Жамият | 17:47 / 14.11.2022
48668
29 дақиқада ўқилади

«Бу мен учун – утопия» — Йирик кластер раҳбари фермерлар бирлашиши имконияти ҳақида

Йирик пахта-тўқимачилик кластери Fergana Global Textile раҳбари Музаффар Раззоқов ва Kun.uz журналисти ўртасида бўлиб ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида соғлом рақобатнинг ўрни, турфа хўжалик субъектлари бўлиши аҳамияти, фермерларнинг кўнгилли равишда кооперативларга бирлашиши қандай натижа бериши борасида баҳс қилинди, советлар мероси, Хитой тажрибаси, маъмурий идораларнинг қонунбузарликлари тилга олинди.  

 

— Қишлоқ хўжалигимиздаги ҳозирги аҳволни сканерга тушириб берсангиз: ҳозир вазият қандай, ютуқларимиз қанақа ва тузатиш керак бўлган ҳолатлар ҳақида нималар дейсиз?

— Фаолиятимизни Фарғона вилоятида олиб борамиз. Қишлоқ хўжалиги бутун фаолиятимизнинг бир қисми холос. Мен доим ўзим ўйлаган, юрагимдан ўтказган, сўнгги 5–6 йил ичида ўзимиз қилган ишларни айтишим мумкин, хулосани томошабин ва таҳлилчилар ўзлари қилишади.

Биз 2014-2015 йилларда қишлоқ хўжалигидаги вазиятини кўрдик ва ҳозиргисини кузатяпмиз. Тўқимачилик соҳасида 20 йилдан бери ишлаймиз. Аввал қишлоқ хўжалигига алоқамиз бўлмаган, пахта толасини сотиб олганмиз. Кейин билсак, қишлоқ хўжалиги жар ёқасида экан, катта инқирозга учраган. Ҳам молиявий, ҳам экологик, ҳам ижтимоий инқироз.

Биласиз, мажбурий меҳнат: фарзандларимиз, жиян-укаларимиз олти ойлаб далада юрган, мажбурий меҳнат бўлган. Коррупцион ишлар жуда илдиз отиб кетган эди. Мисол учун, пахта саноат соҳасидан пахта олиш учун бир неча одам билан «сўрашиб юришимиз» керак эди. Шунда ҳам сиз истаган 4 тип пахтани эмас, «шуни оласан, жим ўтирасан», деб беришарди. Бу энг катта муаммо эди.  

Бу инқирозни давлат раҳбаримиз яхши тушуниб етган. Менинг шахсий фикрим – ислоҳот қилиш кераклигига чин юракдан хоҳиш билдирилган. «Нима қилса бўлади, қандай қилса бўлади?» деб кеча-ю кундуз ўйлаганлар. Чунки аграр соҳа жуда катта соҳа, айниқса пахтачилик, тўқимачилик. Ҳозирги тилда «кластер» дейиладиган нарса юзага келди. Ўша пайтда тўғридан тўғри бизга айтганлар: «Сенга хомашё керакми, деҳқонларга хомашё етиштиришга ёрдам бер, бўлмаса ўзингга ер ажратилади, ўзинг пахтангни етиштир, қил, ўзингни кўрсат, манфаатдорлик пайдо бўлсин».

Fergana Global Textile раҳбари Музаффар Раззоқов

Яъни шу кластер тизимини пайдо қилишда президентимизнинг ғоялари – «манфаат пайдо бўлса, ривожланиш бошланади». 2017 йилда бир туманга борганимизда, ҳар истиқболдаги йил учун режа 16 минг тонна бўлган, ҳозир 24 минг тоннага чиқардик. Бу дегани, 1,5 баробар оширдик, ер саҳнаси ўша-ўша. Ниманинг ҳисобига?

Бизда манфаат бўлган, шунинг учун ҳаракат қилганмиз, фақат ўзимиз эмас, ҳамкор фермерлар билан ҳаракат қилганмиз. «Оборот»дан чиқиб кетган чўл ерларни олганмиз, ўша ерга томчилатиш, ёмғирлатиш тизимларини яратганмиз. Дон эксак, ёмғирлатиб суғорамиз, пахта эксак, томчилатиб. Бу тизимни Исроилнинг Netafim фирмаси билан қилганмиз. Ишонасизми, ўша пайтда 8-12 центнер чиқмайдиган чўл ерлардан ҳозир 42-43 центнер тоза-сифатли пахта оляпмиз. Яъни жуда катта ўзгариш бўлган, демоқчиман.

