Оҳангаронда Spark пиёдани уриб юборди
Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида инсон ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлди.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Spark ҳайдовчиси пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда ЙҲХХ матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳодиса 13 декабр куни соат 9:45 ларда Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган Олмалиқ-Тошкент йўлида юз берган. Spark ҳайдовчиси йўлнинг ўртасида ҳаракатланиб кетаётган пиёдани уриб юбориб, унда ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан кетиб қолган. Оқибатда пиёда вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси (Хавф остида қолдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Сурхондарё вилояти Узун туманида бировнинг машинасини бошқарган 18 ёшли йигит тезликни ошириб ЙТҲ содир этган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар беришича, ҳодиса 17 декабр куни соат 00:40 ларда Узун тумани Қарашиқ маҳалласидан ўтган 4Р-108А автомобил йўлида содир бўлган.
Сариосиё-Узун йўналишида ҳаракатланётган Lacetti машинаси ҳайдовчининг тезликни ошириши натижасида бошқарувни йўқотган. Сўнг йўл четидаги дарахтга урилган. Оқибатда машина ҳайдовчиси тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Унинг ёнида бўлган ўртоғи вафот этган.
Дастлабки суриштирувда аниқланишича, 18 ёшли йигитда ҳайдовчилик малакаси ва етарлича тажриба бўлмаган. Машина унинг қўшнисиники бўлиб, йигит уни сўроқсиз бошқариб кетган.