Жамият | 17:30 / 06.11.2022
20681
8 дақиқада ўқилади

“Мени меҳнат ҳаётга қайтарди” — синовларга чиройли сабр қилган муаллима

Бир муддат ёруғликни, ҳаттоки олдимда ўтирган болаларимни кўрмай қолганимда мен учун ҳаёт тугаган эди. Шунда Аллоҳдан сўрадим, яна бир марта болаларим учун имкон бер, деб ёлворгандим.

Фото: Kun.uz

Бир қарашда бу аёлга ҳам ҳаваси, ҳам ҳасади келади одамнинг. Ўқувчиларининг севимли устози, шириндан-шакар фарзандларнинг онаси, севимли рафиқа. Қизи танлаган бешта олийгоҳининг барчасига биринчи уринишдаёқ давлат гранти асосида ўқишга кирди. Ўғли Президент мактаби битирувчиси.

Ўзи ҳам касби, меҳнати ортидан гоҳ респулика, гоҳ вилоят танловларида ғолибликни қўлга киритади. “Халқ таълими аълочиси” бўлган бу аёлнинг нима ками бор? Гўзал оиласи, аҳил жамоаси... Аммо бир қарашд айтишни лозим билмайдиган, юрагига кўмиб юборган дардлари борлигига биров ишонмайди. Чунки аёлнинг тилидан шукрона, юзидан табассум аримайди.

Палахмон тоши

Доно халқимизнинг “Қиз бола – палахмон тоши” деган нақли мен учун айтилган эканми, маҳалламга келин бўлишимга қарамасдан, турмуш қурганимга ҳали ўн кун бўлмай туриб, ризқ-насиба дея келинлик уйимдан узоқ вилоятга йўл олдим.

Сабаби оддий: турмуш ўртоғимнинг иши шу ёқда. Мусофирликнинг биринчи кунидан синовлар бошланди. Поезддан тушиб, машина тополмагач, туни билан вокзал ҳовлисида қолиб кетганмиз. Нотаниш жой, ҳеч кимни танимаймиз. Турмуш ўртоғимнинг қўнғироғи билан тунда йўлга чиққан бир киши (янги қўшни) етиб келди.

Яхши ҳамки, яхши одамлар бор…

 Эртаси куни нотаниш олам қучоқ очиб кутиб олди. Бир ҳафта ўтиб, яъни августнинг охирида турмуш ўртоғимга ишга чиқиш ниятим борлигини айтдим. Аввалига “ҳали бу ерларга ўрганмагансан, бу йил ишга чиқмай қўя қол” дедилар. Кейин яна нималарнидир ўйладилар, шекилли, дам олиш кунида турмуш ўртоғим мени олиб мактабга борди. Афсуски, қайси мактабга бормайлик, бўш иш ўрни йўқлигидан изимизга қайтишга мажбур бўлдик. Бир неча кун овора бўлдик, лекин фойдаси бўлмади.

Ўқув йили ҳам бошланди. Ўзим уйда ёлғиз. Йўл билмайман, ҳеч кимни танимайман. Бу ҳолат аслида кўп қаватли уйларда яшайдиганлар учун жуда таниш. Қуёш чиқиб ботгунча ҳам вақт миллари юргани сезилмайди. Куннинг узунлигини шу қадар ҳис этдимки, назаримда «дом»нинг деворлари ҳам менга мўлтираб қараётгандек кўринади. Турмуш ўртоғим ҳам шуларни ўйлаб ишлашимга рози бўлган бўлса керак.  

Шаҳарда ўзбек мактаби билан бир қаторда рус, қозоқ мактаблари ҳам бор эди. Сентябрь ойи ўрталарида “чиқмаган жондан умид” деб қўшни аёл билан қозоқ тилида таълим бериладиган мактаб эшигини тақиллатдим. Мактаб директори худди мени узоқ вақтдан бери кутиб тургандек қабул қилди:

“Кел, қызым, жас келінсің бе? Сіз менің мектебіме келесіз, бірақ мен жұмыс істемеймін бе? Әрине, сіз бізбен жұмыс істей аласыз. Біз бір отбасымыз. Енді мені Ұлсара апай деп атаңыз”(Кел, қизим, ёш келинчакмисан? Сен менинг мактабимга келасан-у, мен ишга олмайманми? Албатта, биз билан ишлашинг мумкин. Биз бир оиламиз. Энди мени Улсара опа деб чақир). Биринчи марта қардош халқлар бир-бири билан азалий яқинлигини ҳис этдим. Шундай қилиб қозоқ мактабига ишга кирдим.

Яхши ҳамки, яхши одамлар бор…

Йўл узоқлиги учун юк кўпаймасин деб бир сира кийим-кечаклар олиб келгандим. Кузнинг ўрталаридан совуқ туша бошлади. Енгил кийимларнинг вақти ўтиб бўлганди. Турмуш ўртоғимга тиш ёриб айтолмадим. Чунки тўй учун қилинган сарф-харажатни ҳали ҳам тўлаётганини билардим.