Ҳозир ким мажбурий пахта тергани чиқади? Қайси мактаб боласи, қайси талаба? Ҳеч ким. Ҳаммасини соф, очиқ, шаффофлик билан уюштиряпмиз. Бу чунки бизнинг манфаатимиз, охир-оқибат тўқимачилик маҳсулотини биз сотамиз. Маҳсулотни арзонга сотамиз десак ҳам бўлади, лекин арзонга сотишга ҳаққимиз йўқ, чунки машаққат билан етиштириляпти. Юридик аудит биз қонуний ё ноқуний ишлаётганимизни текширишга келади.

Тўғри, иш бор жойда камчилик бўлади. Мана биз ўзимиз ер олдик, кучимизни синаб кўрдик. Энг зўр, энг илғор агроном ва фермерларимиз бор. Инглиз тилида гаплаша олади. Ирригация соҳасида кўп ишлар қила бошладик, чунки манфаат пайдо бўлди. Агар буни вақтида қилмасак, пахта хомашё базамиздаги барқарорлигимизни йўқотамиз. Бу дегани бизнинг бизнесимиз ҳам тўхтайди. Шунинг учун 2015 йилдан кейинги 7 йил ичида қишлоқ хўжалигида катта ўзгариш бўлган. Лекин бунда тўхташ мумкин эмас, энг катта хавфимиз – ислоҳотлардан тўхтаб қолиш.

— Иқтисодиётда рақобатга муносабатингиз ва ҳозир қишлоқ хўжалиги соҳасида рақобат муҳитида ишлаяпсизми?

— Рақобат тарафдориман. Рақобатчилик бор жойда сифат пайдо бўлади, ғайратингиз ортади, иштиёқ ошади. Чунки сизнинг ҳамкорингиз, яъни рақобатчингиз сиздан яхши қиляпти, у ҳам одам, сиз ҳам одам, одам қилган ишни одам қилади-ку. Бизнинг соҳадаги рақобатчилик биринчи навбатда – дунё рақобатчилиги. Энг кучли дунё компаниялари билан рақобат қилишимиз керак. Хитой дейдими, Бангладеш дейдими...

— Бу тушунарли. Маҳаллий  миқёсга кўчсак. Мана сиз бир корхона раҳбарисиз, маълум бир ҳудудда фаолият юритяпсиз, ўша ерда сизга параллел фаолият юритадиган рақобатчи ҳам бўлиши керакми? Бунга муносабатингиз?

— Ман фақат очиқлик тарафдориман. Сиз айтаётган бундай имкониятларни давлатимиз яратиб берса... Ҳеч бўлмаса бир вилоят миқёсида... Тажриба сифатида яратиб берса бўлади... Балки кейинги босқичда республика миқёсида киргазса бўлади. Мен фақат рақобатчилик – соғлом муҳит бўлиши тарафдориман.

— Мана, мамлакатимизнинг баъзи туманларида қишлоқ хўжалиги корпоративлари пайдо бўляпти. Буюк ҳодиса бу, негаки бу бирлашмалар кўнгилли равишда ҳосил бўляпти, кимдир топшириқ бериши натижасида эмас. Тўғри, бу ерда ҳам ҳаммаси зўр кетмаётган бўлиши мумкин, лекин муҳими шуки, жараён бошланди – фермерлар бирлашиб, яъни ўзаро ишончга асосланиб, корхоналар ташкил этишяпти, шунга ҳаракат қилишяпти. Шунга сиз қандай қарайсиз?

— Булар менинг рақобатчим эмас. Менинг рақобатчим – кластерлар. Менга мисол учун 50 минг тонна пахта керак бўлса, 13 минг тоннани кластерларга айтаман, қолган 37 минг тоннани бозордан сотиб оламан ёки импорт қиламан.

«Кооператив» маъносини мен тушунмайман. Инглиз тилида сooperation дегани ҳамкорлик, биргалашиб ширкат тузиш дегани. Булар жамоат хўжалигини тузади, рус тилига таржима қилсангиз «колхоз» дегани.

Fergana Global Textile раҳбари Музаффар Раззоқов

— Йўқ, бунинг колхоз билан алоқаси йўқ...

— Шунинг учун мен тушуниб олишим керак, кооперация нима дегани? Мен моҳиятини тушунмайман. Тўрт йилдан бери ишлаймиз, фермерлар ишига ич-ичигача кирганмиз. Улар шерик бўлиб бир ишни қилишмоқчи, тўғрими?

— Ҳа.

— Шерик бўлиб, биргалашиб зовурни тозалашганмикан ёки автопарк, МТП паркни сотволишганми?

