Спорт | 22:08 / 10.10.2022
30149
2 дақиқада ўқилади

Давлат Бобонов: «Президентимиз финални томоша қилиб турганда, ютқазишга ҳаққим йўқ эди»

Тошкентда ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида -90 кг вазн тоифасида илк марта жаҳон чемпиони бўлган Давлат Бобонов финалдан кейин президентнинг ҳал қилувчи беллашувга келгани ва чемпионликка эришгани ҳақида гапирди.

«Жаҳон чемпионати – ҳеч қачон шунчаки ўтмайдиган, қийин мусобақа. Худога шукур, бугун олтин медални ютиб олдим. Финалгача бўлган баҳсларга жуда катта тайёргарлик кўрган эдик. Финалга чиққанимдан кейин ҳурматли бош вазиримиз келиб, шахсан ҳурматли президентимиз финални томоша қилиш учун келишларини айтдилар. Бу спортчи учун жуда ҳам катта мотивация. Буни эшитиб, финалга чиқдим. Президентимиз томоша қилиб турганда ютқазишга ҳаққим йўқ эди», - дейди жаҳон чемпиони Давлат Бобонов.

Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси саналмиш Бобонов бугунги курашларда дастлаб словакиялик Петер Зилькадан устун келган бўлса, сўнг жанубий кореялик Жеу Оп Ханни иппон эвазига мағлуб этди. Чоракфиналда эса болгариялик Ивайло Иванов ҳам иппон баҳоси билан таслим этилди. Муросасиз ўтган яримфинал баҳсида эса грузиялик Лаша Бекауридан устун келган ўзбекистонлик дзюдочи финалга чиқиб, Кристиан Парлатини мағлубиятга учратди.

Маълумот учун, 25 ёшли спортчи Токио-2020 Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган эди. 2021 йилда эса Будапештда ўтган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медали, Бишкекдаги Осиё чемпионатида эса олтин медалга эга чиққанди.

Мавзуга оид