Беларусда аксилтеррор операцияси режими жорий этилди
Беларус Ички ишлар вазирлиги раҳбари Макейнинг айтишича, «қўшни давлатлар томонидан Беларусга қарши провокациялар» тайёрланаётгани ҳақида маълумот бор. АТО режими ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кенг ваколатлар беради.
Беларусда ҳуқуқ-тартибот идораларига кенг ваколатлар, жумладан, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун қўлга олиш, ҳаракатланишни тақиқлаш, телефон суҳбатларини тинглаш, ҳар қандай алоқани назорат қилиш ва ҳар қандай биноларга тўсиқсиз кириш каби ҳуқуқлар берувчи аксилтеррор операцияси (АТО) режими жорий этилди. «Мамлакатимиз раҳбари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бир қатор учрашувлар ўтказди, аксилтеррор операцияси тартиби жорий этилди», — деди Беларус ички ишлар вазири Владимир Макей 14 октябр, жума куни чоп этилган «Известия» газетасига берган интервьюсида.
Макейнинг тушунтиришича, «баъзи қўшни давлатлар Беларус ҳудудининг маълум қисмларини эгаллаб олиш билан боғлиқ провокацияларни» режалаштираётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Беларус раҳбари Александр Лукашенко 4 октябр куни Полша ва Литва Беларус чегаралари яқинида ҳарбий кучларини тўплаётганини айтди. Бир ҳафта ўтгач, Минскдаги Мудофаа вазирлиги Беларусда мамлакат қуролли кучларини текшириш бошланганини эълон қилди, шу билан бирга, кўрилган чоралар «тажовузкорга жиддий зарар етказишга тайёрлигини кўрсатиши» алоҳида таъкидланган.
Шу ҳафта Беларус ҳудудидаги кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар Украина ва Ғарбнинг эътиборини тортди, улар Беларусда содир бўлаётган воқеалар Лукашенконинг Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун ўз армиясини тақдим этишга тайёр эканлигидан далолат бериши мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
10 октябр куни Лукашенко Беларус қўшинларига «Киев ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари томонидан Беларусга аниқ таҳдид пайдо бўлгани»га жавобан Украина билан чегара яқинида рус аскарлари билан бирга жойлашишни буюрди.
Мавзуга оид
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
19:19 / 23.10.2024
Беларусда президентлик сайлови санаси белгиланди
11:10 / 09.10.2024
Беларусда мухолифатчиларга қарши янги йирик иш очилди
20:39 / 08.10.2024