— Биз бир нарсани тушуниб олайлик. Бу ташкилотлар, авваламбор, инсонлар ўртасидаги ишончга асосланяпти ва бу – энди куртак олаётган соҳа. Бу ерда кўнгилли бирлашиш юз беряпти, бу ерда демократия ҳукм суради, бошлиқ йўқ, кооператив – ҳамма тенг бўлиб фаолият юритадиган соҳа. Шахсан мен учун бу буюк ҳодиса: мен сиз билан тенг миқёсда ишлашга кўнаётган бўлсам, демак сизга ишоняпман, сиз ҳам менга ишоняпсиз. Ҳолбуки, мен бошқа билан ишлашим мумкин эди, лекин сизни танлаяпман. Бу ерда маънан буюк иш содир бўляпти. Куртак отаётган нарсага дарров «зовур қази» дейиш қанчалик тўғри?

Кўрган бўлсангиз, яқинда кичик фильм қилдим, «Эркатойлар иқтисодиётни барбод қилади» деган. У ерда шу нарса ҳақида гап кетяпти, қайсидир бир тадбиркорлик субъектлари бошқалардан ажратилиб, уларнинг мақомини юқорироқ қўйиб, ҳокимлар, ички ишлар, прокуратура – ҳаммаси уларга хизмат қиладиган бўлиб қолса, бу ерда мувозанат бузилади ва жуда катта кўнгилсизликлар келиб чиқади. Аминманки, сиз қайсидир тадбиркорлик субъекти бошқасидан юқори қўйилишини истамайсиз, тўғрими?

— Тўғри.

— Энди кооператив куртак олаётган пайтда унга «зовур қазимаяпсан» дейиш нотўғри. Бутун дунё тажрибаси шуки, тадбиркорлар кўнгилли бирлашиши орқали ҳеч қандай топшириқларсиз катта ишлар қилинади, катта ижтимоий муаммолар ҳал қилинади. Шу пайтгача қишлоқ хўжалигида ҳаммаси топшириқ билан бўлган, совет меросидан узоқлашганимиз маъносида бу – ҳозир пайдо бўлаётган кооперативлар – буюк ҳодиса. Мен сиздан соҳа вакили сифатида шунга муносабатингизни сўраяпман.

— Бундай савол беришингиз жуда хурсандчилик мен учун. Сиз 100 фоиз ҳақсиз, алтернатив, кооперативми, кластерми, муҳими танлов бўлиши керак ва рақобатчилик кластерлар, фермерлар, ҳаммасининг орасида бўлиши керак. Аммо, хафа бўлмайсиз, ўзимнинг фикримни айтаман: бу – утопия. Интилса бўлади, зўр, лекин бу мен учун утопия.

— Нега?

— Масалан, такрорий экинда, 6-8 ой вақт пахтадан бошқа нарса экишда бирлашса бўлади, нега бирлашишмаган? Ҳеч ким такрорий экинга «буни экасан» деб буйруқ бермайди-ку? Нега улар бирлашиб МТП олишмаган? Манфаати битта-ку буларнинг. Насос станциялари, 20 та  ферма шу ердан сув ичади, нега шу пайтгача бирлашиб таъмирламаган? Биз 2 та насос станцияни давлат хусусий шерикликка олганмиз. Мулк давлатники, биз уни ишлата билишимиз керак, ишлата олганимиздан кейин қилган харажатларимизни фермерларга, яъни сув истеъмолчиларига сочиб юборишимиз керак. Биласизми, қанақа норозиликлар келиб чиқади? «Биз ҳеч қачон сувга пул тўламаганмиз», деган гапларни эшитяпмиз. Охири сармоя киргизиб, эскирган нарсаларни алмаштириб, ҳозир ўн баробар харажатни камайтириб, фермерларга «эй инсонлар, бу сув, сувни олиб келиш учун шунча энергия кетади, хизматини тўланглар», деб тушунтиришга мажбур бўлдим.

Шунинг учун айтяпман, булар ака-ука бўлса ҳам бирлашиши қийин бўлади. Бирлашиб бирор нарсага эришиш мен учун утопия.

— Дунё тажрибаси бизга мутлақо бошқа нарсани айтиб турибди. Энг катта компаниялар, автоконцернлар, электрон соҳалар асосчиларининг ҳаммаси энг оддий нарсадан бошлаб битта катта жамоага айланган. Масалан, Билл Гейтс атрофида дўстлари билан бирлашиб, компания ташкил қилган.

Шокир Шарипов

— Билл Гейтс билан ишлайдиган ҳамкорлари кўп бўлган, эгаси битта бўлган, ҳаммаси улушкор.

