Ўқитувчиларга эркинлик, Усмоновга ёрдам ва ИИБдаги ўлимлар — ҳафта дайжести
Ўқитувчилар ўз вазифасига кирмайдиган ишларни қилишдан озод бўлишига янги умид уйғонди. Ўзбекистон Евроиттифоқдан Алишер Усмоновни қора рўйхатдан чиқаришни сўраяпти. Қўқондаги ИИБ муассасаларида бир ой ичида икки фуқаро ўлим топди. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа асосий воқеалари – Kun.uz дайжестида.
“Ўқитувчиларга текин хизматкор сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт”
Дастуримизни яхши янгиликдан бошласак. Ўзбекистонда ўқитувчиларга асосий вазифасидан ортиқча ишлар буюриш тақиқланди. Аниқроғи, қонунда белгилаб қўйилган тақиқ амалда ҳам ишлай бошлашига янги умид пайдо бўлди.
Янги даврнинг илк йилларида, мажбурий меҳнатга қарши курашиш кампанияси вақтида педагогларга ҳар хил ишларни юклатиш сезиларли камайган эди. Лекин айрим ишлар, масалан уйма-уй юриб, болалар ва янги туғилган чақалоқларни рўйхатга олиш ҳалигача бор. Йилда икки марта минглаб ўқитувчилар микроучастка дафтарини тўлдиришга сафарбар қилинади. Ҳатто икки сменада ишлайдиган педагоглар ҳам ишдан кейин микроучасткага чиқиб, уйма-уй юриши керак. Бу жараёнда айниқса аёл ўқитувчилар турли асаббузарликларга дуч келади: ишдан уйига қоронғида қайтади, ўз ёнидан йўлкира сарфлайди, топшириқ вақтида бажарилмагани учун дакки эшитади, баъзан эса хонадон эшигини маст ёки хулқи бузуқ эркаклар очади.
Муаммони бу сафар блогер Никита Макаренко кўтариб чиққач, масалага Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов эътибор қаратди. Саида Мирзиёева ўқитувчиларнинг уйма-уй юришга мажбур қилинаётганини эшитиб жуда хафа бўлганини айтди ва мутасаддилардан буни бас қилишни сўради. “Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт”, – деди у.
Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов ҳам баёнот бериб, ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ва уларни тақиқлаш бўйича масъулларга кўрсатма берилганини маълум қилди.
Аслини олганда, бундай норма қонунчиликка аллақачон киритилган. “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасига кўра, педагог ходимларни уларнинг лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа ишга жалб қилиш тақиқланган. Бундай қоида 2018 йилда қабул қилинган президент қарорида ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги давлат дастурига биноан, олий тоифали педагогларнинг ойлигини минг долларга етказиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилиши керак эди. Бу вазифа учун сентябр ойигача деб муҳлат белгиланган, лекин ҳозирга қадар бирор янгилик бўлгани йўқ.
Ихтиёрий-мажбурий пул йиғишлар
Ўқитувчилар ва бошқа кўплаб бюджет ташкилотлари ходимларининг елкасида ўз вазифасига кирмайдиган ишлардан ташқари, ҳар хил пул йиғишлар ҳам бор. Шу кунларда мажбурий обуна, дарахт экиш, айрим ҳудудларда Қизил ярим ой жамиятига пул тўплаш кампанияси кетяпти. Ҳаммаси бюджет ташкилотлари ходимлари ўз чўнтагидан пул сарфлашига бориб тақалади.
Шу ҳафта Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятига пул йиғиш ўн кунлигини эълон қилди. Унга кўра, вилоятдаги корхона ва ташкилотларга ходимларнинг ёзма розилигига асосан бир кунлик иш ҳақини Қизил ярим ой жамиятининг Андижон вилояти бўлинмасига ўтказиб бериш тавсия этилди. Бу тавсия сон жиҳатдан энг кўп бўлган ўқитувчиларга ҳам тааллуқли, албатта.
Кўп ҳолларда ходимлар бир кунлик маошини “ихтиёрий” тарзда хайрия қилганини ҳатто ўзлари ҳам билмай қолиши – масаланинг бир тарафи бўлса, иккинчи тарафи – ҳоким фармойишида йиғилган пуллар қаерга ишлатилиши, яъни молиявий шаффофликни таъминлаш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.
Бошқа турдаги пул йиғишлар эса “Яшил макон” акцияси доирасида кўчат экиш ишлари билан боғлиқ. Кўплаб раҳбарлар қатори мактаб директорларидан ҳам кўчат экиш талаб қилиняпти, лекин улар кўчат сотиб олиш учун маблағни қаердан олиши масаласи очиқ қоляпти. Охир-оқибат ўқитувчиларга “кўчат солиғи” солинаётгани ҳақида ўтган йили ҳам хабар берган эдик.
