Иқтисодиёт | 12:59 / 20.12.2022
43484
3 дақиқада ўқилади

«Бу – тўғри йўл» — Президент энергетика соҳасида эркин бозорга ўтиш шартлиги ҳақида

Шавкат Мирзиёев энергетикада эркин бозорга ўтилиши, шароити оғирларга аниқ субсидия берилишини айтди. “Даромади яхши, 3 та саунаси, 20 та телевизори борлар [энергия ресурсларини] хоҳлаганча олаверсин, фақат бозор нархида олсин. Ҳозир даромади яхши ҳам, даромади ёмон ҳам бир хил нархда оляпти, бу адолатсизлик”, – деди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида энергетика соҳаси бўйича муаммоларга тўхталди.

«Очиқ айтиш керак, энергетика соҳасидаги муаммолар бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ.

Кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани ҳам, айни ҳақиқат.

Оқибатда, тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолган эди.

Шу билан бирга, сўнгги олти йилда аҳолимиз 12 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробарга ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайди. Натижада, электр энергиясига талаб камида 35 фоизга ошди ва йилдан-йилга кўпайиб бормоқда», деди президент.

Иқтисодиёт барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция кераклиги таъкидланди.

«Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин. 

Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан тўғри инвестициялар жалб қилинди.

Жумладан, ўтган ҳафтада Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуввати 500 мегаваттли яна 3 та қуёш станцияларини қуриш бўйича танлов якунланди.

Йил бошидан қуввати 1,5 минг мегаваттли 7 та электр станциясини ишга туширдик. Келаси йилда яна 4,5 минг мегаваттли 11 та йирик лойиҳани якунига етказамиз.

Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига, қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилади. 

Бу орқали, хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди»,  деди президент.

Давлат раҳбари энергетика соҳасида эркин бозорга ўтиш шартлигини таъкидлади.

«Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда.

Бу – тўғри йўл. Мен ҳам буни хоҳлайман.

Лекин, халқимизнинг жон бошига даромади, ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, бу соҳадаги ислоҳотларни шошмасдан, босқичма-босқич қилишимиз керак. Ҳозир бозор нархига ўтсак, одамлар тўлай олмай қийналади.

Биз албатта эркин бозор тизимига ўтамиз, фақат бунда шароити оғирларга 2-3 йилга аниқ субсидия берамиз.

Даромади яхши, 3 та саунаси, 20 та телевизори борлар хоҳлаганча олаверсин, фақат бозор нархида олсин. Ҳозир даромади яхши ҳам, даромади ёмон ҳам бир хил нархда оляпти, бу адолатсизлик.

Энг муҳим масала – энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш. Афсуски, иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан 2 баробар юқори. Шунинг учун, энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қиламиз.

Энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишимиз шарт. Агар эркин бозорга ўтмасак, бизга инвестор келмайди», деди президент.

Мавзуга оид