Жамият | 22:32 / 26.10.2022
16559
3 дақиқада ўқилади

Фото: Туркистон авангардининг дурдоналари – Парижда

Савицкий музейи экспонатлари Париждаги Араб дунёси институтида кўргазмага қўйилди.

22 ноябрда Париждаги Араб дунёси институтида Ўзбекистон халқ ва амалий санъатининг ХIХ аср ўрталари – ХХ аср бошларигача бўлган даврда яратилган ноёб асарлари кўргазмаси очилади.

Маданият ва санъат жамғармасидан маълум қилишларича, Нукус шаҳрида жойлашган Савицкий давлат санъат музейи экспонатлари кўргазма негизини ташкил этади. Улар орасида қорақалпоқ халқининг анъанавий декоратив-амалий санъати асарлари ва XX асрда ижод қилган ўзбекистонлик рассомларнинг Туркистон авангарди олтин фондига киритилган асарлари ҳам бор.

Кўргазма учун экспонатлар музей ходимлари ва уларнинг француз ҳамкасблари томонидан биргаликда танлаб олинди.

Таъкидлаш керакки, энг қизиқарли экспонатлардан бири қорақалпоқ аёлларининг XVII-XVIII асрлардаги анъанавий бош кийими – тобелик ҳисобланади. Тобелик маржон ва фируза тошлари ҳамда кумуш пластиналардан йиғилган цилиндрсимон шаклга эга. У тўй бош кийими – саукеле устидан кийиладиган қўшимча безак, ўзига хос тож вазифасини бажарган деб ҳисобланади.

Қорақалпоқ аёлларининг XVII-XVIII асрлардаги анъанавий бош кийими – тобелик
Хайкел

Кўргазмада кимешеки ҳам тақдим этилади. У ҳам аёлларнинг миллий бош кийимидир. Кимешеки бошни бутунлай қоплайди, юз эса очиқ қолади. Баъзи жиҳатларига кўра “капюшон”ни эслатади. Турмуш қурган аёллар муайян рангдаги кимешеки кийган ва шу орқали ўз мақомига урғу берган.

Танлаб олинган экспонатлар орасидан Ўрол Тансиқбоев, Виктор Уфимцев, Надежда Кашина мўйқаламига мансуб асарлар жой олган. Александр Волков, Алексей Исупов ва бошқаларнинг асарлари ҳам бор. Муаллифларнинг ўзига хос рассомлик услубига қарамай, барча асарлар битта мавзу – Шарқ ва унинг ранг-баранглигидан илҳомланиб яратилган ва шу мавзу атрофида бирлаштирилган.

Николай Карахан, “Қарағай дарахтлари қуршаган ҳовуз бўйидаги чойхона”

Масалан, Николай Караханнинг “Қарағай дарахтлари қуршаган ҳовуз бўйидаги чойхона” асарини кўрган томошабин ўша даврдаги одамларнинг қандай кийиниши ва дам олиши, уларнинг турмуш тарзи, табиатни дарҳол англаши мумкин.

А.Исупов, “Шарқ кафеси”
Н. Кашина, “У Шир-Дора”
А.Н Волков, “Арба”
А.Н Волков, “Йўлдаги ҳордиқ”
У.Тансиқбоев, “Қумғон”

“Умуман олганда, Савицкий музейи томонидан тақдим этилган бутун тўплам Шарқ маданияти ва хусусан Ўзбекистоннинг ранг-баранглиги, ўзига хослиги ва жозибасини очиб беришга мўлжалланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ва у Европанинг машҳур пойтахтида жойлашган Араб дунёси институтида тақдим этилиши катта рамзий маънога эга. Бу Ғарб ва Шарқнинг биргаликда мавжуд бўла олиши ва бир-бирини ўзаро бойитиши мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди”, – дейилади расмий релизда.

Мавзуга оид