдам бера бошлайди. 1896 йилда Януш Корчак тахаллуси билан ҳафталик «Тиканлар» (Kolce) нашрида «Гордиан тугун» (Węzeł gordyjski) ҳажвиясини нашр этди, бу унинг адабий дебюти ва журналистикадаги карьерасининг бошланиши бўлади.

1898 йилда Варшава Император университетининг тиббиёт факультетига ўқишга киради. Шу билан бирга, Корчак адабий фаолиятини давом эттиради: «Кемалар» ҳафталик журналига мақола ва шарҳлар ёзди, бошқа журналлар билан ҳамкорлик қилди. Корчак илк романини университетда ўқиб юрганида ёзган. «Кўча болалари» (Dziesi ulicy) деб номланган мазкур асари 1901 йилда нашр этилган.

Шу билан бирга у 1900–1915 йилларда болалар кутубхонасида ҳам ишлаган. Корчак ёзги лагер жамиятининг фаол аъзоси эди. Ўқишнинг юқори курсида у ёзги лагерларда ишлай бошлади: 1904 ва 1907 йилларда у Михаловка дам олиш уйига тарбиячи бўлиб ишга қабул қилинди.

Бу Корчакка тажриба ва кейинги ўқитувчилик фаолияти учун асос берди. Болалар лагерларида ишлагандан сўнг иккита китоб ҳам пайдо бўлди: Моски, Иоски и Срули (Mośki, Joski, Srule, 1910 йилда нашр этилган) ва Юзки, Яски и Франки (Józki, Jaśki i Franki, 1911 йилда нашр этилган).

1905 йил март ойида Генрих Голдшмидт тиббиёт даражасини олди ва яҳудий болалар касалхонасида ишлай бошлади. 1905–1906 йилларда рус-япон уруши даврида ҳарбий шифокор сифатида сафарбар қилинган.

Корчак Берлинда бир йил (1907–1908) ва ярим йил Парижда (1910) яшаб, у ерда педагогика ва педиатрия бўйича маърузаларни тинглади. Фурсатдан фойдаланиб, болалар шифохоналари, таълим муассасалари, болалар уйларида бўлди.

Талабалик чоғида у Песталозсининг педагогик назарияси билан яқиндан танишиш мақсадида Швейцарияда бўлган. Ўз маблағи ҳисобидан Aнглия, Германияга саёҳат қилган, у ерда кўп вақтини ёш ҳуқуқбузарлар ва ақли заиф болалар бошпаналарида ўтказган.

Бироқ у ёзишни сира тарк этмади. Унинг номи остида ҳикоялар, мақолалар, нашр этилиб, уларнинг аксарияти болалар психологиясининг оғир оламига бағишланган. Ҳаммаси бўлиб у таълим бўйича йигирмата китоб ёзган. Януш Корчакнинг энг машҳур асарларидан бири — «Болани қандай севиш керак?» 1914 йилда ёзилган.

Болага ҳурмат — асосий шартлардан бири

Бир неча йил болалар шифохонасида ишлагандан сўнг, у ниҳоят шифокорлик касбини тарк этишга қарор қилади ва 1911 йилда маҳаллий хайриячилар кўмагида Варшавада яҳудий оилалари болалари учун Меҳрибонлик уйи очади. Януш Корчак бутун умрини болаларга бағишлади.

Aйтиш жоизки, у асос солган Меҳрибонлик уйи бошқа бундай муассасалардан сезиларли даражада фарқ қилар эди. Аксарият меҳрибонлик уйларининг асосий вазифаси тарбияланувчиларни уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлаш эди. Тегишли маънавий-ахлоқий тарбиясиз бундай муассасаларнинг битирувчилари балоғат дунёсига қадам босгач, кўпинча жиноятнинг боши берк кўчасига кириб қолишарди.

Корчак ўқувчиларини биринчи навбатда, болалар уйини тарк этгандан сўнг жамият билан уйғунликда, унинг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ яшашга ўргатиш учун ҳаракат қилди. Бундан ташқари, унинг педагогик истеъдоди бу оғир ишни болаларга босим ўтказмасдан, диктатура усулларини қўлламасдан амалга оширишга имкон берди. Януш Корчак болага ҳурматни таълим жараёнининг асосий шартларидан бири, деб биларди.

Олдинга қараб, шуни айтишимиз мумкинки, ушбу ёндашув жаҳон педагогик ҳамжамиятида энг самарали, деб тан олинган.

Януш Корчакнинг болаларни тарбиялаш бўйича асосий усуллари қуйидагиларга тўғри келади. Aввало, болани севиш керак; уни кузата олиш, лекин унга босим ўтказмаслик; у билан жуда ҳалол бўлиш (бунинг учун ўқитувчи ўзи билан ҳалол бўлиши керак) ва ниҳоят, ўқитувчи ўзини билиши керак, шунда болаларга нисбатан унинг афзалликларидан фойдаланиш васвасаси бўлмайди.

Бу жуда осон ва тушунарли бўлиб туюлади — аслида эса амалга ошириш жуда қийин. Aйнан Януш Корчакнинг илмий ва педагогик асарлари дунёда биринчи бўлиб Женевадаги Бола ҳуқуқлари декларацияси (1924) учун асос бўлди.

