Иқтисодиёт | 12:34 / 19.11.2022
41854
4 дақиқада ўқилади

Автомобилларни тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи «бош ишончнома» арзонлайди

Автотранспорт воситаларини бошқаришга нисбатан ишончномалар учун бож  камайтирилмоқда. Автотранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказганлик учун шартномалар божи бирхиллаштирилмоқда. Пенсия таъминотига нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришда давлат божи бекор бўлмоқда.  Kun.uz айрим божлар камайтирилишига оид Адлия ва Молия вазирликларининг тушунтиришларини келтиради. 

Фото: Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати

Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун кўриб чиқилди

Нималар ўзгармоқда?

Қонун билан вафот этган фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия таъминотига нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.  

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов бу йўналишда давлат божи камайтирилиши бюджетга тушумларини камайтирмайдими деган саволга жавоб берди.  

Унинг таъкидлашича, айрим давлат божларини камайтириш, бекор қилиш ёки оптималлаштириш маъмурчиликни енгиллаштиради.  

“Чунки битта операция учун битта бож белгиланган бўлади. Божлар камайтирилгандан кейин операциялар ошади, ҳисоб-китоб қилдик. Олдин ишончнома билан расмийлаштириб юрган бўлса, энди олди-сотдига ўтади ва ҳоказо шу орқали йўқотишларни қоплаймиз деб ўйладик. Лекин дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича қарийб 100 млрд маблағ аҳолининг ёнида қолади”, –  деди Султонов. 

Бундан ташқари, гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини, қарз шартномаларини ҳамда автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун табақалашган давлат божи ставкалари бирхиллаштирилиб, ягона ставка миқдорида белгиланган;  

Адлия вазири  Акбар Тошқулов автотранспорт воситаларини расмийлаштиришда  12 хил тоифага бўлиб двигателининг кучи ва ишлаб чиқариш вақтига қараб давлат божлари 3 млн сўмгача бўлганини айтди.

“Натижада фуқароларимиз буни айланиб ўтиш йўли сифатида ишончномалар расмийлаштиришга ўтишган. Охирги йилларда бу ишончномалар сони кўпайиб кетди. Биринчи навбатда йўл жамғармасига ўтказиладиган маблағни камайтирганимиздан кейин ишончномалар камайди. Ноқулайлиги эртага мулк ҳуқуқи ишончнома берувчида сақланиб қолади. Ҳар хил ҳолат бўлди, фуқаролар қийинчиликка дуч келарди. Унификация қилишимиз натижасида бир хил сумма ундирилади. Бунинг натижасида 68 млрд сўм маблағ фуқароларнинг ёнида қоладиган бўлди”, — деди вазир.  

Бошқа ўзгаришлар: 

– Қонун билан автомототранспорт воситаларини бошқаришга ва тасарруф қилишга оид ишончномалар, шунингдек, автомототранспорт воситаларидан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун қариндошлиги бўлмаган бошқа шахслардан ундириладиган давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробаридан 2 баробарига камайтирилган; 

- Қонун билан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган тўловлар миқдори фуқаролар учун тушунарли тарзда баён этилиши ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат божи ставкалари оптималлаштирилган;   

Мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ёки унга ўзгартиришлар киритганлик учун белгиланган давлат божи миқдорлари икки баробарга камайтирилган;  

 – Фуқаролар ўртасида қарз шартномасини тузишда ва ижро этишда эҳтимолий низоларнинг олдини олиш, судлардаги иш юкламасини камайтириш мақсадида, Қонун билан чет эл валютасида ушбу турдаги шартномаларни нотариал тартибда расмийлаштиришда давлат божи миқдорини икки бараварга камайтириш назарда тутилган;  

Мазкур Қонун қабул қилиниши давлат божини ҳисоблашдаги ва ундиришдаги айрим тушунмовчиликларнинг олди олинишини, нотариуслар томонидан давлат божи бўйича имтиёзларни тўғри қўлланишни ҳамда фуқаролар учун давлат божи тўловлари юзасидан енгилликни таъминлайди. Тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг 290 млрдга яқин маблағлари иқтисод қилинишига эришилиши мумкин.

Таъкидланганидек, қонун нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнларини тубдан соддалаштириш, давлат божидан озод қилиш, давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятларига аниқлик киритиш орқали инсонларга енгиллик яратишга қаратилган.  

Мавзуга оид