— Биз битта нарсага тўхтаб қолмаслигимиз керак, кооперация сизга маъқул бўлмаслиги мумкин, лекин унинг хўжалик юритиш шакллари кўп, муҳими – базавий тамойил шуки, тадбиркорларнинг кўнгилли бирлашиши зарур. Кўнгилли бирлашиши орқасида катта-катта ишлар бўлганини биз дунё миқёсида кўрамиз.

— Улар кўнгилли бирлашса ишлар бузилади-ку, улар бир-бирига рақобатчи фермерлар-ку? Қандай бирлашади рақобатчилик омили бўлса? Йўлнинг нариги бетида 45 центнер ҳосил оляпти, йўлнинг бу бетида 20 центнер ҳам ололмаяпти. Булар бирлашишмайди ҳеч қачон.

— Бир қанча кооперативлар тузилади, ўзаро рақобат бўлади – хўжалик юритиш субъектлари орасида рақобат бўлади. Бу бозор иқтисодиёти тамойили эканлигини ҳамма тан олган.

— Уюшишининг иложи йўқ, булар бир-бирига рақобатчи.

— Йўқ, нега, маълум мақсадларни кўзлаб бирлашишади-ку? Битта фермер қила олмаган ишларни бирлашиб қилса бўлади, шу учун бирлашишади. Бу энди умумқабул қилинган тамойиллар...

— Назарий томондан тўғридир, мен сизга амалий томондан, ҳақиқий синалган томондан айтяпман. Сиз интервюнинг бошида айтдингиз, ҳозир Ўзбекистоннинг вақти йўқ, тез ривожланиши керак деб. Биз тез қадам ташлаяпмиз. Бу экспериментларга вақт йўқ.

— Мен буни эксперимент деб ҳисобламайман, асло. Чунки бу бозор тамойилига мос нарса: эркин қўйинг, фаолиятини бошласин, эртага натижасини кўрамиз. Тамойил шуки, бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодиётни эркин қўйиш керак.

— Мана июнда ерлар дондан бўшайди. Нимага ривожланишмаяпти?

— Энди бу — бу йилдан ҳосил бўлган бирлашмалар.

— Уч йилдан бери шундай бўляпти.

— Йўқ, мен кооперативни айтяпман. Кооперативларнинг ҳўжалик субъектига айланиши – энди амалга ошаётган жараёнлардан. Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш керак. Чунки бу ерда бозор тамойилига мос жараён бошланяпти. Фермерлар танлаб, «мана шу инсонлар билан бирлашаман» деб фаолиятини бошлаяпти.

Шу пайтгача нима учун қилинмади деяпсиз. Қишлоқ хўжалигимиз жуда нотўғри асосларга қурилгани учун: дехқонга эрк бермаслик, эски совет давридан қолган, «инсонни туртиб турмаса, мажбурламаса ишламайди» деган тамойилларга суянилгани учун қишлоқ хўжалигимиз шу даражага етиб келди. Қишлоқ хўжалигидан жуда кўп истеъдодли деҳқонлар чиқиб кетди мана шу давр мобайнида. Нега? Чунки жуда қийин аҳволга солинган эди деҳқон. Аксар асл деҳқонлар чиқиб кетди, бошқа одамлар кириб келди. Биз энди фермерлардан норози бўляпмиз, чунки узоқ муддат давомида асл деҳқонларни чиқариб юборганмиз.

Энди тескарисига ҳаракат қилишимиз керак. Деҳқон ер билан шуғулланишга қайтсин. Бу қийин жараён, лекин бошқа йўл йўқ: ерни севадиган, ерни тушунадиган, деҳқончилик қилиш истеъдоди қонида бор кишиларни қайтариш керак бўлади.

Аҳоли зич ҳудудларда алоҳида ёндашув бўлиши керак, инсонларнинг ички салоҳиятини юзага чиқариш маъносида. Аҳолимизда, қишлоқларда ҳам маълум фоиз одамлар бор – ичида тадбиркорлик қилиш таланти бор одамлар. Халқимиз қадимдан истеъдодли бўлган. Аҳолиси зич ҳудудларда ерларни  истифода этиш тизими кўриниши бошқача тус олиши керак, деган маънога урғу бериб келяпман. Агар биз аҳолиси зич ҳудудларда катта-катта қишлоқ хўжалиги корхоналарини ташкил қилсак, бу ерда истеъдодли инсонларнинг истеъдоди юзага чиқмай қолиши нуқтайи назаридан йўқотиш бўлади.

