Ўзбекистон | 14:04 / 01.11.2022
3981
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси “Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунни қабул қилди

1 ноябр куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида "Давлат чегараси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Қонун лойиҳаси 1-ўқишда 2022 йил 26 июлда кўриб маъқулланган. 1 ноябр куни Қонунчилик палатаси янги қонун лойиҳасини маъқуллаб Сенатга жўнатди.

2-ўқишга тайёрланган лойиҳадаги қўшимча ва ўзгартиришлар ҳақида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фахриддин Самадов маълумот берди. Унга кўра, лойиҳада давлат чегара орқали ўтказиш пунктида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи нормалар киритилган. Мазмун жиҳатдан боблар 10тадан 9тага қисқартирилиб, 73 моддадан иборат таҳрири тайёрланган.

Маълум қилинишича, лойиҳа янги 10-модда билан тўлдирилган. Унда давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам нормалар киритилган. Давлат чегараси режимини белгилаш назарда тутилган 33-моддага, давлат чегарасини шахслар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш билан боғлиқ нормалар қўшилган. 42-моддадаги шахсларнинг, транспорт воситалари ва товарларнинг давлат чегара амалиётидан келиб чиққан ҳолда асослар билан тўлдирилган.

2-ўқишдаги муҳокамалар асосан қонун лойиҳасидаги ҳужжатдаги айрим атамалар ва мазмунан тўлдириш керак бўлган ўринлар ҳақида бўлди.

Шундан сўнг учинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси Сенатга юборилиши белгиланди. Ҳужжат Сенат томонидан тасдиқланиб, президент имзолагач кучга киради.

Мавзуга оид