1926 йилда Корчак болалар ва ёшлар учун Варшавадаги «Nasz Prezgląd» («Бизнинг шарҳимиз») газетасининг ҳафталик иловаси бўлган «Mały Prezgląd» («Кичик шарҳ») журналини нашр этади. «Кичик шарҳ» ҳақиқий глобал ҳодиса эди: газета болалар томонидан чоп этилар ва таҳрир қилинарди.

Мақолалар асосан болаларнинг ўзлари томонидан ёзилган. Януш Корчак ҳамма нарсага масъул эди. 1930-йилларнинг ўрталарида Корчак муҳаррирлик вазифасини ёш муҳаррир Игор Неверлига топширади.

«Кичик шарҳ»нинг дунёдаги бошқа барча журналлардан фарқи болаларнинг кундалик муаммолари ва атрофдаги ҳақиқат ҳақида ёзишлари эди.

Энг қимматли хатлар — кимдир ота-онасига ёки мактабда айта олмайдиган нарсаларни ёзадиган хатлар эди. Болалар ўз фикрларини уялмасдан ва кулгуга қолишдан қўрқмасдан очиқ айтиш имкониятига эга бўлишган.

Натижада, «Кичик шарҳ» саҳифаларида болалар ўзларининг долзарб муаммолари ҳақида ёздилар, улар аслида дунё муаммолари эди. Журнал фаолиятининг дастлабки ўн йилида таҳририятга йилига ўртача 4000 та хат келиб тушган. Журналнинг 3000 га яқин доимий мухбирлари бўлган.

Вагондан тушиб қолишингиз мумкин

Иккинчи жаҳон уруши даврида немислар учун яҳудийлар инсон саналмаган. Уларга ҳайвондан ҳам бешафқат муносабатда бўлишган. Болалар уйида ишлаган поляк ёзувчиси, педагог-тарбиячи Януш Корчак асирликда ҳам ҳар қанақасига тарбияланувчиларга ёрдам беришга ҳаракат қилган. Унинг тарбияланувчилари ўзларини ўзлари эплай олишган, ҳатто кийим-бош тикишган.

Варшава геттоси — яҳудийларнинг барча ҳуқуқлари чекланган ҳолда сақланадиган жой. Януш Корчак шу ерда ҳам болаларга таълим-тарбия бериш билан шуғулланади. Ўша пайтлари фашистлар геттода яшаётган яҳудийларни навбати билан отишни бошлайди. Буларнинг барчаси болалар кўз ўнгида содир этилиши жуда азобли ҳол бўлса-да, Януш Корчак уларга таълим-тарбия беришда давом этаверади.

1942 йилнинг ёзида Корчакнинг етимларини депортация қилишга қарор қилишади. Шунда Януш Корчак гетто раҳбарларига унинг «болалари» немислар учун ишлаши, яъни кийим тикиб бериши мумкинлигини айтади ва болаларни олиб қолишга эришади.

Лекин барибир 1942 йилнинг 6 августида болалар уйининг 192 нафар тарбияланувчиси Треблинкага жўнатилади. Януш Корчак машҳур, таниқли инсон бўлгани учун уни қутқариб қолишга кўпчилик ҳаракат қилади. Аммо у болалар билан бирга бўлиш учун ҳар қандай ёрдамни рад қилади.

Болаларни вагонга чиқариш тугагач, комендант шифокордан «Кичик Жекнинг банкротлиги»ни сиз ёзганмисиз, деб сўрайди.

— Ҳа, лекин бу қандайдир даражада эшелонни жўнатиш билан боғлиқми?

— Йўқ, китобингизни болалигимда ўқиганман, яхши китоб, қолишингиз мумкин доктор...

— Болалар-чи?

— Мумкин эмас, болалар кетади.

— Aдашяпсизлар, — деб бақиради шифокор, — адашяпсизлар, болалар — биринчи навбатда! Ва у вагонга чиқиб кетади.

Польшалик тарихчи Эммануэл Рингелблюм бу ҳақда шундай эсдаликларини қолдиради:

«Буни мен ҳеч қачон унута олмайман. Болалар немис ёвузларига қарши исёнини бошларини баланд кўтарганча, шахдам қадамлар билан бир қаторга тўрт нафардан туриб вагонга чиқиб кетишда исботлашди. Корчак бўлса, уларнинг олдида энг кичик икки боланинг қўлидан ушлаганича бошини баланд кўтариб кетиб борарди. Уларни кўриб биздан сўрашди: «Бу одам ким?». Мен кўз ёшларимни яшириш учун юзларимни беркитдим».

Януш Корчак болалар билан Треблинка лагеридаги газ камерасида вафот этди. У газ камерасида ҳеч нарсадан хабари йўқ икки нафар болакайнинг қўлларидан ушлаганича, уларга эртак айтиб ўтирарди...

Фото: spb-ith.ru

Варшавада Януш Корчакка бир неча ёдгорликлар қўйилган. Улардан бири Корчак очган меҳрибонлик уйи ўрнида жойлашган. 7 метр баландликдаги гранитдан ясалган дарахт остида болалар қуршовида Януш Корчак турибди.

Чарос Маннонова тайёрлади.

Мавзуга оид