Жаҳон | 22:10 / 17.11.2022
8702
2 дақиқада ўқилади

«Жеймс Уэбб» янги туғилган юлдузнинг фотосуратини кўрсатди 

«Жеймс Уэбб» космик телескопи ҳайратланарли янги суратни тақдим этди. 

Фото: NASA

Унда Савр (Taurus) юлдуз туркумидаги L1527 протоюлдузи тасвирланган.  

Унинг атрофидаги газ ва чанг булутлари фақат инфрақизил нурда кўринадиган ёрқин қум соатини ҳосил қилади. Телескоп Near-Infrared Camera (NIRCam) орқали уларни суратга олишга муваффақ бўлган. 

Кўк ва тўқ сариқ рангли булутлар юлдуз томонидан моддалар самога отилганида пайдо бўладиган бўшлиқларни белгилайди. Ўз навбатида улар атрофдаги моддалар билан тўқнашади. Бундай булутларнинг ранги телескоп билан улар орасидаги чанг қатламларини акс эттиради. 

L1527 юлдузи 0 синфига мансуб протоюлдуз бўлиб, унинг ёши тахминан 100 минг йилга тенг. Астрономик стандартлар бўйича уни жуда ёш юлдуз дейиш мумкин. Шу сабабли у ҳамон чанг ва газ булутлари билан қопланган. 

Аввалроқ «Жеймс Уэбб» телескопи Нептун тасвирлари, Юпитердаги қутб ёғдулари, «Тарантул» юлдуз туркумидаги юлдузлар тўпламини ва ҳатто узоқ самодаги «бармоқ изи»ни ҳам намойиш этган эди.

Мавзуга оид