Спорт | 17:47 / 21.11.2022
22246
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинида ноқонуний қимор ўйинлари реклама қилинди

Фото: Видеодан кадр

2022 йил 20 ноябр куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси ўтказган ўртоқлик учрашувида стадиондаги баннерларда ноқонуний равишда букмекерлик компанияси рекламаси айланиб турди.

Бу Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатларига зид ва ҳатто маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган хатти-ҳаракат ҳисобланади.

Хусусан, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари ва интернетдан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламаси тақиқланади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 176-сонли «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан букмекерлик ва тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш учун хизмат кўрсатиш ёки уни тарқатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Худди шундай ҳаракатлар Жиноят кодексининг 278-моддасига асосан жиноий жавобгарликка сабаб бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бундан ташқари, яқинда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда уларда иштирок этиш билан боғлиқ ноқонуний фаолият учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Kun.uz билан гаплашган Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати ходими рекламалар билан маркетинг бўлими шуғулланганини билдириб, алоҳида изоҳ берилишини маълум қилди.

Фото: ЎФА

Истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги эса ҳолатни ўрганиш ва чора кўриш бўйича ишлар амалга оширилаётганини билдирган.

«Таъкидлаш жоизки, мазкур ўйин трансляциясидаги «ФОНБEТ» букмекерлик хизматларига доир реклама ҳақида бир қатор ижтимоий тармоқларнинг саҳифаларида ҳам танқидий постлар жойлаштирилган.

Агентлик томонидан юқоридаги ҳолатни ўрнатилган тартибда ўрганиш ва қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинади», – дейилади агентлик баёнотида.

Мавзуга оид