Шу ҳафта маълум бўлишича, Шаҳрихондаги мактабларнинг баъзи директорлари етарлича дарахт экмаётгани учун сўкиш эшитган. Интернетда тарқалган аудиода кўчат экиш талабини бажармаётган директорлар уч марта "ҳаромхўрлар" дея ҳақоратланган. Аудио қачон ёзиб олингани номаълум, ундаги овоз эгаси туман халқ таълими бўлими мудири Жавлон Маматқодиров экани айтиляпти.
“Шанба куни, ўтган ҳафта ҳамма мактабларда, раҳмат, зўр ташкил қилганлар бор. Бутун бошли боғ ташкил қилиб қўйганлар бор. 100 та, 200 та, камида 50 та кўчат экканлар бор. Лекин баъзи бир ҳаромхўр директорлар, шунақа дейишга мажбурман, баъзи бирларга ёмон тегмасин узр, устозлар. Лекин шу гапларни айтишга мажбурман. Мана, ўзим шахсан юриб айланиб кўряпман. 3 дона кўчат экибди шанба куни. 3 дона! Инсофсиз, ёлғон гапириб, ҳаромдан ойлик еб юрган, ифлослар”, – дейилади мактаб директорларига қаратилган аудиода.
Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди. Расмий баёнотда айтилишича, бошқарма томонидан директорларга дарахт экиш бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Агар бу рост бўлса, топшириқ ҳокимликдан келган ёки Жавлон Маматқодировнинг ўз ташаббуси бўлган деган тахминлар қолади. Маълумот учун, Маматқодиров Шаҳрихон ХТБ раҳбарлигига келишдан олдин туман ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Биз юқорида санаб ўтган ҳолатларнинг ҳаммасида ходимлар манфаатини ҳимоя қилиши керак бўлган Касаба уюшмалари раҳбарлари 11 ноябр куни ўз касб байрамини нишонлади. Тошкент марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи тантанали равишда очилди. Байрам тадбирида республика бўйлаб турли соҳа вакилларига унвонлар ва совғалар топширилди. Президент Шавкат Мирзиёев соҳа вакилларига йўллаган табригида 11 ноябр – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини умумхалқ байрами деб эълон қилиш ва бу кунни дам олиш куни деб белгилашни таклиф қилди.
Ўзбекистон Европадан Алишер Усмоновга қўйилган санкцияларни ечишни сўраяптими?
Якунланаётган ҳафта халқаро майдонда Ўзбекистоннинг имижига салбий таъсир қиладиган иккита хабар тарқалди. Улардан бири расман рад этилган бўлса, иккинчиси бўйича расмийлардан муносабат бўлмади.
Маълум бўлишича, Украина разведкаси Ўзбекистонни Россияга санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам беряпти деб ҳисоблайди. Украина бош разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкийнинг айтишича, Россия Хитой, Шимолий Корея ва эҳтимол Қирғизистондан қурол-яроғ сўраяпти. “Қозоғистон ва Ўзбекистон каби мамлакатлар эса Америка ва Японияда ишлаб чиқарилган, ракеталар ясаш учун зарур бўлган ноҳарбий компонентларни сотиш орқали Россияга санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам беряпти”, – деди украин разведкаси вакили.
Ўзбекистон бу айбловни дарҳол рад этди. Украина элчиси Николай Дорошенко Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди ва Украина мудофаа вазирлиги вакилининг баёноти асоссиз экани айтилиб, Ўзбекистонга оид нотўғри маълумотлар тарқатмаслик талаб қилинди. Элчи Ўзбекистоннинг бу позициясини Украина тарафига зудлик билан етказишини билдирган.
Иккинчи янгиликка эса раддия берилгани йўқ. Financial Times'нинг ёзишича, Ўзбекистон Европа Иттифоқидан Алишер Усмонов ва унинг синглисига қўйилган санкцияларни олиб ташлашни сўраяпти. Расмий Тошкент Усмоновга бу борада ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини ҳам айтган. Нашр манбаларига кўра, ўзбек расмийлари миллиардерга қарши санкциялар унинг ўзи туғилиб ўсган Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятини чеклаётганини даъво қилган.
Алишер Усмонов – Россия президенти Владимир Путинга энг яқин миллиардерлардан бири. Европа Иттифоқи уни Путиннинг “энг севимли олигархи” деб таърифлаган. Россия Украинага қарши уруш очгач, Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова биринчилардан бўлиб ғарб санкцияларига учраган. Исмоилова акасининг 600 миллион долларлик “Дилбар” яхтаси ва бошқа айрим мол-мулкларининг ҳуқуқий эгаси ҳисобланади.
