Ўзбекистон | 15:22 / 28.11.2022
23239
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда фуқарони тепган маҳалла раиси ишдан олинди

Яккасарой туманидаги Армуғон маҳалласи раиси Аъзам Қодиров ишдан бўшатилди. Интернетда тарқалган видеодан кўринишича, раис ногиронлиги бор шахсни аллақандай бино олдидан ҳайдаб соларкан, уни орқасидан тепиб йиқитган.

Туман ҳокимлиги видеодаги шахс Армуғон маҳалласи раиси Аъзам Қодиров эканини тасдиқлади.

Бу масалада бугун, 28 ноябр куни маҳалла гузарида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда туман ҳокимлиги Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари О.Рихсибоев, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қуватлаш бўлими бошлиғи И.Ҳайитхўжаев ҳамда унинг маслаҳатчиси Т.Сайфуллаев иштирок этган.

Йиғилишда маҳалла раиси “ўз лавозимига номуносиб хатти-ҳаракатлари” учун лавозимидан озод этилган.

Тошкент шаҳар ИИББдан маълум қилишларича, воқеа 27 ноябр куни тахминан соат 12.30ларда рўй берган: 1963 йилда туғилган Аъзам Қодиров жамоат жойида, яъни Яккасарой тумани КХАЙ кўчасида 1973 йилда туғилган И.И.ни ўзаро оғзаки можаро сабабли бир марта орқасидан тепган.

Ҳолат юзасидан МЖтКнинг 183-моддаси ("Майда безорилик") билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Суд томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилиши таъминланади, дейилади хабарда.

Ўтган ҳафта Самарқандда маҳалланинг қиморбоз раиси ишдан олинган эди.

Мавзуга оид