Эрдўған Швециянинг НАТОга киришига розилик беришга тайёр эмаслигини маълум қилди
Анқара Стокҳолмнинг «ижобий қадамларини» кўрмоқда, бироқ бундан кейинги ҳаракатларни кутмоқда, деди Туркия президенти Швеция бош вазири билан учрашувдан сўнг.
Туркия ҳали ҳам Швециянинг НАТОга киришига розилик беришга тайёр эмас. Бу ҳақда 8 ноябрь, сешанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада Швеция бош вазири Улф Кристерссон билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди. Швеция тўғри йўналишда «ижобий қадамлар» қўймоқда, деди у, аммо НАТОга аъзоликни ҳақиқатга айлантириш учун кейинги қадамлар керак. Эрдўған, ноябрь ойи охирида Стокҳолмда ўтказилиши режалаштирилган Швеция, Финландия ва Туркия вакилларининг учрашувидан кўпроқ натижа кутаётганини айтди.
Ўз навбатида, Улф Кристерссон унинг мамлакати июнь ойи охирида томонлар имзолаган меморандум бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажаришига ишонтирди. Унинг сўзларига кўра, бу терроризмга қарши курашга ҳам тегишли. «Швеция террорчилик таҳдидига қарши туриш учун Туркия олдидаги барча мажбуриятларини - НАТОга аъзо бўлиш арафасида ҳам, келажакдаги иттифоқчи сифатида ҳам бажаради», - деди Швеция ҳукумати раҳбари.
Швеция ва Финландия май ойида Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши муносабати билан анъанавий бетарафликдан воз кечиб, НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди. Бироқ Туркия раҳбари альянсни кенгайтиришга розилик беришдан бош тортди. Июнь ойи охирида Туркия, Швеция ва Финландия раҳбарлари 10 банддан иборат қўшма меморандум имзолаган эди. Унга кўра, томонлар терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш бўйича қўшма механизмни шакллантиради ҳамда Финландия ва Швеция бу масала бўйича «ички қонунчиликни янада қатъийлаштириш учун барча зарур чораларни кўради».
Меморандум қабул қилингандан кейин Шимолий Атлантика альянси икки давлатни НАТОга қабул қилиш тартибини бошлади. Бироқ июль ойида Эрдўған, агар бу давлатлар келишувларга риоя қилмаса, Туркия Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлишига барибир тўсқинлик қилиши мумкинлигини айтган эди. Анқара, жумладан, Ҳелсинки ва Стокҳолмдан курдлар ва 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда гумон қилинганларни экстрадиция қилишни талаб қилмоқда.
Август ойи бошида НАТОга аъзо 30 та давлатдан 23 таси Финландия ва Швецияни қабул қилишга рози бўлди. Уларнинг кириши тўғрисидаги ҳужжатлар альянснинг барча аъзолари томонидан ратификация қилиниши керак. Шундан кейингина шимолий мамлакатларнинг иккаласи ҳам НАТО низомининг коллектив мудофаа тамойилини белгиловчи 5-моддаси билан ҳимояланади.
Мавзуга оид
22:40 / 05.11.2024
Мудофаа «яшил энергетика»га қарши: Швеция 13 та шамол генератори қурилишига рухсат бермади
21:59 / 02.11.2024
Швецияда ноқонуний мигрантларга қарши кураш кучайтирилади
08:00 / 16.10.2024
Ўзбекистоннинг янги элчиси Стокҳолм шаҳрига келди
22:05 / 05.10.2024