Худоёрхоннинг советлар ўлдирган кенжа ўғли. Фансуруллобекнинг аянчли тақдири (2-қисм)
Қўқон хони Худоёрхон ва унинг фарзандларининг ҳаёти жуда чигал кечган. Хон ғарибликда, Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида вафот этган. Унинг фарзандлари ҳам турлича тақдирга дуч келган. Улар орасида кенжа ўғил бўлган Фансуруллобекнинг ҳаёти ҳам аянчли тугаган. Чор Россиясининг «қора рўйхати»га тушганига қарамасдан омон қолган Фансуруллобекни охир-оқибат мустабид совет тузуми йўқ қилган.
Қўқоннинг собиқ хони Худоёрхоннинг тақдири чигал кечган. Аввалига Ўрта Осиёдаги йирик давлатни бошқарган ушбу шахс, кейинчалик руслар босқинидан сўнг Оренбургга сургун қилинади. У ердан қочиб ҳажга боргач, қайтишда ғарибликда вафот этади.
Тарихга назар ташланса, Худоёрхон вафот этгандан сўнг фарзандлари ҳам осон ҳаёт кечирмагани ва уларнинг тақдири ҳам турлича кечганини кўриш мумкин.
Худоёрхон авлодидан бўлган, унинг ўғли Саййид Умарбекнинг набираси Шоҳруҳбек Умаров ўзининг «Худоёрхон авлодлари тарихи» китобида ёзишича, хоннинг 11 нафар фарзанди бўлган.
Ўғиллари – Насриддинбек (1850-1882), Муҳаммад Аминбек (1857-1923), Саййид Умарбек (1863-1928), Ўрмонбек (1867-1883), Ибн Яминбек (1871-1918), ва Фансуруллобек 1872-1931).
Қизлари – Шаҳзодахон (1861-1919), Тўрапошшохон (1863-вафот этган йили аниқ эмас), Хонпошшахон (1867-1930), Моҳзодахон (1867-вафот этган йили аниқ эмас) ва Озодахон (1871-вафот этган йили аниқ эмас).
Хоннинг фарзандлари орасида Фансуруллобек алоҳида ўрин тутади. У аввалига жадидлар ҳаракатига қўшилади. Мунавварқори билан билан бирга газеталар чоп этишда қатнашади. Даврий матбуотда ўз мақолаларини, шеърларини эълон қилади.
Туркистон советлар томонидан эгаллангач умрининг охиригача юрт озод бўлишини орзу қилиб ўтади. Фансуруллобек 1930-йиллар бошида бошланган мустабид Сталин қатағонининг қурбони бўлади.
Худоёрхоннинг кенжа ўғли Фансуруллобекнинг қачон туғилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Унинг туғилган йилини турли тадқиқотчилар турлича ёзишган. Кимдир у 1870 йилда туғилган деса, яна кимдир 1872 йилда дейди.
Таниқли олим Шариф Юсупов ўзининг «Худоёрхон ва Фурқат» китобида 1889 йилда Фурқат Қўқондан Тошкентга кўчиб ўтганда Фансуруллобек 20–22 ёшли йигит бўлган дейди.
Шоҳруҳбек Умаров эса Фансуруллобекни 1872 йилда туғилган деб маълумот беради. Аммо Шариф Юсупов ўз асарида Фансуруллобек отасидан ажраб қолганда 6-7 ёшли бола бўлганини ёзган.
Бу ерда гап Худоёрхоннинг вафоти ҳақида бўлса, Шариф Юсупов собиқ хонни 1879 йилда вафот этган деб ёзган. Шунда Фансуруллобекнинг отасидан айрилганда 6-7 ёшларда бўлгани унинг 1872 йилда туғилганини англатади.
Мабодо Худоёрхоннинг Оғача ойим, Фансуруллобек ва Ўрмонбекларни 1875 йилда Туркистон шаҳрида қолдириб кетгани назарда тутилган бўлса, унда Фансуруллобек 1868 ёки 1869 йилда туғилган бўлиб чиқади.
Шунингдек, Шариф Юсупов ўз асарида Худоёрхон Санкт-Петербургга қараб йўлга чиққанида Фансуруллобек 7-8 ёшли бола бўлганини ёзган. Худоёрхон сафарга 1875 йилда чиққани инобатга олинса, Фансуруллобек 1868 ёки 1869 йилда туғилган бўлиб чиқади.
Фансуруллобек туғилганда отасининг мамлакат шимолидаги анча мулки, жумладан, Жамбил, Чимкент ва Тошкент руслар қўлига ўтиб кетган эди. Шунингдек, рус босқинчилари хонликнинг бошқа шаҳарларига ҳам кўз олайтираётган, умумий манзарада давлатнинг ўзи омонат бўлиб қолган эди.
