Спорт | 09:33 / 04.12.2022
27639
5 дақиқада ўқилади

Пеле оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Бутун дунё бўйлаб уни қўллаб-қувватлашмоқда

Уч карра жаҳон чемпиони ва футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири Пеле оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.

Камерунга қарши ўйинда мухлислар Пелени қўлламоқда. Фото: Tribuna.uz

Бир йил муқаддам йўғон ичакдаги ўсимтасини жарроҳлик йўли билан олдириб ташлаган 82 ёшли Пеле 29 ноябр куни Сан-Паулудаги шифохонага ётқизилганди, ўшанда бу ҳар ойдаги одатий ташриф экани айтилганди.

Ўтган ҳафтада Пелега нафас йўллари инфекцияси ташхиси қўйилди, жума куни Сан-Паулудаги Альберт Эйнштейн шифохонасида унинг ҳолати барқарорлашгани хабар қилинди.

Аммо 3 декабр куни Бразилиядан Пеле энди химиятерапияга реакция қилмаётгани ва паллиатив (беморга вақтинча енгиллик берувчи дори ёки восита) курс ёрдами олаётгани ҳақида хабарлар келди.

Шанба куни кечқурун Сан-Паулудаги шифохонадан Пеле «ҳамон даволанишда давом этаётгани ва унинг ҳолати барқарорлигича қолаётгани» хабар қилинди.

Шанба куни унинг ўзи «кучли ва умидга тўла» экани ҳақида хабар қилди. «Мен ҳар бир киши хотиржам бўлиши ва позитив қолишини истайман», дейилади Пеленинг инстаграм саҳифасида.

«Қирол учун ибодат қилинг»

Буюк футболчини қўллаб-қувватлаш сўзлари бутун дунёдан келмоқда.

«Қирол учун ибодат қилинг», - дея ёзди Франция термаси ҳужумчиси, айни вақтда жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Килиан Мбаппе.

Пеле - ҳамон Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб қолмоқда. Фото: Getty Images 

Жаҳон чемпионатининг уч карра ғолиби 2021 йил сентябрида йўғон ичакдаги ўсимтасини жарроҳлик йўли билан олдириб ташлаган ва шундан буён доимий равишда даволаниш курсларини ўтаб келаётганди. 2022 йилда учта хавфли ўсма ва сийдик йўллари инфекциясини даволаш учун икки марта шифохонага ётқизилган эди. 

Шанба куни Англия терма жамоаси сардори Ҳарри Кейн шундай деди: «Унинг касаллиги ҳақидаги ҳақидаги хабарни эшитиб жуда хафа бўлдик, аммо биз, бутун Англия терма жамоаси унга саломатлик тилаймиз. У илҳомлантиради, ақл бовар қилмас инсон».

Германиялик собиқ жаҳон чемпиони Юрген Клинсманн шанба куни BBC’нинг жаҳон чемпионати бўйича эфирида шундай деди: «Пеле - шунчаки ажойиб инсон. Жаҳон футболидаги тенги йўқ шахс. Биз шунчаки дуода бўлишимиз ва яхшиликдан умид қилишимиз мумкин, аммо бу жуда қайғули хабар».

Аргентиналик собиқ ҳимоячи Пабло Сабалета BBC эфирида қўшимча қилди: «Пеле ҳақида бундай хабар эшитиш жуда қайғули. У бизнинг барчамизни майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам илҳомлантирган. У ҳамиша буюк инсон бўлиб қолган».

«Халифа» стадиони яқинидаги «Аспайр» минорасида Пеле сурати. Фото: Getty Images 

Жаҳон чемпионати мезбони бўлмиш Қатар ҳам Пелени бинолардан бирида «Тезроқ соғайиб кетинг» ёзувини акс эттирган ҳолда қўллаб-қувватлади.

18 декабр куни жаҳон чемпионати финали ўтказиладиган Доҳадаги «Лусайл» стадиони ва «Халифа» стадиони ёнидаги «Аспайр» минораси Пеленинг суратлари билан безатилди.

Унинг соғлиги ҳақидаги дастлабки хавотирлар чоршанба куни ESPN Brasil телеканали Пеле шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар бериши ортидан пайдо бўлганди, ўшанда унинг қизи Кели Насименту отасининг ёнида бўлган.

Жума куни Пеле хайрихоҳларига яхши кайфият учун миннатдорчилик билдирди ва унинг шифохонага келиши - одатий ташриф эканини айтди.

Пеле (унинг ҳақиқий исми Эдсон Арантис ду Насименту) шу вақтга қадар Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади, у 92 ўйинда 77 гол урган, тўрт бор жаҳон чемпионатларида қатнашиб, бу турнирларнинг барчасида рақиблар дарвозаларини ишғол этган, уч бор жаҳон чемпиони бўлган (1958, 1962, 1970) ягона футболчи ҳисобланади.

У Бразилияда тўп сурган ягона клуб бўлиб қолган «Сантос» твиттерда шундай ёзди: «Қирол Пеле, бутун дунё сизга фақат энг яхши тилакларни тилайди».

Мавзуга оид