— Фикрингизга қўшилолмайман. Аҳоли зич жойда саноат ривожланиши керак, бутун дунё сиз айтгандек шу томонга қараб ривожланяпти. Бизнинг корхонада 5 500 нафарга яқин одам ишлайди. Биз таълимга жуда кўп пул ажратамиз, инглиз тилини ўрганаман деган ишчилар бўлса сармоя киритамиз, «IELTS топширолмаяпман, 100 доллар йўқ», деяётганларга ҳам пул берамиз. Неча балл олганини сўраймиз, 7,5 балл деса ўқишга кира олишини айтамиз, оддий операторнинг боласи. Яқинда хурсанд бўлдим, қўриқлаш хизматида ишлайдиган йигит менга: «Аёлим олий таълимга кирди-ю, шартнома пулини тўлашга маблағим йўқ», деб хат ёзяпти...

Менинг фикрим: аҳоли зич жойлашган жойда таълимни қанчалик ўстирсак, инсонлар ўз қобилиятларини ривожлантиришига шунча имконият берган бўламиз. Фақат қишлоқ хўжалиги билан иш битмайди, қишлоқ хўжалигида ер мен учун жуда фалсафий мавзу, бу ерда бутун 35 млн аҳолининг ҳаққи бор. Дейлик, бир иш қилиб, 100 млрд сўм солиқ тўлаймиз, ўша бизнинг ватанимиз ривожига қўшган ҳиссамиз. Шу орқали йўллар қурилади, ойликлар берилади, шундай қилиб ривожланиш бўлади деб ўйлайман.

Дубайни кўрдик, у ерда ишлаб чиқариш деярли йўқ, у ерда фақат хизмат кўрсатиш соҳаси. Уларнинг пахтаси-ю бошқаси нарсаси йўқ, тўғри, нефти бўлган, шундан тўғри фойдаланиб, вазиятни умуман ўзгартириб юборган. Уларнинг муҳандисларини олайлик, соатига фалон пул тўланади, бизда бу пул қурилмани таъмирлашга ишлатилади, энди ўйланг, бизда ҳам ўша савиядаги муҳандислар чиқса. Улар ривожланишга қишлоқ хўжалигидан кўра кўпроқ фойда келтиради-ку? Яна бир бор айтмоқчиман, пахтачилик – мен учун қишлоқ хўжалиги эмас. Бу газ, нефтга ўхшаган саноат хомашёси. Буни ишлатиб биз кўпгина одамга иш жойи ташкил қиламиз, солиқлар тўлаймиз, экспорт қиламиз, бизга ишониб инвестициялар келади. Шу билан биз секин-секин ривожланиб борамиз.  

Ҳалиги гапим эсимдан чиқиб қолибди – 2015 йили пахтани сотиб, 800 млн доллар экспорт қилганмиз, ҳозирги кунда 9 ой ичида тўқимачилик соҳаси 3,5 млрд экспорт қилган. Йилнинг охиригача 4 млрд долларга чиқамиз, деярли 5 баробар ўсиш бўлган, ўша пул Ўзбекистонга кирган, ривожлантиришга ҳиссасини қўшган. Менинг ўйлашимча, тўғри, сиз 100 фоиз ҳақсиз, одам омилини, қобилиятини ривожлантиришимиз керак. Ҳамма нарса инсон учун. Биз ҳам корхонада тизим қилиб яратганмиз. Шунақа шароитлар бўлади, кираётганимда ўрниларидан туришади, «турманглар, ишларингни қилинглар, кераги йўқ туришни, мен ҳам сизларга ўхшаган одам», дейман. Янги ғоялар керак. 

— Ғояга талаб ҳам ўша рақобат муҳитида пайдо бўлади-да. Рақобат бўлмаса, ғоя ҳам керак бўлмайди, чунки «минимум келиб турибди». Мисол учун, рақобат бўлмаса, алтернатив бўлмаса, сиз билан ишлашга кимдир мажбур бўлади ва унинг ҳам ривожланишга стимули йўқ. Чунки фақат битта кластерга бориб ишлаш керак, келиб кейин дам олиш керак. Изланиш деган нарса умуман йўқ.

Сиз саноат дедингиз. Қишлоқ хўжалигида қанчалик субъектлар кўп бўлса, ўша субъектлар эртага рақобат қилиб, саноатни ҳам йўлга қўяди. Чунки стимул бор-да.

Хитой тажрибасини ўрганиб чиқдим, бу ҳақида фильм ҳам қилганман. Бошланиши ўшандан бошланган: аҳолига оз-оздан ер бериб, уларни секин-секин эркин қилиш воситасида қишлоқ оёққа турган, кейин шаҳарни ўзига эргаштириб кетган. Деҳқонлар озгина бойигандан кейин, пулини сарфлайди, уй қуради ва ҳоказо. Шу сабаб Хитой шаҳарларида ишлаб чиқариш қилишга стимул пайдо бўлган. Хитой айнан шу босқичлардан ўтиб, ҳозирги ҳолатига етиб келди. Хитой раҳбарлари коммунист бўлса ҳам, шахсий манфаатнинг фойдасини тушуниб етган.