1873 йилда Худоёрхонга қарши сохта Пўлатхон бошчилигида халқ қўзғолони бошланади. Хоннинг энг ишонган одамлари ва икки ўғли Насриддинбек ҳамда Муҳаммад Аминбеклар қўзғолончилар томонига ўтиб кетади.
Қўзғолончилар Қўқонни эгаллагач Худоёрхоннинг ўғли Насриддинбек хон деб эълон қилинади. 1875 йилда қўзғолончилар томонидан тахтдан ағдарилган Худоёрхон Хўжандга қочади. Ўша пайтда бу шаҳар руслар томонидан эгаллаб олинган эди.
Бир ҳафтадан ошиқроқ Хўжандда турган хон тахти ўғли томонидан эгаллаб олинганини шу шаҳарда эшитади. Шундан сўнг Худоёрхон икки хотини, ўғиллари Ўрмонбек, Фансуруллобек ва Ибн Яминбек ҳамда хос соқчилари ҳамроҳлигида Тошкентга, фон Кауфман олдига қочиб келади.
Собиқ хоннинг Тошкентда яшаши рус истилочилари учун хавфли эди. Худоёрхоннинг бир пайтлар ўзи бошқарган Тошкент ва унинг атрофидаги музофотларда обрўси баланд, исталган пайтда унинг биргина ишораси билан халқ русларга қарши кўтарилиши мумкин эди.
Шу сабабли фон Кауфман Худоёрхонга Санкт-Петербургда император у билан кўришмоқчи эканини айтиб, 1875 йилда уни йўлга чиқариб юборади. Фон Кауфман хонни сафарга йўллагач, Оренбург генерал-губернаторига уни тўхтатиб қолиш ва Қўқон хонлиги забт этилгунча узоқ муддат уй қамоғида сақлаш ҳақида ёзиб юборади.
Худоёрхон Санкт-Петербургга қараб йўлга чиқар экан, севимли хотини Оғача ойим ва икки ўғли, Ўрмонбек ва Фансуруллобеклар у билан бирга сафарга чиқади.
Худоёрхон Кауфманнинг император сиз билан кўришмоқчи деган гапидан бошданоқ шубҳаланади. Шу сабабли Туркистонга етиб боргач, хотини ва ўғилларини шу ерда яшовчи танишларникида қолдириб, сафарни давом эттиради.
Худоёрхоннинг шубҳалари тўғри чиқади ва собиқ хон Оренбургга етиб боргач у ерда уй қамоғида ушланади.
1877 йилда Худоёрхон Оренбургдан қочади ва Арабистонга бориб ҳаж амалларини бажаради. 1879 йилда ортга қайтишда, Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳри яқинида вафот этади ва шу ерга дафн қилинади.
Эрининг тақдиридан бехабар бўлган Оғача ойим икки фарзанди билан Туркистонда яшашда давом этади. 1879 йилда Худоёрхоннинг вафоти ҳақидаги хабар етиб келгач, у икки ўғлини олиб Тошкентга қайтади. Бу пайтда Худоёрхоннинг уч ўғли – Муҳаммад Аминбек, Муҳаммад Умарбек ва Ибн Яминбек Тошкентда яшаётган эди.
Оғача ойим уларнинг ёрдами билан Занжирлик маҳалласида, Олимхўжа исмли одамнинг уйида Фансуруллобек ва Ўрмонбек билан бирга яшай бошлайди. 1883 йилда Ўрмонбек 18 ёшда шу ҳовлида вафот этади. Шундан сўнг Оғача ойим Фансуруллобек билан қолади.
Фансуруллобек аввал Туркистонда, кейин Тошкентда эски мактабда таҳсил олади. Сўнг рус-тузем мактабида ўқийди. Мактабни тугатиб Шайх Ҳованди Тоҳурдаги (Шайхонтоҳурнинг эски номи) Эшонқули додхоҳ мадрасасида ўқий бошлайди.
Шариф Юсуповнинг ёзишича, Фансуруллобек мадрасада аруз илмини чуқур ўрганади ва собиқ хоннинг фарзандлари орасида ягона шоир бўлиб етишиб чиқади.
Фансуруллобекнинг ғазал ва мухаммаслари XIX аср охири, XX аср бошларида тартиб берилган қўлёзма ва тошбосма баёзларда тез-тез учраб туради. Фансуруллобек Хисрав тахаллуси билан ижод қилган.