Наманганнинг Чуст туманида туғилган 69 ёшли Алишер Усмонов охирги йилларда Ўзбекистонда айрим лойиҳаларга ҳомийлик қиляпти. Ўз навбатида, тоғ-кон саноатидаги бир нечта йирик давлат корхоналари унга тегишли компанияга ишончли бошқарувга берилиб, кейин қайтариб олинди. Ҳозирда Усмоновнинг компаниялари “Капиталбанк” ва “Оҳангаронцемент” акциядори ҳисобланади. 2018 йилда миллиардер Ўзбекистоннинг “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.
ИИБдаги ўлимлар: Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади
“Фарғонада ИИБ ходимлари қуюшқондан чиқяпти. Ваколат чегарасидан чиқиб, фуқароларга жисмоний тажовуз қиляпти. Сўнгги йилларда жамоатчиликка маълум бўлган ҳолатлар вилоятдаги вазият ислоҳ қилишга муҳтож эканидан дарак беряпти”.
Икки ой олдин Kun.uz эълон қилган мақола ана шу сўзлар билан бошланган эди. Мақолада Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасидаги вазият издан чиқаётгани, буни кўрсатувчи шубҳали воқеалар кетма-кет рўй бераётгани ҳақида ёзган эдик. Афсуски, шу ҳафта бундай шубҳали ҳолатлар рўйхати яна узайди.
Маълум бўлишича, охирги бир ойда икки фуқаро Қўқондаги ички ишлар идораларида ўлим топган.
Биринчи ҳолатда қурбон – 15 ёшли ўсмир. У 16 октябр куни Учкўприк туманидаги савдо мажмуасида қурут ва ичимлик олиб, пулини тўламасдан чиқмоқчи бўлганида қўлга олинган. Воқеанинг эртасига Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганлар марказида ҳушидан кетган бола, шифохонага олиб кетилаётган вақтда жон берган.
Марҳумнинг яқинлари Kun.uz билан суҳбатда айтишича, боланинг танаси аёвсиз калтак зарбидан моматалоқ бўлиб кетган. Воқеа юзасидан расмийлар маълумот беришдан қочяпти. Прокуратура жиноят иши очиб, икки кишини қамоққа олган.
Иккинчи машъум воқеада ҳам фуқаро ички ишлар идорасига олиб келинганидан кейин саноқли соатлар ичида жон берди. Ўғрилик жинояти учун ҳукм қилинган маҳкум 6 ноябр куни Тошкент шаҳрида ушланиб, Қўқонга олиб келинган ва ички ишлар изоляторига жойлаштирилган. 8 ноябрга ўтар кечаси шу ерда вафот этган.
Расмий изоҳга кўра, фуқаронинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлгани айтиляпти. Суд-тиббий экспертизаси марҳумнинг баданида жароҳат изларини топмаган. Ҳолат юзасидан прокуратура ҳозирча терговга қадар текширув ўтказяпти. Бу кейс бўйича ҳам етарли маълумот йўқ, ҳатто марҳумнинг ёши ҳам очиқланмади. Агар у ёшроқ йигит бўлиб чиқса, юрак хуружи деган ташхисга нисбатан шубҳа уйғониши аниқ.
Ачинарлиси, жамоатчилик ўтган ҳафта ҳам шунга ўхшаш воқеадан хабар топган эди. Самарқанднинг Оқдарё туманида алимент тўламагани учун қамоққа олинган 34 ёшли эркак орадан 3 кун ўтиб, руҳий касалликлар шифохонасида вафот этган. Марҳумнинг отаси мухбиримиз билан суҳбатда айтишича, фарзандида ҳеч қандай сурункали касаллик ёки руҳий бузилиш бўлмаган. Ички ишлар бўлими ва шифохона эса бир-бирининг далилларини инкор этяпти.
Чилонзорда навбатдаги қурилиш можароси
Ички ишлар ходимларига тааллуқли яхши хабарлар ҳам бор. Чилонзорда кўп қаватли уйлар орасига яна битта кўп қаватли уй қурмоқчи бўлган тадбиркор кутилмаганда профилактика инспекторининг қаршилигига учради. Интернетда тарқалган видеодан кўринишича, инспектор фуқароларнинг тарафини олиб, тадбиркордан қурилишни тўхтатишни талаб қилган.
