Жаҳон | 18:23 / 09.11.2022
8890
3 дақиқада ўқилади

ЖМТ: Сўнгги саккиз йил ер юзидаги энг иссиқ давр бўлди

2022 йил охирига бориб, ўртача глобал ҳарорат саноатдан олдинги даврдаги ўртача кўрсаткичдан тахминан 1,15 °С юқори бўлади.

Фото: AP

Сўнгги саккиз йил ер юзидаги энг иссиқ давр бўлди. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) «2022 йилдаги глобал иқлим ҳолати» номли ҳисоботида айтилади.

Глобал ҳаво ҳароратининг ошишига атмосферада иссиқхона газлари концентрациясининг ортиб бориши сабаб бўлган. Экстремал иссиқ тўлқинлар, қурғоқчилик ва ҳалокатли тошқинлар бу йил миллионлаб одамларга таъсир қилди ва миллиардлаб доллар зарар келтирган. Ҳисоботда айтилишича, иқлим ўзгаришининг оқибатлари кескинлашиб бормоқда.

1993 йилдан бери денгиз сатҳининг кўтарилиш даражаси икки баравар ошди. Европа Алп тоғларидаги музликлар ҳажми 2022 йилда жуда катта йўқотишларга учради. Гренландия муз қатлами кетма-кет 26 йил давомида массасини йўқотмоқда ва ўтган йилнинг сентябр ойида у ерда биринчи марта ёмғир ёғган. 2022 йил охирига келиб ўртача глобал ҳарорат ҳозирда саноат давригача бўлган 1850-1900 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан тахминан 1,15°С юқори бўлиши тахмин қилинмоқда.

«Глобал исиш даражаси қанчалик юқори бўлса, оқибатлари шунчалик ёмон бўлади. Атмосферадаги карбонат ангидрид миқдори шунчалик баландки, Париж келишуви бўйича глобал ҳароратни 1,5°С га туширишга эришиб бўлмайди», - дейди ЖМТ бош котиби профессор Петтери Таалас.

Ҳозир кўплаб музликларни сақлаб қолиш имконсиз, дейди Петтери Таалас. Музликларнинг эриши юзлаб, балки минглаб йиллар давом этади ва инсоният хавфсизлиги учун жиддий оқибатларга олиб келади.

Атмосферадаги асосий иссиқхона газлари - карбонат ангидрид, метан ва азот оксиди концентрацияси 2021 йилда рекорд даражага етган. Метан концентрациясининг йиллик ўсиши рекорд даражадаги энг юқори кўрсаткичдир. Йирик мониторинг станциялари маълумотлари шуни кўрсатадики, атмосферада ушбу учта газ миқдори 2022 йилда ҳам ўсишда давом этади.

Охирги 30 йил ичида ўртача глобал денгиз сатҳи йилига тахминан 3,4 мм га кўтарилди. Сўнгги йилларда қайд этилган бу жараённинг тезлашиши музликларнинг эриши билан боғлиқ.

Ўтган ёзда Европанинг кўп қисмида бир неча бор кучли жазирама қайд этилди. Буюк Британияда 19 июл куни янги рекорд ўрнатилди - ҳарорат биринчи марта 40°C дан ошди. Иссиқлик узоқ давом этган қурғоқчилик ва ҳалокатли ўрмон ёнғинлари билан бирга келди. Европа дарёларида, жумладан Рейн, Луара ва Дунай дарёларида сув сатҳи жуда паст даражага тушди.

Мавзуга оид