Фансуруллобекнинг нега Хисрав тахаллусини олгани ҳақида унинг невара куёви, таниқли олим Фузаил Исломов шундай ёзади:
«Фансуруллобекнинг Хисравбек исмли ёлғиз ўғли бўлган ва Тошкентда вафот этган. Шундан сўнг Фансуруллобек ўғлининг номини ўзига тахаллус қилиб олган экан. Хисравнинг ғазал ва мухаммасларини Шарқшунослик институти фондидаги босма манбаларда кўрдим».
Фузайл Исломовнинг шахсий кутубхонасида сақланган Фузулий девонининг сўнгида Фансуруллобекнинг Навоий ғазалига ёзган мухаммаси ҳам бўлган.
Фансуруллобек ва генерал Жўрабек
Фансуруллобек улғайганда собиқ Китоб беги, Россия империяси томонидан генерал унвони берилган Жўрабекнинг қизига ўйланади. Фансуруллобекнинг собиқ Китоб бегининг қизига уйланишининг ҳам қизиқ тарихи бор.
Юқорида Худоёрхон вафотидан сўнг унинг севимли хотини Оғача ойим Туркистондан қайтиб келиб Тошкентда яшай бошлагани ҳақида ёзилганди.
Ўша пайтларда Чор Россияси ҳарбийларига қарши мардонавор жанг қилиб енгилган Китоб бегини Худоёрхон фон Кауфманга тутиб берган у ҳам Тошкентда яшайди.
Шариф Юсуповнинг ёзишича, Оғача ойим Тошкентда яшар экан, генерал Жўрабек унга уйланишга қарор қилади. Аммо аёл кўнмайди. Шундан сўнг Жўрабек Оғача ойимга дўқ-пўписа ҳам қилиб кўради.
Оғача ойимдан «Мен хон хотиниман, саллотнинг тенги эмасман» деб жавоб эшитган Жўрабек шундан сўнг аёлни тинч қўяди.
Жўрабек нега Оғача ойимга уйланишга қарор қилгани ҳақида аниқ гаплар йўқ. Балки бек бир пайтлар ўзини фон Кауфманга тутиб берган Худоёрхондан, гарчи Қўқоннинг собиқ хони вафот этиб кетган бўлса-да, шу тахлитда ўч олишга уринган бўлиши ҳам мумкин.
Фансуруллобек улғайгач Жўрабек уни куёв қилиш пайига тушади. Оғача ойим ҳам унинг бу таклифига қаршилик билдирмайди. Шу тариқа собиқ хоннинг кенжа ўғли Жўрабекка куёв бўлади.
Фансуруллобек ва Фурқат
1889 йилда Фурқат Қўқондан Тошкентга кўчиб ўтганда Худоёрхоннинг тўрт ўғли – Муҳаммад Аминбек, Муҳаммад Умарбек, Ибн Яминбек ва Фансуруллобек бу шаҳарда яшаётганди.
Шариф Юсуповнинг «Худоёрхон ва Фурқат» китобида келтирилишича, шоир ва собиқ хоннинг ўғиллари тез орада танишиб, ўзаро алоқаларни йўлга қўйишади.
«Хон ўғилларидан Муҳаммад Аминбек ва Ибн Яминбек «Туркистон вилояти газети»да узоқ вақт ҳамкорлик қилганликларида ҳам Фурқатнинг ўзига хос хизмати бўлса керак. Тез орада шоир Худоёрхонни меҳр билан тасвирловчи мухаммаси ҳамда «Аҳволот»ини ёзиб, эл-юртга маълум қилганидан кейин улар ўртасидаги дўстлик ришталари яна ҳам мустаҳкамланиб кетган кўринади», дейди Шариф Юсупов.
Фурқат Тошкентга кўчиб ўтганда Фансуруллобек 20–22 ёшларда бўлган. Бу пайтда Фурқат адабий муҳитда анча танилиб қолган эди. Худоёрхон ўғиллари билан танишар экан, шоир уларнинг кенжаси бўлган Фансуруллобек билан энг яқин алоқаларда бўлади.
Кейинчалик Фурқатга ўз шеърий машқларини кўрсатиб, ундан маслаҳатлар олиб туради. Шоир Фансуруллобек яшаган Занжирли маҳалласидаги ҳовлига кўп марта бориб меҳмон бўлади.
Ана шу пайтларда Фурқат Худоёрхон ҳақида «Мухаммас Муҳаммад Худоёрхон тилидан» деб номланган мухаммасни ёзади. Ўша пайтда мухаммас «Туркистон вилоятининг газети» газетасида эълон қилинади. Бироз ўтиб шоир бу мухаммасни Остроумов ёрдамида рус тилига таржима қилдириб Россия Археология жамияти шарқшунослик бўлимининг «Ахбороти»да ҳам чоп эттиради.
