Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларни Германияга ишга таклиф қилмоқда
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги дунёнинг ривожланган қатор мамлакатлари, хусусан, Европа давлатлари билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирмоқда. Бу борада олиб борилаётган музокаралар натижасида бугунги кунда Германияга фуқароларни ишга жалб қилиш борасида ушбу давлатнинг бир нечта ташкилотлари билан қатор лойиҳалар йўлга қўйилган.
Хусусан, “Globogate concept AG” ташкилоти билан 500 нафар Ўзбекистон фуқароларини 10 ойлик дастур асосида Германия ва Европанинг бошқа давлатларига вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича иккита лойиҳа амалга оширилмоқда.
Биринчи лойиҳада ҳамшираларни тайёрлаш, немис тилига ўқитиш ва “Asklepios” тиббиёт муассасасига меҳнат фаолиятига жалб қилиш ва иккинчи лойиҳада умумий касалликлар ҳамшираларини тайёрлаш, немис тилига ўқитиш ва “Aachen Universitätsklinikum” тиббиёт муассасасида иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Уларни амалга ошириш мақсадида “Globogate concept AG” ташкилоти ва иш берувчилар томонидан 3 босқичли танлов ташкил этилган.
Шунингдек, Германиянинг “Duvenbeck” ташкилоти билан имзоланган ҳамкорлик шартномасига асосан юк ташиш автомобили ҳайдовчиларини касбий таълим бўйича ўқитиш ва Германияга ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу келишув доирасида жорий йил февраль-март ойларида ташкил этилган танловларда муваффақиятли ўтган 16 нафар фуқародан 7 нафари Германияга юборилди.
Бундан ташқари, Германиянинг “Counsalting.uz” ташкилоти томонидан “Europa park” истироҳат боғида ишлаш учун танлаб олинган 32 нафар фуқарога ишчи визаси расмийлаштирилиб, жорий йил апрель-май ойларида Германияга юборилди. Шу билан бирга, Германиянинг “GfM Gruppe” ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида эса 4 нафар фуқаро “Deutsches Rotes Kreuz” ташкилотида дуал тизим асосида, яъни бир вақтнинг ўзида ишлаш асосида касбий таълим олиш учун жўнатилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германиянинг “SPA GmbH” компанияси 100 нафар Ўзбекистон фуқароларини Германия ҳудудида дуал тизими асосида касб-ҳунарга ўқитиш ва тиббиёт, қарияларни парвариш қилиш, металл конструкциялари ҳамда бошқа техник соҳаларда ишга жойлаштириш бўйича келишувга эришган. Ушбу келишувга мувофиқ, металл конструкциялари ҳамда бошқа техник соҳаларда ишга жойлаштириш учун ўтказилган онлайн танловда муваффақиятли ўтган 10 нафар фуқаро ушбу мамлакатга юборилди.
Таъкидлаш жоиз, хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиз учун Германияда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг турли йўналишлари бўйича юқори маошли бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.
Ушбу иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот олиш учун фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилиш мумкин.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот хизмати Ⓣ