Корхонада ишлаб, режани бажариб, келиб уйда дам олиш, тўғри, кимгадир ёқади. Лекин ҳаммага эмас-да. Аҳолининг маълум бир қисмида бизнесмен бўлиш истаги бўлади. Айнан уларнинг эвазига Хитой Хитой бўлган. Уларнинг коммунистик мафкурадаги раҳбарлари ҳам буни тушунди, «шу тўғри экан» деб ҳисоблашди. Бориб-бориб, аввал қишлоқ хўжалиги, кейин саноатни эркин қўйиш натижасида, қисқа давр ичра миллионлаб кичик ва ўрта корхоналар қишлоқ ва шаҳарларда ҳосил бўлган. Миллионлаб!

Биз ҳам шу йўлдан боришимиз керак, чунки халқимизнинг хитойликлардан кам жойи йўқ, ўзбек деймиз, ўзига ўзи бек бўлишни истаймиз-да... Шунинг учун, буни стимуллаштириш керак, маъмурий идоралар аралашувини кескин чеклаш керак, бошқа алтернатив йўлимиз йўқ.

— Тўғри айтасиз, Юрий Юсупов деган бир домламиз бор, суҳбатда бўлганман, кўп мунозара қилганмиз. Тўғри, биз ҳам либерал фикрда юрганмиз, ўзимиз чет элларда ўқиб кўрганмиз, лекин ишлаб, жараён ичида юрганда сезяпмизки, базавий муаммолар бор, биринчи ўшаларни бартараф этишимиз керак.

Оддий мисол – ишончсизлик. Фермер дейсизми, оддий ишчи дейсизми, одамлар ишонмайди, ўзгаришга ишонч йўқолиб бўлган. Мисол, биз фабрика қуряпмиз, «сени бундай ишга шунча ойликка оламиз, шундай транспорт берамиз», десак, бунинг тагида нимадир бор деб ўйлайди, бизга ишонч йўқ. Чунки тизим балки шунга обориб қўйгандир.

Мен айтаманки, ана шу базавий – асосий нарсаларни уйғотишимиз керак. Муҳтарам президентимиз айтадилар: «Одамлар уйғонсин, фикрлашни бошласин, сал тушунсин нима бўлаётганини, ўзининг ҳиссасини қўшсин, сан ёшмисан ёнимга келиб ишла», деб мотивация берадилар. Биз тайёрмиз, қиляпмиз. Лекин кўп иллатларимиз бор. Баъзилар «қаердан шунча пул топди бу бола, ким бунга ишониб берди?» деб айтади. Бунга қандай қарашингиз керак?

— Бунинг келиб чиқишига адолатнинг йўқлиги сабаб. Маъмурий идоралар – ўзлари қонунни ҳимоя қилиши керак бўлган идоралар мунтазам қонунни бузиб келаверса, бу оддий одамлар нима қилсин, кимга ишонсин? Кимга ишонишни билмайди. Судлар тўғри қарорлар қабул қилиши керак, ҳокимиятдагилар, ички ишлар қонундан чиқмаслиги керак, шундан кейин халқда ишонч пайдо бўлади.

Сиз айтаётган нарсанинг сабаби шу, шулар оқибатида ишончни йўқотдик. Энди буни қайтариш керак. Авваламбор, маъмурий идоралар ўзлари учун қонунни устивор қўйиб қўйиши керак. Пулни ёки бошқа нарсани эмас. Шу нарсага эришсак, кейин сиз айтган ишонч ҳосил бўлади.

— Бир йўли бор – бизга ўхшаган корхоналар кўпайиши керак, шу корхоналар бўлса, анча-мунча маъмурий идора бизга тазйиқ ўтказишдан олдин ўйлаб кўради. Чунки 5500 га яқин инсон бизга боғлиқ. Бизни инқирозга олиб келса, бутун туман инқирозга учрайди. Юқоридаги одамлар сонини 4 ёки 5  га кўпайтирасиз, ҳаммасининг уйида оиласи бор. Шу учун биз – Янги Ўзбекистон тадбиркорлари тўғри ишласак, ишонч қайтади. Одамлар секин-секин ишониб боряпти. Кейин «рост гапирар экан, мени алдамас экан, ҳаққимни берар экан», дейди.