Кейинчалик Фурқат саёҳатга чиқиб, турли ўлкаларда юрганида ҳам, Шарқий Туркистондаги Ёркент шаҳрида турғун яшаб қолганида ҳам Фансуруллобек билан алоқаларни узмайди ва у билан ўзаро мактуб ёзишиб туради.
Фурқат дунё кезиш учун саёҳат қилар экан, Истанбулга борганида дўстларни соғиниб «Сабоға хитоб» шеърий мактубини ёзади. Шоир ушбу шеърий мактубида кўплаб дўстлари қатори Фансуруллобекни ҳам эслаганди.
«Сабоға хитоб» шеърий мактубининг Фансуруллобек ҳақидаги қисмида қўйидаги мисралар ҳам ёзилган:
Чиқиб андин дағи бир кўчаи тор,
Бегим ҳовлиси анда, жаҳд ила бор.
Бегим, жоним, афандим Фансуруллоҳ,
Зиҳи шаҳзодаи зул иззазул жоҳ.
На ман танҳо, улус шаҳзодасидир,
Ҳама шаҳзодалар озодасидур.
Кириб кўргонда ер ўпқил, дуо қил,
Кўзунгга хоки пойин тўтиё қил.
Шариф Юсуповнинг ёзишича, Фурқат мазкур шеърий мактубида тасвирлаган «кўчаи тордаги бегим ҳовлиси» Фансуруллобек онаси Оғача ойим билан Туркистондан қайтиб келиб яшай бошлаган Занжирлик маҳалласидаги уй ҳисобланади.
Фурқатнинг «Сабоға хитоб» шеърий мактуби 1892 йилда «Туркистон вилоятининг газети» газетасида эълон қилинади.
Кейинчалик Фурқатнинг ушбу асарини тадқиқ қилган Мақсуд Шайхзода шеърий мактубда шоирнинг 28 дўсти ҳақида қимматли маълумотлар борлигини ёзган.
Аммо Фурқатнинг совет даврида чоп этилган китобларида, жумладан «Танланган асарлар»ида берилган «Сабоға хитоб» шеърий мактубида шоирнинг 28 эмас, 27 нафар дўсти ҳақида маълумотлар берилган.
Ўзбек халқининг октябр тўнтаришидан олдинги тарихи қоралаб тасвирланган манфур совет тузуми даврида шеърий мактубнинг Фансуруллобек ҳақидаги ўн бир байтдан (1 байт – икки мисра) иборат қисми ўчириб юборилган.
Умуман олганда совет даврида нафақат Худоёрхон ва унинг авлодлари, балки ўзбек халқининг бошқа тарихий шахслари ҳақида фақат қоралаб ёзиш мумкин эди.
Фансуруллобек жадид газеталарида
Фансуруллобек мадрасада кўплаб фанларни яхши ўзлаштириш билан бирга, рус-тузем мактабида ўқиб, рус тилини ҳам яхши ўрганиб олади.
Шундан сўнг у илк жадид матбуотининг шаклланишида фаол иштирок этади. Мунавварқори Абдурашидов билан бирга кўплаб сафарларга боради. У билан бирга янги давр маърифатини қизғин тарғиб қилади.
1907 йилда Мунавварқори Абдурашидов ношир ва муҳаррир сифатида жадидларнинг ўлкадаги илк газетаси «Хуршид»ни чоп эттира бошлайди. Табиийки, Мунавварқори газета ишига Фансуруллобекни ҳам жалб қилади.
Фансуруллобек бу газетада ўз мақолаларини бера бошлайди. «Хуршид» газетаси чор ҳукумати томонидан ёпиб қўйилгач бошқа бир қатор газеталарда, жумладан «Осиё», «Ҳақиқат» ва «Суръат» газеталарида ўз мақолаларини эълон қилади.
Фансуруллобекнинг жадидчилик ҳаракатларида иштирок этиши Чор Россиясининг Туркистон ўлкасидаги раҳбарлари эътиборига тушади. Улар Фансуруллобекни алоҳида хавфли шахслар рўйхатига тиркаб қўйишади.
