Россиялик ҳарбий мухбирлар РФ армияси Донецк областининг Павловка қишлоғи атрофида катта йўқотишларга учрагани ҳақида хабар қилишди. Маълумотларга кўра, қишлоқни эгаллаш учун ҳужумга ўтган россиялик ҳарбийлар «оловли қоп»га тушиб қолишган, натижада юзлаб киши ҳалок бўлган, яраланган ёки бедарак йўқолган.
Киевда россияликлар зарбалари туфайли электр таъминотида узилишлар давом этмоқда — маҳаллий мэрия маълумотига кўра, юз минглаб уйлар токсиз қолган. Шаҳар мэри Виталий Кличко РФ армияси Украина пойтахтига навбатдаги ҳужумларни амалга оширган тақдирда электр энергияси, ичимлик суви ва иссиқлик бир вақтнинг ўзида ўчиши мумкинлигини айтди. Украина президенти офиси раҳбарияти вазият назорат остида эканини айтмоқда, аммо ток бутунлай ўчадиган тақдирда шаҳар ҳокимияти уч миллион кишини мамлакат ғарбига эвакуация қилиши мумкин.
Херсон ва тахминан яна 10 та аҳоли яшаш манзиллари бутунлай электр таъминотидан узилиб қолди. Областнинг сайланган кенгаши хабарига кўра, бу россиялик ҳарбийлар электр узатиш линиясини ўққа тутиши оқибатида рўй берган. Россия томонидан тайинланган маъмурият эса бунга гўёки Украина қуролли кучлари «теракт» уюштирганини сабаб қилиб келтирган.
Россиялик ҳарбийлар Суми областини ўққа тутди (снарядлар биноларга ва турар жой ҳовлиларига ҳам келиб тушган) — темирйўл инфратузилмаси шикастланган, поездлар ҳаракати жадвалига вақтинчалик ўзгартиришлар киритилган.
Украинадаги урушда протоиерей Михаил Васильев ҳалок бўлди, у Россия стратегик ракета қўшинлари собори бош руҳонийси эди.
Қуйида 6 ноябр куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.