— Нима деб ўйлайсиз, иқтисодиётда инсофга суяниб бирор нарсага эришса бўладими? Инсоф дегани аниқ бўлмаган нарса. Дейлик, сиз ҳозир маънавий ҳар томонлама яхшисиз, ҳалол-ҳаромни тушунасиз, зулмни, охиратни ўйлайсиз, лекин бошқа сизга ўхшаган ҳамкасабларингиз бор, уларнинг маънавий қиёфаси бошқача. Демак, биз унинг инсофига суяниб қололмаймиз-ку, тўғрими?

Демак, бу ерда «система сдержек» – тийиб туриш тизими керак. Шунақа – тийиб турувчи соғлом муҳит бўлмаса, киши ўзининг салбий томонларини намоён қилади.

— 100 фоиз қўшиламан, бундай ҳамкасбларимиз ҳам бор. Улар ривожланмаяпти. Европанинг катта корхоналарида битта принцип бор, бу – барқарорликни таъминлаш. Буни ижтимоий барқарорлик дейди, экологик барқарорлик дейди. Европалик ҳамкорларимиз бизга «Ишчиларингнинг ҳақ-ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилгансан, исботлаб бер», дейди. Ҳуқуқини поймол қиляпсизми ёки йўқ, шуни исботлашингизни талаб қилади, агар исботлай олмасангиз ҳамкорлик қилмайди. Биласизми, булар бизга қандай буюртма беришади? Ёки яқинда Германиядан келган ҳамкорим билан гаплашяпман, у менга: «Музаффар, икки йилдан кейин сендан ҳеч ким маҳсулот олмайди, Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотини ҳеч ким олмайди, биз биринчилардан бўламиз», деяпти.

Негалигини сўрадим. «Чунки сен сув тежайдиган технологияларда ишламаяпсан, табиатни ўйламаяпсан, бу бизнинг принципларимизга тўғри келмайди, биз бунга бойкот қиламиз», дейди. Ўзи бир бойкотдан зўрға чиқдик, энди иккинчи бойкотга кириб кетиб қоламиз. Биласизми, «система сдержек» дедингиз. Мени шулар уйғонтиради, кўзингни оч, дейди. Айтдим-ку, биз дунё бозорида рақобатчилик қиламиз. Жуда қийин, қўпол қилиб айтсак, «она сутимиз оғзимизга келади». Жуда қийин, айниқса ҳозир шимолда нима бўлаётганини ҳамма билади, Европа сотувни тўхтатган, бизга бир кг матони сотиш шунчалар қийин... Ундан ташқари, мана бу омиллар бор: «сен барқарор ривожланяпсанми? Инсон қадрига етяпсанми? Экологияни ҳимоя қиляпсанми?»

Нечтаси ана шундай деб келяпти, мен ўзим ҳам шу нарсаларни хоҳлайман, нима бўлса ҳам бу бизнинг Ватанимиз – болаларимиз, уларнинг болалари яшайди, Худо хоҳласа. Бу нарсаларга эътибор бермаган маҳсулотни сота олмайди, банкрот бўлади. Чунки 90 фоизи экспортга ишлайди, ички бозорга деярли ҳеч ким сотмайди, сотгани ҳам камдан кам.

Мен энди тўқимачилик соҳаси бўйича гапираман-да. Ўйлашимча, дунё катта бир қишлоқ бўлиб қолган, ҳамма қаерда нима бўлаётганини билади. Қандай қилиб ривожланаётганини жуда яхши билади. Мен айтяпман-ку, ҳар кварталда ҳар куни делегациямиз бор. Ҳар кварталда келиб текширишади. Биз ишончли ҳамкормиз. Ишонч бўлмаса, биз билан ишламайди, биз билан ишламаса инқирозга учраймиз.

— Учкўприкдаги бўлган вазият ҳақида сиздан сўрамоқчи эдим. Кооператив тузилган у ерда, улардан ҳам нима бўлганини эшитдик. Улар пахта етиштиряпти, 5 май куни фермерлар ва кооператив ўртасида шартнома тузилган. Кооператив тузилди, лекин кейин хунук воқеалар юз берди: маъмурий идоралар аралашиб (бу исботланди), кооперативнинг пахтаси сизларнинг корхонангизга олиб кетиляпти.

— Бу саволингизга тўлиқ жавоб бериш учун бу жараёнда иштирок этган бошқа ҳокимият вакилларини ҳам таклиф қилиш керак. Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, биз ҳеч кимни мажбурлаганимиз йўқ, бизда ваколат ҳам, имконият ҳам йўқ. Уларга ўхшаган тадбиркор одаммиз. Лекин ўша кооперация тузилмасининг давлат миқёсида ўз тартиб-интизоми бор, тушунишим бўйича. Булар бўйича туман, вилоят, республика бўйича улар ҳақида баённомалр чиқиши керак. Чунки бу уларга кўп нарсалардан фойдаланишга имконият беради, бу нарсаларнинг ҳеч қайсиси бўлмаган. Бу мен билганим. Менинг вазиятим қанақа? Шартнома тузилган биз билан. Ўша 20 тами ёки қанчадир фермер биз билан шартнома тузган.

