Жаҳон | 21:10 / 15.11.2022
7621
2 дақиқада ўқилади

Олтин нархи сўнгги уч ойдаги энг юқори кўрсаткичга чиқди

Бунга доллар курсининг пасайиши сабаб бўлган.

Сешанба кунги савдолар давомида олтин нархи бироз кўтарилди, бироқ бу уч ойлик энг юқори кўрсаткични янгилаш учун етарли бўлди.

Нью-Йорк товар биржасида (NYMEX) олтин учун декабр ойи шартномалари котировкалари 0,2 фоизга ошди - бир троя унцияси учун 1780,4 долларгача. Бу 16 августдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Декабр ойида етказиб бериш учун кумуш нархи 0,7 фоизга тушиб, унция учун 21,97 долларни ташкил қилди.

Палладий нархи 3,2 фоизга кўтарилиб, унцияси 2104 долларга, платина эса 1,1 фоизга ошиб, унцияси 1044 долларга етди.

Олтин нархи ўсишининг асосий омили долларнинг заифлашиши ҳисобланади. Долларнинг асосий олтита жаҳон валютасига нисбатан курси динамикасини кузатувчи ICE U.S. Dollar индекси савдолар пайтида тахминан 0,8 фоизга пасайган.

Бундан ташқари, котировкаларнинг ошишига АҚШ давлат облигациялари даромадининг пасайиши ҳам ёрдам бермоқда, деб ҳисоблайди Bannockburn Global Forex компанияси катта стратеги Марк Чандлер.

«Даромаднинг пасайиши ва заифлашаётган доллар олтинга ўз пойгасини давом эттиришга ёрдам бермоқда», — деди эксперт.

Мавзуга оид