Бир куни ўқитувчилар хонасида ўтирганимда юпунгина кийинганимни кўрган ёши улуғ ўқитувчи аёл танбеҳ берган бўлди: “Егер сіз суықта осы киіммен жүрсеңіз, денсаулығыңыздан айырыласыз. Қазір жассың, белгісіз, біздей болсаң аяғың ауырады”(Агар сен бу кийимларни совуқда кийсанг, соғлиғинг йўқолади. Ҳозир сен ёшсан, биздек бўлсанг, оёғинг оғрийди).

Лабим титраб, гапира олмадим. Буни сезган Айнур опа дарров ечим топди. Кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган танишининг уйига олиб борди. Оз-оздан тўлашга келишиб, керакли кийимларни олдим.

Яхши ҳамки, яхши одамлар бор…

Минг шукурки, ҳаётимиз изга тушиб кетди. Бир текис кета бошлади. Фарзандли бўлдик. Қувончимда, ташвишимда ёлғизланмадим. Меҳрибон жамоадошларим, кўпмиллатли қўшниларим мусофирлигимни билдирмади.

Яхши ҳамки, яхши одамлар бор…

Айрим сабабларга кўра, иккинчи фарзандим туғилиши арафасида ўз вилоятимизга қайтдик. Бу ерда ҳам кўпдан кўп синовлар кутиб турган экан. Қишлоқчилик эмасми, уй олиш учун жамғарилган пул харажатларга кета бошлади. Бир хонали уй олдик. Ҳаммасини бошидан бошладик. Турмуш ўртоғимнинг ишхонасига узоқлик қилгани учун уйни сотишга тўғри келди.

Ер сотиб олдик. Уйсиз қолдик. Токи кичкина бир хонали бошпана қургунимизча оиламизнинг ўртоғи бўлган бир хонадон эшигини, бизларга бағрини очди. Юкларимиз эса, яна бировнинг уйига туширилди.

Яхши ҳамки, яхши одамлар бор…

Ҳам маънавий, ҳам моддий зарарлар бироз толиқтирди. Турмуш ўртоғим билан елкама-елка бўлиб, қийинчиликларни енгиб ўтдик. Ҳаёт синовларидан қоқилганда, сурилганда орттирилган заҳмлар асорати бир неча йил ўтиб бўй кўрсатди. Атай қилгандек, орттирилган касалликлар кимўзар ўйнарди.

Булар эса, ўз навбатида, оила об-ҳавосига таъсирини ўтказмасдан қўймади. Стресс енга бошлади: кўриш аъзосини, таянч аъзосини ниҳоятда заифлаштирди. Батамом соғлиғимни йўқотдим. Ёш бўлишимга қарамай ногиронлик гуруҳига олиндим. Болаларим ёш, қаровга муҳтож. Ён қўшним ҳам меҳри билан, ҳам уй ишларига кўмаги билан пешвоз чиқди. Ҳар куни ҳаётий воқеалар айтиб бериб шукур қилишга ундарди. Яшаш учун ўз устимда ишлашга, курашишга чақирарди.

Яхши ҳамки, яхши одамлар бор…

Ўзим билан ўзим кўп курашганман. Қийинчиликларга енгилишим мумкин эмас, қоронғиликдан ёруғликка чиқишни уддалашим керак, дердим. Қаттиқ стрессдан босим кўзимга тушиб бир муддат ёруғликни, ҳаттоки олдимда ўтирган болаларимни кўрмай қолганимда мен учун ҳаёт тугаган эди. Шунда Аллоҳдан сўрадим, яна бир марта имкон бер, болаларим учун имкон бер, деб ёлворгандим.

Аллоҳим қайта ҳаёт ҳадя этди, бунга ҳам 10 йил бўлди. Аллоҳга шукр. Қўлдан келгунча ижод қилишни, меҳнатдан тўхтамасликни шунда ўргандим. Мени Аллоҳим инояти билан меҳнат ҳаётга қайтарди десам ҳам бўлади.

Мен кабилар жуда кўп. Фақат йиқилгандан кейин туришни билишлари керак улар ҳам. Ҳозир ҳам сезиларли даражада соғлиғимда муаммо бор. Аммо буни ўйлагим келмайди. Ҳар куни ўтган тонгни кўриш мен учун бахт. Ота-онам, ака-укаларим атрофимдалиги бахт. Қанотим — турмуш ўртоғим борлиги, болаларим омонлиги бахт. Касбим борлиги бахт. Халқ ичидалигим бахт.

Ногиронлик гуруҳидан чиқиб, ишга қайтдим. Атрофимда яхши инсонлар шунчалик кўп эканки, ҳаётимда учрайдиган муаммолар, иллатлар денгизга отилган тошдек из қолдиришига йўл қўйишмади. Ҳаётга гўзал кўз билан қарай бошладим. Ҳар бир ишдан ҳикмат изладим. Руҳимга тетиклик қайтди. Оиламга қувонч қайтди. Шукроналик ортидан Аллоҳ битган тақдир туҳфаларидан баҳраманд бўла бошладим. Ҳар бир ишдан ҳикмат изладим. Руҳимга тетиклик, оиламга қувонч қайтди. Шукроналик ортидан Аллоҳ битган тақдир туҳфаларидан баҳраманд бўла бошладим. Меҳнатларим роҳатини кўряпман.

Аллоҳим, Ўзингга шукур!

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид