Жаҳон | 08:41 / 01.11.2022
12303
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Янги зарбалар Россияга нисбатан дунёдаги позицияни кучайтиряпти

Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтиришда давом этади. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида маълум қилди. 

Фото: president.gov.ua

Украина давлати раҳбарининг сўзларига кўра, Россиянинг қўшни давлатдаги нишонларга янги зарбалари «Россия масъулияти бўйича халқаро консенсусни фақат осонлаштиради ва яқинлаштиради». 

Шу билан бирга, ҳар ўнта аниқ берилган зарба учун Россия армияси камида тўрт баравар кўпроқ ракета сарфлаяпти, дея таъкидлаб ўтди Зеленский. 

«Дунё кўриб турибдики, дунёнинг собиқ иккинчи армияси ўз самарадорлиги бўйича ҳозирги кунда ҳатто 22-ўринда ҳам эмас. Биз у умуман иккинчи юзликка кириши учун ҳамма нарсани қиламиз», - дея қўшимча қилди Украина давлати раҳбари.

Бундан олдин Украина Қуролли кучлари Бош штаби ҳарбий ҳужум бошланганидан бери Россия аллақачон жангларда 70 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиларини йўқотганини маълум қилганди. 

Унинг сўнгги маълумотларига кўра, 24 февралдан бери Россия Федерацияси қуролли кучларининг умумий жанговар йўқотишлари тахминан 70 250 кишини ташкил қилди.

Бундан ташқари, Россия 2659 та танк, 5401 та зирҳли жанговар машиналар 1708 та артиллерия тизимлари ва 380 та ялпи ўт очиш реактив тизимларидан маҳрум бўлган.

Мавзуга оид