Жаҳон | 20:40 / 04.11.2022
11886
2 дақиқада ўқилади

G7 Эронни бошқа давлатларга ҳарбий дрон етказиб беришда айбламоқда 

«Катта еттилик» гуруҳига кирувчи давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари Эронни бошқа давлатларга ҳарбий дронларни етказиб беришда айблади. 

Фото: Reuters

Еттилик гуруҳи (G7) давлатлари ташқи ишлар вазирлари Германиянинг Мюнстер шаҳрида ўтказилган йиғилишда Эронни бошқа давлатлар ва нодавлат ташкилотларга учувчисиз учиш аппаратларини (ҳарбий дронларни) етказиб беришда айблади. 

G7 давлатлари ташқи ишлар вазирлари баёнотида Эроннинг Яқин Шарқ ва унинг атрофидаги вазиятни беқарорлаштириш ҳаракатлари қораланган.  

Унда Теҳроннинг баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, дронлар билан боғлиқ ҳаракатлари қайд этилган. Эрон ҳарбий дронларни бошқа давлатларга етказиб беришда айбланган. 

Август ойида The Washington Post газетаси Эрон Россияга ўз дронларини етказиб бераётгани ҳақида мақола чоп этган эди. Кейинчалик Америка маъмурияти вакиллари томонидан шунга ўхшаш баёнотлар қилинди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бундай хабарларни уйдирма деб атади.  

Сентябр ойи охирида Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Теҳрон Украинадаги можарода иштирок этаётган томонларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаслиги, Киевга ҳам, Москвага ҳам чет эл қуроллари етказиб берилишига қарши эканини айтган эди. 

G7 ёки «Катта еттилик» — норасмий халқаро клуб бўлиб, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Франция ва Японияни бирлаштиради. 

Мавзуга оид