Жаҳон | 21:54 / 20.10.2022
34866
3 дақиқада ўқилади

Россия қирувчиси Қора денгизда Британия разведкачи самолётига ракета учиргани маълум бўлди

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес парламентдаги чиқишида айтишича, россияликларнинг Су-27 қирувчи самолёти британларнинг Қора денгиз устидаги халқаро ҳаво кенглигида ҳаракат қилган Boeing RC-135 разведкачи самолётига яқинлашиб ракета учирган.

Ракета Boeing RC-135 самолёти атрофига учирилган. Фото: Getty Images

Уоллеснинг сўзларига кўра, ҳодиса 29 сентябр куни содир бўлган, вазир парламентарийларга бу ҳодиса қасддан эскалация юзага келтириш сифатида кўриб чиқилмаганини айтган.

«Биз буни Россия томонидан қасддан эскалация содир этиш деб ҳисобламаймиз. Бизнинг таҳлилларимиз бу техник носозлик оқибатида рўй берганини кўрсатди», - деган Уоллес.

«Аммо бу қирувчилар бундай ҳолатда қўлланиши қанчалик хавфли бўлишини эслатиб туради, руслар эса узоқ вақтдан буён шу ишни қилиб келишади», - дея қайд этган мудофаа вазири.

Британия мудофаа идораси раҳбари шундан сўнг Буюк Британия ўз самолётларининг ушбу ҳудуддаги парвозларини вақтинча тўхтатгани ва Россия мудофаа вазирлигига, жумладан шахсан Сергей Шойгуга ўз хавотирини билдирганини айтган.

Уоллеснинг айтишича, Россия мудофаа вазирлиги ракета техник носозлик оқибатида учириб юборилганини билдирган.

«Россия мудофаа вазирининг 10 октябр куни олинган жавобида улар ҳодиса тафсилотларини тергов қилишгани ва Су-27 қирувчисида техник носозлик аниқлангани айтилган. Улар шунингдек ҳодиса халқаро ҳаво кенгликларида рўй берганини тан олишган», - деган Уоллес.

Вазирнинг айтишича, ҳозирда Буюк Британия ушбу ҳудудда разведка парвозларини тиклаган, аммо эндиликда разведкачи самолётларга қирувчи самолётлар ҳамроҳлик қилмоқда.

Россия мудофаа вазирлиги бу ҳодиса юзасидан ҳозирча ўз баёнотини бермади.

Британия ва Россия ҳарбий самолётлари кўпинча Буюк Британия қирғоқлари яқинида бир-бирига яқин келади.

Independent газетаси ҳисобларига кўра, 2005 йилдан 2022 йил февралига қадар британларнинг қирувчи самолётлари 136 марта россияликлар самолётлари йўлини тўсиб чиққан.

Буюк Британия ва НАТОнинг бошқа мамлакатлари разведка самолётлари мунтазам равишда Украина атрофидаги ҳаво кенглигида навбатчилик қилади.

Бен Уоллес парламентарийларга унинг яқинда Вашингтонга ташрифи ҳеч қандай ташвиш уйғотмаслиги кераклигини айтди.

«Мен Пентагонга, Давлат департаментига бордим, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи билан учрашдим, бошқа учрашувлар ўтказдим ва фавқулодда вазиятларни режалаштириш жараёни ҳақида умумий тушунчага эга эканимга ишонч ҳосил қилдим... Менимча, бу ҳеч қанақасига одамларни қўрқитмаслиги керак», деган Уоллес.

Мавзуга оид