Жаҳон | 13:24 / 22.10.2022
10225
2 дақиқада ўқилади

Moody's Буюк Британия бўйича прогнозни «салбий»га туширди

Американинг Moody's рейтинг агентлиги Буюк Британия иқтисодиёти прогнозини «барқарор»дан «салбий»га туширди. Бунинг сабаби - сиёсий нотинчлик, заиф ўсиш истиқболлари ва юқори инфляция. 

Фото: Getty Images

Американинг Moody's рейтинг агентлиги Буюк Британия иқтисодиёти прогнозини «барқарор»дан «салбий»га туширди. Агентлик мамлакатнинг суверен рейтингини «Аа3» даражасида қолдириб, Лондон юқори эҳтимоллик билан ҳали ҳам қарзларини тўлаши мумкинлигини тахмин қилди. Бироқ, агар жорий тенденциялар давом этса, рейтинг пасайтирилиши мумкин, деб хабар берди агентлик 21 октябр, жума куни. 

Буюк Британиянинг кредит рейтинги энди, шу жумладан сиёсий нотинчлик туфайли ҳам пасайтирилди. 20 октябр куни Буюк Британия бош вазири Лиз Трасс атиги олти ҳафталик муддатдан сўнг лавозимидан истеъфога чиқди. Мухолифат муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини талаб қилмоқда, аммо бунга эриша олмайди. Катта эҳтимол билан парламентда кўпчиликни ташкил этган консерваторлар ўз сафларидан янги бош вазирни сайлайдилар – Трасснинг ўтмишдоши Борис Жонсон яна бош вазир бўлиши мумкин. 

Буларнинг барчаси фунт стерлинг курсининг тушиши, юқори инфляция, ходимлар иш ташлашлари ва Британия иқтисодиётининг заиф ўсиш истиқболлари фонида содир бўлмоқда. Аввалроқ АҚШнинг бошқа рейтинг агентликлари Fitch ва S&P ҳам Буюк Британия рейтинги бўйича ўз прогнозларини пасайтирган эди. 

Мавзуга оид