Жамият | 19:08 / 01.12.2022
17742
3 дақиқада ўқилади

«Ўз жонига қасд қилиш – Аллоҳ берган омонатга хиёнатдир» – Ҳомиджон Ишматбеков

Имтиҳонларнинг барчасини Аллоҳдан деб билган киши – ҳақиқий ҳидоятдаги мўминдир. Аллоҳни яхши танимагани учун дунёвий мусибатлар туфайли ўз жонига қасд қиладиганларнинг борлиги ачинарли. Бу Аллоҳ ҳаром қилган гуноҳи кабирадир, дейди муфтий ўринбосари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков мурожаат билан чиқиб, Аллоҳ берган умр неъмати ва унга қасд қилмаслик кераклиги ҳақида маълумот берди.

«Имтиҳон учун яратилган инсоннинг умрида яхшиликлар ҳам ва мусибатлар ҳам бўлади. Бу олдиндан маълум ҳам қилиб қўйдик. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, биз сизларни турли-туман йўллар билан синаймиз, хавф-хатар билан, жонингизга талафот етказиш билан, молларингизга, экинларингизга офат-балолар юбориш билан сизларни имтиҳон қиламиз».

Имтиҳонларнинг барчасини Аллоҳдан деб билган киши – ҳақиқий ҳидоятдаги мўминдир. Аллоҳ таоло бу синовлардан фақатгина Ўзига суяниб, сабр билан ўтишни тавсия қилган: «Албатта, Аллоҳ таоло сабр қилгувчилар билан биргадир».

Баъзилар эътиқодлари сустлиги ва Аллоҳни яхши танимагани учун дунёвий мусибатлар туфайли ўз жонига қасд қиладиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу Аллоҳ таоло ҳаром қилган, кабира гуноҳлардандир.

«Аллоҳ таоло: Ким ўзининг жонига қасд қилса, бандам унга келган мусибатга сабр қилмай, жонига қасд қилган экан, мен унга жаннатни ҳаром қилдим, дейди», - дейилади ҳадиси қудсийда. Бу Аллоҳ берган омонатга хиёнатдир. Ҳадисларда ўз жонига қай тарзда қасд қилинган бўлса, охиратда ҳам шу йўсинда жазоланиши айтилган.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳам қанчалик синовлар берди: етимлик, фарзанд доғлари, қийинчиликлар. Аллоҳ таоло олдинги пайғамбарларни мисол келтириб, «сиз ҳам шу йўлдасиз», дея Набий алайҳиссаломга тасалли берарди.

Ҳаётдан тўйганлар, жонига қасд қилмоқчи бўлганлар ўйлаб кўрсин: қайси мусибатлари пайғамбарларнинг мусибатларидан ўтиб кетди. Аллоҳ таоло ўша мусибатларни кимларнингдир гуноҳларига каффорат бўлиши учун, кимларнингдир сабрига мукофот бериш учун юборади.

Бугун ўткинчи, маиший нарсаларга ҳам сабр қилиб, уларнинг муолажасини қилиш ўрнига, жонига қасд қилганлар – ўзларига абадул-абад азоб-уқубатларни «сотиб олаётганини» англаш керак.

Ҳозирги кунда кўплаб аёллар ва ёшларнинг ўз жонига суиқасд қилишлари бизни ҳам безовта қилмоқда. Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Мўмин – мўминга биродар. Ўзига нимани хоҳласа, биродарига ҳам ўшани хоҳламагани учун комил мусулмон бўлмайди», деган. Шунинг учун биз юртдошларимизни бундай гуноҳлардан огоҳлантириб, унинг оқибатлари ҳақида эслатиб турамиз», - дейди Ҳомиджон Ишматбеков.

Мавзуга оид