Шоҳруҳбек Умаровнинг ёзишича, ўша пайтда Тошкент шаҳар ҳокими (Тошкент шаҳрини 1907-1917 йиллар оралиғида Николай Малиций бошқарган) Петербургдаги махфий хизмат маҳкамаларига Фансуруллобек ҳақида шундай маълумот берган:
«Фансуруллобек Худоёрхонов (унинг исм-шарифи ҳужжатларда шундай бўлган) шубҳали қарашлари учун Туркистондан чиқиб кетишга мажбур қилинган Фурқатнинг мухлиси, у билан Тошкентдалигида бир неча бор уйида, кейин Жўрабекнинг Қорасувдаги боғида суҳбатлар қурган. Туркистон истиқлолини истайдиган шахслар билан борди-келди қилади. Жадид матбуотида шоир ва журналист сифатида қатнашиб келади. Ёши 35-40 ларда, тарбияли, маълумотли шаҳзодаларга хос назокатли. Русча гапиради ва ёза олади, дунёқараши инқилобий. Бир ўғил ва икки қизи бор».
Фансуруллобек совет даврида
1917 йилда содир этилган тўнтариш том маънода Марказий Осиёда яшовчи халқлар бошига оғир кулфатлар келтирди. Ўша пайтгача Қўқон хонлиги Россия империясига қўшиб юборилган бўлса-да, Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги ярим вассал ҳолда бўлса ҳам давлат сифатида сақланиб қолаётганди.
Инқилобдан кейин советлар уларни ҳам босиб олди ва минтақа бутунича советларга мустамлака бўлди.
Октябр тўнтаришидан бироз ўтиб Ленин «Россия ва Шарқнинг барча меҳнаткаш мусулмонларига» деб аталган машҳур мурожаатини эълон қилади. Мурожаатда шарқнинг кўплаб халқлари қатори Ўрта Осиё аҳолиси ҳам Чор Россияси зулми остида эзилгани, энди ўз тақдири ўз қўлида экани айтилади.
Лениннинг бу мурожаати ўлка аҳолисини жуда хурсанд қилади. Шундан сўнг Туркистон мухториятини тузиш ҳаракатлари бошланади. Аммо манфур Ленин бир томондан «энди ўз тақдирларинг ўзларингнинг қўлларингда» деб, иккинчи томондан Туркистонни советлар чангалида сақлаб қолиш учун бу ерга Фрунзе бошчилигидаги армияни жўнатади. Бу армия кўп қирғинлар ўтказиб, ўлкани советлар измига бўйсундиради.
Кейинчалик, совет ҳукумати ўз мавқейини мустаҳкамлаб олгач, 1928 йилдан бошлаб коллективлаштириш баҳонасида аввалига бойларнинг, кейинчалик ўртаҳолларнинг барча мол-мулклари тортиб олинади ва ўзлари қулоқ сифатида сургун қилинади. Кейин эса Сталин қатағонлари бошланади ва энди ўлкадаги маърифатпарвар одамларни сиёсий айблар билан қамаб, йўқ қила бошлашади.
Шоҳруҳбек Умаровнинг ёзишича, Фансуруллобек Россияда содир этилган феврал инқилобидан кейин Туркистонни озод қилиш мақсадида тузилган бир қатор сиёсий ташкилотлар сафига киради.
Туркистон мухторияти куч билан тарқатиб юборилгач Фансуруллобек юртни озод кўриш истаги ҳақидаги ўзининг сиёсий қарашларини пинҳон тутишга мажбур бўлади.
Аммо манфур тузумнинг исковучлари Фансуруллоҳ Худоёровни (Фансуруллобек манфур совет тузуми пайтида исмидаги бек, фамилиясидаги хон қўшимчаларини олдириб ташлаган) бир дақиқа ҳам эътибордан қочирмаган, шунчаки қулай вақт келишини пойлар эди.
1929 йилда аввалига давлат сиёсий бошқармаси (Государственное политическое управление (ГПУ – НКВД тузилмасдан олдин давлат хавфсизлик хизмати шу ном билан аталган) томонидан Фансуруллобекнинг яқин маслакдоши Мунавварқори ҳибсга олинади. Кейин эса манфур советларнинг қонли қиличи Фансуруллобекнинг боши узра айлана бошлайди ва 1930 йилда уни ҳам қамоққа олишади.
1931 йилда Мунавварқори отиб ташланади. Фансуруллобек эса турмада вафот этади. Бу икки шахс октябр тўнтаришидан кейин бошланган Сталин қатағонларининг илк қурбонларидан бўлишади.
Шоҳруҳбек Умаровнинг ёзишича, Фансуруллобекнинг жасади турмада қолиб кетади ва уни соқчилар дафн этишади. Собиқ Қўқон хони Худоёрхоннинг кенжа фарзанди бўлган Фансуруллобекнинг ҳаёти шу тарзда аянчли якун топади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.