— Билишимча, 5 май куни фермерлар корпоратив билан шартнома тузишган.

— Уни мен билмайман, корпоратив билан ҳеч қанақа юридик, ҳуқуқий алоқам, шартномам йўқ. Айтдим-ку, корпоратив нималигини ўзим ҳам яхши тушуниб етган эмасман. Шартномам бор, пахтани олиб киришди. Биз чиқимларининг ҳаммасини қоплаб бердик, «накладной»лар ёзишди, ПКлар топширилди, счёт-фактура қўйилди, энг асосийси пули тўланди, улар пулимизни қайтаргани йўқ, рози бўлмаса, пулимизни қайтарган бўларди ёки топширмасди, шу нарсалар бўлган. Қанақадир тушунмовчилик бўлган. Ундан кейин нима бўлди, биз ундан бехабармиз.

— Минг афсус, минг афсус, бизга келаётган хабарларга кўра (бу фақат Учкўприкдан келмайди, бутун мамлакат бўйича келади), айнан ўша, босимлар қилиш орқали «мақсадга етиш» бизнинг миллий иллатимизга айланиб оляпти. Маъмурий идоралар қандайдир йўлини топяпти... Куни кеча бир тадбиркор билан учрашдим, «биз тадқиқот ўтказяпмиз», деяпти, «биз билмоқчимиз, нега ҳокимлар фармон-қонунларни чеккага суриб қўйишяпти» мавзусида тадқиқот ўтказишяпти...

— Бизга ҳам қизиқ жуда.

— Менга ҳам қизиқ. Бу материал яқинда чиқади. Бу ривожланишнинг томирига болта ураётган нарса. Айнан маъмурий идораларга кириб олган баъзи бир унсурлар мана шу нарсани одатга айлантириб олди ва халқ бундан лол. Бу ёқда яхши қарорлар чиқяпти, бу ёқда эса бунақа ҳаракат. Халқ онгида зиддият пайдо бўлиб, тушунмай қоляпти.

Биласизми, бу – халқнинг бутун потенциалини йўққа чиқариш. Чунки психологик жиҳатдан инсон тушуниши керак воқеликни ва бунинг бўлмаслиги инсон ичидаги захирани йўққа чиқарадиган нарса. Инсон тушунсагина ички салоҳияти юзага чиқади. Бу ҳолат мамлакатимиз ривожига жуда катта салбий таъсир қиляпти.

Биз журналистлар нима қилишни ҳам билмай қолдик: мақолалар ёзяпмиз, фильмлар қиламиз, кўрсатувлар қиламиз, ҳатто болалар тушунадиган даражада мултфилмлар қиламиз. Шу ишни қилаётганлар, бошида турганлар тушуниши учун, қай даражада мамлакатимизга зиён етказишаётганини. Бундан кейин қандай восита қўллашни билмай қолдик... Шу мамлакатда яшаяпмиз ахир ҳаммамиз, қариндошмиз...

Эртамизда нима бўлишини билмаймиз, келажагимизни ҳеч ким кафолатламаган! Миллат бирлашиши керак. Лекин бирлашишга омил бу – адолат. Адолат бўлиши керак, ўша адолатни ҳимоя қилиш вазифаси юклаб қўйилган инсонлар ўз ишини бажариши керак, халқнинг пулидан ойлик оляпти. Халқ хизматкор қилиб қўйибди уларни, халқнинг хизматини қилиши керак. Бунинг ўрнига бундай нарсалар юз бериб турибди...

— Бизнинг ҳам саволларимиз кўп... Лекин фикримча, бу ривожланиш харажатлари. Зудлик билан ислоҳотлар кераклиги кўриняпти. Вазиятни ўзгартирмасак яна қийинчиликка учраймиз, сиз айтгандек дунё бизга қараб, булар қачон ривожланар экан, деб кутиб ўтирмайди ҳеч қачон. Муҳтарам президентимизнинг гаплари бор: «Ташқаридан биров келиб, «ма, ривожлан», деб, қилиб бермайди, ҳаммаси ўзингнинг қўлингда». Сизнинг гапларингизга 100 фоиз қўшиламан, сиз ислоҳотларга даъват қиляпсиз.

Шокир Шарипов суҳбатлашди

Мавзуга оид