Ностандарт ва “трамплин” бетон тўсиқлар: Улар қурилиш меъёрларига мосми?
Йўлларни ажратиб турувчи тўсиқлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бугунги кунда кўчаларимизга ўрнатилган ва ўрнатилаётган бетон тўсиқлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Қия шаклда қуйилган тўсиқларга катта тезликда келиб урилган транспорт воситалари йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетаётгани, бу эса инсонлар ўлимини орттираётгани жамоатчилик ўртасида муҳокамаларни келтириб чиқармоқда.
Пойтахт кўчаларидаги янгиланган бетон тўсиқлар қурилиш меъёрларига жавоб берадими? Олдингилари ҳозиргиларидан кўра хавфсизроқмиди? Янгилари интернет фойдаланувчилари айтаётганидек қотил “бордюр”ларми? Kun.uz ижтимоий тармоқларда шу мавзуни кўтариб чиққан фаолларнинг фикрлари билан қизиқди.
“Ҳар куни Чирчиқдан Махтумқули кўчаси орқали қатнайман, 9 октябрдаги “авария”гача шу кўчадан келардим. Нимага? Чунки ўзи йўл узун бўлмаса ҳам, “пробка” кам бўлгани учун ишхонага тезроқ етиб олардим.
Лекин машъум автоҳалокатдан кейин ўша кўчадан юришга қўрқиб қолдим. Юрганда ҳам ўзим билмаган ҳолда, рефлекс ҳолатида иккинчи ёки учинчи қатордан – узоқроқдан юраман. Барибир ҳам мияда қолиб кетди-да бу нарса. Ҳозир Чирчиқ орқали келяпман”, – дейди блогер Шавкат Ҳасан.
Блогер тирбандликларга тўла бўлса-да, Чирчиқ-Тошкент йўлидаги бордюрлар баландроқ ҳамда нисбатан хавфсизроқ деб ҳисоблагани учун сўнгги кунларда шу йўналишда ишдан уйга, уйдан ишга қатнаётганини айтади.
“Агар бордюрлар инсонларнинг ўлимига олиб келаётган бўлса, бу ерда нимадир нотўғри. Бунинг олдини олиш керак”, - дейди у.
Махтумқули кўчасидаги автоҳалокат “бордюр”лар билан боғлиқ биринчи йўл-транспорт ҳодисаси эмас. Унгача ҳам бетон тўсиқлар “трамплин” вазифасини бажариб, бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлган. Бу шаклдаги “бордюр”лар нафақат Махтумқули кўчасида, балки шаҳарнинг бир нечта кўчаларида ҳам бор. Демак, хавф-хатар пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам йўқ эмас.
Блогер Умид Ғафуров ҳам 9 октябрда юз берган, инсонлар ўлимига сабаб бўлган автоҳалокатдан таъсирланганини айтади. Ўзи ҳам Махтумқули кўчасида истиқомат қилувчи блогер фожиадан сўнг пойтахт кўчаларидаги бетон тўсиқларнинг халқаро стандартлар ва тавсияларга қанчалик мувофиқлиги бўйича ўрганиш олиб борган.
“ЙТҲ рўй берса одатда ҳайдовчиларни айблаймиз. Кимдир “Машинани ўпкасини босолмай ҳайдагани учун шу иш бўлди” деб ёзишлари мумкин изоҳларда. Лекин йўлда ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин. Ҳайдовчи рулда кетаётиб инфаркт бўлиши, юраги тўхтаб қолиши мумкин. Шунда машинани бошқаролмай қолади. Айнан шундай пайтларда йўллардаги “бордюр”ларнинг вазифаси хавфсизлик нуқтайи назаридан шу машинани қарама-қарши тарафга ўтказиб юбормаслик”, дейди Умид Ғафуров.
Блогерга кўра, пойтахт кўчаларидаги бетон тўсиқларнинг шакли 45 даража қияликда бўлиб, бундай бетон тўсиқларнинг аксарияти бир неча йиллар олдин йўлларда қатновни ажратиб туриш учун ўрнатилган темир панжараларнинг пойдевори ҳисобланади. Кейинчалик панжаралар олиб ташланди, аммо “бордюр”лар янгиланмади.
Умид Ғафуров солиқлар ҳисобидан ўрнатилиб, маълум вақтдан кейин олиб ташланган панжаралар кимнинг ташаббуси билан ва нима мақсадда жорий этилгани, кейинчалик нега бекор бўлгани, агар бу ташаббус ўзини оқламаган бўлса шу таклиф билан чиққанлар жавобгарликка тортилган ёки тортилмагани бўйича жамоатчиликка ҳеч қандай ахборот берилмаганини таъкидлади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, пойтахт кўчаларидаги бетон тўсиқлар шаклан бир-бирини такрорламайди. Бир кўчадаги бордюрларнинг ҳажми, шакли бошқа кўчадагига мос келмайди. Мисол учун, Тошкентнинг 5 км радиусдаги кўчаларида кезиб, 5 хил геометрик шакл ва ўлчамга эга турли бетон тўсиқлар ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг қайсилари амалдаги меъёрларга жавоб беради, қайсилари эса ностандарт, бунга мутасаддилар ойдинлик киритади деган умиддамиз.
Мавзуга оид
14:11
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
17:02 / 10.11.2024
Россиядаги ЙТҲда 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
10:30 / 10.11.2024