Аксилмонопол қўмита вакили 8,4 млрд сўмлик платформа бўйича муносабат билдирди
Қўмита вакилининг тушунтиришича, “Online Mahalla” ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун тендер ўтказилмагани ҳукуматда ана шундай ваколат борлиги билан боғлиқ. Маълум бўлишича, жами давлат харидларининг ярмидан кўпи тўғридан тўғри тузилган шартномаларга тўғри келади.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги “Online Mahalla” ахборот тизимини яратиш учун 8,4 млрд сўм ажратгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Масаланинг саволли жиҳатлари қуйидагилар:
- Битта онлайн платформа учун 8,4 млрд сўм нарх қанчалик асосланган ва бу шиширилмаганми? Бунга баҳо бериш учун мустақил дастурчиларга керак бўладиган техник топшириқнома ҳалигача очиқланмаган.
- Нима сабабдан кичик бўлмаган бундай қийматдаги давлат буюртмаси тендер асосида эмас, тўғридан тўғри берилган?
- Буюртмани ҳеч бир танловсиз қўлга киритган “Realsoft” МЧЖ ўз сайтида мижозлари сифатида Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Молия, Сув хўжалиги, Қишлоқ хўжалиги, Адлия ва Маҳалла вазирликлари, Солиқ қўмитаси, Антимонопол қўмита, шаҳар ва вилоят ҳокимликларини санаб ўтган. Битта компания мунтазам равишда давлат буюртмаларини олиб келаётгани текширувлар учун асос бўлмайдими?
- “Online Mahalla” платформасини ишлаб чиқиш учун IT-компанияни тендер ўтказмасдан, истисно тариқасида тўғридан тўғри танлаш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори нега очиқ эълон қилинмаган?
30 ноябр куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот анжумани ўтказди. Унда Kun.uz мухбири 8,4 миллиардлик буюртманинг тўғридан тўғри шартнома асосида “Realsoft”га берилгани, бу компаниянинг асосий мижозлари давлат органлари эканидан келиб чиқиб, қўмитанинг ҳолатга муносабатини сўради.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси департамент директори Мирзоҳид Комилов тўғридан тўғри шартнома қонун доирасида тузилганини айтди.
“Бу нарса қонунчилик билан тақиқланмаган, яъни “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 71-моддасига кўра, президентда, ҳукуматда шундай ваколатлар бор. Бу ваколатлардан фойдаланган ҳолда жамият, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик ишларини амалга оширишда тўғридан тўғри харидларга рухсат берилади.
Биттагина бу ҳолат эмас. Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилда тўғридан тўғри харидлар сони жами харидларнинг 50 фоиздан юқорисини ташкил қилади. Бугунги кунда 2022 йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича тўғридан тўғри харидлар 50 фоиздан кўпроқни ташкил қилмоқда.
Халқ ва жамият деган нақлдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳамма нарса маҳаллабай ишлаш тизимида аҳолига хизматларни тезроқ етказиб бериш мақсадида шундай қарор қабул қилинган деган хулоса чиқарсак бўлади”, – деди у.
Комиловнинг қўшимча қилишича, жами давлат харидларининг ярмидан кўпи тўғридан тўғри харидларга тўғри келишининг бошқа сабаби ҳам бор.
“3953-сонли президент қарорида 44 дан ошиқ товарлар рўйхати белгиланган. Шу рўйхатларга киритилган товарларнинг оператив равишда харидларини амалга ошириш учун тўғридан тўғри харид қилишга рухсат берилган.
Бундан ташқари, республикамиз ҳудудида ишлаб чиқарувчилар ва ягона етказиб берувчилар реестри юритилади. Мана шу давлат реестрига киритилган тадбиркорлардан ҳам тўғридан тўғри харидлар амалга оширилган”, – дея тушунтирди Аксилмонопол орган расмийси.