Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси ва Паркентда туризмни ривожлантириш лойиҳалари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Улардан биринчиси Олимпия шаҳарчаси ҳақида бўлди. Бу мажмуа 2025 йилда Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини ўтказишга мўлжалланган. Халқаро спорт федерациялари талабларига жавоб берадиган олимпия стадиони, ёпиқ ва очиқ мажмуалар, сув спорти ва эшкак эшиш ҳавзалари, машғулот жойлари қурилиши лойиҳалаштирилган.
Тақдимотда мазкур йирик лойиҳанинг ташкилий-молиявий жиҳатлари кўриб чиқилди. Мутасаддилар бу борада хорижий компанияларнинг таклифлари, қурилиш материаллари ва спорт жиҳозларини етказиб бериш жадваллари ҳақида ахборот берди. Давлат раҳбари Олимпия шаҳарчасини қуриш билан бирга кейинчалик ундан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
– Аввало, ишларни аниқ режали қилиб, мажмуани сифатли қуриш, Осиё ўйинларини юқори савияда ўтказиш керак. Яна бир муҳим масала – кейинчалик бу шаҳарчадан қандай фойдаланиш. Шунинг учун мусобақадан сўнг, бу ерни ҳам мураббийлар, ҳам спортчиларни тайёрлайдиган муассасага айлантириш зарур. Маъмурий биноларда Спортни ривожлантириш вазирлиги ва федерацияларни ҳам жойлаштириш мумкин. Шунда бу ерда яхлит спорт муҳити бўлади. Ёшларимиз учун спорт иншоотлари қуриш билан бирга методикани ҳам ривожлантириб бориш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тақдимотда Паркент туманида туризмни ривожлантириш лойиҳаси ҳам намойиш қилинди.
Бу ҳақда шу йил 22 сентябрь куни халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши сессиясида айтилган эди. Президент вилоятда туризм имкониятлари жуда юқорилигини таъкидлаб, туманларда бундан фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Шунга мувофиқ, Зангиота, Чиноз, Оҳангарон, Ангрен, Паркент ва Бўстонлиқ туманларини боғлайдиган “Тошкент вилояти олтин ҳалқаси” ташкил этилмоқда.
Паркентдаги туризм ҳудудига олиб борувчи йўллар яхшиланиб, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари қуввати оширилади. Қаровсиз адирликларга сув чиқарилиб, соя-салқин масканлар кўпайтирилади. Инфратузилма давлат томонидан барпо этилиб, туризм учун истиқболли ҳудудлар аукционга қўйилади.
Давлат раҳбари бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий лойиҳа эканини таъкидлаб, инфратузилмани қуриш ишларини тизимли олиб бориш учун бошқарув компанияси тузиш таклифини билдирди.
Тақдимотда Сурхондарё вилоятидаги Ҳаким ат-Термизий мақбарасида зиёратчилар учун шароитларни кенгайтириш режалари ҳам кўриб чиқилди.
Мавзуга оид
21:06 / 04.11.2024
2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлиши қатъий белгиланди
18:32 / 04.11.2024
Тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинади
07:35 / 02.11.2024
Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилди
17:13 / 01.11.2024