Спорт | 15:59 / 29.11.2022
2437
3 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

2022 йил 28 ноябр куни Ўзбекистон бокс федерацияси 14-26 ноябрь кунлари Испаниянинг Ла Нусия шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати якунларини эълон қилди. Дунёнинг 74 давлатидан боксчилар иштирок этган чемпионат якунларига кўра, республикамиз терма жамоаси 10 та медални қўлга киритиб, турнир жадвалида пешқадамлик қилди.

“Бу чинакам тарихий воқеа: Ўзбекистон илк бор ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Қолаверса, сўнгги икки босқич бир хил кескин ўтди, чунки ярим финалда уч нафар йигитимизга кубалик таниқли боксчилар қаршилик кўрсатишди, қозоғистонлик спортчилар билан бўлган принципиал жанглар эса финалга ўзгача драматиклик бағишлади. «Олтин»дан тортиб «бронза»гача бўлган ҳар қандай қийматдаги медалларни нафақат йигитлар, балки терма жамоанинг иқтидорли қизлари ҳам қўлга киритишганлиги муҳим ва қадрлидир. Асосий натижа эса шундай: ҳозирги юлдузларимиз бугуннинг ўзида муносиб ўринбосарларга эга бўлишди, республикамиз боксини эса катта келажак кутмоқда”, — деди Ўзбекистон бокс федерацияси раиси ўринбосари Сакен Пўлатов.

Ўзбекистон терма жамоаси таркибида чемпионатга жами 20 нафар спортчи (12 йигит ва 8 қиз) йўл олишди. Зафарли ўйин терма жамоамиз ҳисобига 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини келтирди ва бу ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор боксчиларимизга медаллар жадвалида сўзсиз етакчиликни таъминлади.

«Олтин»:

  • 48 кг - Гулсевар Ғаниева
  • 57 кг - Бахтиёр Асадов
  • 67 кг - Жавоҳир Умматалиев
  • 71 кг - Фазлиддин Эркинбоев
  • 75 кг - Тўрабек Xабибуллаев

«Кумуш»:

  • 70 кг - Азиза Зокирова
  • 80 кг - Раҳматилло Бойматов
  • 81 кг - Олтиной Сотимбоева

«Бронза»:

  • 54 кг – Хўжаназар Нортожиев
  • 75 кг - Саҳобат Ҳусанова

Эслатиб ўтамиз, яқинда Амманда (Иордания) бокс бўйича якунланган Осиё чемпионатида Ўзбекистон катталар терма жамоаси ҳам биринчи умумжамоавий ўринни қўлга киритган эди.

Мавзуга оид