Маълум бўлишича, Кўтарма маҳалласидаги 15 сотих ер мулки бузилган тадбиркорга компенсация сифатида берилган. Маҳалла идораси бу қурилиш учун гўёки шу ерда яшовчилар розилик бергандек ҳужжат расмийлаштирган. Тадбиркор қурилиш қиламан деб дарахтзорни ўраб олишни бошлаганидан кейин, доимгидек низо келиб чиққан.
Якунда, одамларнинг норозилиги сабаб “дом”лар орасига “дом” қурилмайдиган бўлди. Шу масалада бўлиб ўтган йиғилишда эртага низо келиб чиқиши аниқлиги кўриниб турган ерни тадбиркорга берган шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам қатнашди.
“Бу ерда одамлар норози бўлади, дарахтлар кесилади, бу ерга қурилиш қилиб бўлмайди, деганмидим? Юзта одамнинг олдида? Камералар бормиди? Агар халқ норози бўлса, нима қиламиз, деганимда: “Мен шундоқ ташлаб чиқиб кетаман”, дедингиз. Эркак гапми деганимда эркак гап дедингиз. Тўғрими? Халқ норозими? Бўлди, бу ерда ортиқча муҳокама қиладиган гап йўқ”, – дея изоҳ берди Ортиқхўжаев.
Қурилишни тўхтатиб қўйиб, кўпчиликда илиқ таассурот қолдирган профилактика инспектори Азимжон Қудабаев эса тақдирланди. Чилонзор тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари унга тантанали равишда миннатдорчилик билдиришди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Ўзбекистонда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Ундаги энг асосий янгиликлардан бири – давлат ишида ишлайдиганлар энди тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмас. Шу муносабат билан Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт соҳасидаги бизнесмен Журъатбек Қувватов истеъфога чиқди.
Янги қонунга кўра, давлат хизматчилари ўз ваколатини бажариш эвазига ҳеч кимдан совға олиши мумкин эмас. Шу билан бирга, улар хизмат сафарига чиққанларида ёки турли расмий тадбирлар муносабати билан совға олишига рухсат берилади. Шарти – ҳадя қилинган ашёнинг нархи 1,5 млн сўмдан ошмаслиги керак. Бу борадаги ҳужжат лойиҳасини шу ҳафта Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қилди.
Дипломи йўқ ҳоким ёрдамчилари олийгоҳларга имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади. Муҳокамадаги қарор лойиҳасига кўра, олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари сиртқи таълимга, суҳбат асосида ўқишга кириши мумкин. Улар иқтисодий йўналишларда давлат гранти асосида ўқийди.
Жиззахда ҳоким ёрдамчиси 2 минг доллар олаётганда ушланди. Расмий хабарга кўра, Шароф Рашидов тумани ҳокимининг ёрдамчиси қурилиши битмаган 10 та иссиқхона учун тадбиркорнинг ҳисобига 330 млн сўм тушириб беришни ваъда қилган. Шу ҳафта, шунингдек, коррупцион жиноятлардан бири бўйича ҳукм ўқилди – ер ажратиш масаласида 12 минг доллар пора билан ушланган Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари 6 йилга қамалди.
Тошкентдаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси хусусийлаштирилди. Уни Abu Dhabi Uzbek Investment компанияси 87 млн долларга сотиб олди. Эътиборлиси, ҳашаматли отелни қуриш учун давлат бундан салкам 3 баробар кўп – 205 млн доллар сарфлаган эди. Бу пуллар орасида пенсия жамғармасидан ажратилган имтиёзли кредитлар ҳам бор.
Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Озарбойжон президентлари ҳамда кузатувчи давлатлар – Туркманистон ва Венгрия раҳбарлари иштирок этди. Саммитда 10дан ортиқ ҳужжат имзоланди, улар орасида энг муҳимлари – ўзаро савдони соддалаштириш ҳақида.
Ҳаво совиши муносабати билан метан-шохобчаларнинг иш вақтига чекловлар киритилди. Чекловлар асосан тунги вақтларга оид. Газни кўпроқ хонадонларга узатиш мақсадида жорий қилинган тартиб одатда метан-шохобчаларда навбатларни юзага келтиради. Қўшимча қилиб ўтамиз, шохобчалардаги газ ўғриликларини тафтиш қилиш ҳақидаги Президент администрацияси топшириғидан кейин орадан ўтган икки ҳафта ичида бу масалада янгилик бўлганича йўқ.
Мавзуга оид
21:48 / 26.10.2024
Алламжоновга суиқасд, қонун устуворлигида пасайиш ва Европага йўл — ҳафта дайжести
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
17:25 / 13.10.2024
Пора билан қочган терговчи ва ҳавоси бузилган Тошкент — ҳафта дайжести
21:21 / 05.10.2024