Ўзбекистон | 11:42 / 04.01.2023
18484
8 дақиқада ўқилади

Ўқувчилар кимё, физикани яхши ўқиётганмиди? – ҳайпга айланган фикр ва асл аҳволимиз

Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзод Қудратхўжанинг физика ва кимё фанлари ўрнига креатив фанлар қўйиш кераклиги ҳақидаги фикрини деярли ҳамма танқид қилмоқда. Айни шу мавзу кўтарилганда янги ташкил этилган Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги бу фан дарсликлари, ўқитиш методларини бир кўриб чиқар балки. Сабаби бу фанлардан ўқувчиларнинг ўзлаштириши ҳавас қиларли эмас.

Фото: KUN.UZ

Ҳайпга сабаб бўлган фикр

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори ва Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзод Қудратхўжа пресс клуб давомида физика ва кимё фанлари ўрнига креатив фанлар қўйиш кераклиги ҳақида фикр билдирган. Унинг фикрлари ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлмоқда.

“Ҳозир мактабда 22 та фан бор. Энди ёшларга креатив соҳаларда дарс беришимиз керак. Фанларни ҳам, дарс соатларини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Масалан, эсимда, мактаб ўқиган давримизда кимёнинг, физиканинг  ичига жуда чуқур кириб кетардик. Мен ўзим ҳам қийналардим. Бугун ҳаётимда бу фанлар керак бўлмайди. Балки бугун биз болаларга бошқа фанларни ўқитармиз”, – деган у.

Ушбу жумлалар танқидларга учрагач, Шерзод Қудратхўжа ўз фикрини изоҳлаб видеомурожаат қолдирди. Видеода ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан гапини нотўғри тушунмасликларини сўраб, келажакда гуманитар соҳани эгаллайдиган ўқувчиларга физика ёки кимё фанларини ўқитиш кераклиги, ҳар бир инсон қайси касбни танламасин, мавжуд илмий парадигма асосида дунё қандай тузилганини билиши шартлигини ҳам қўшимча қилган.

Ҳолатга Мактаб ва мактабгача таълим вазири Ҳилола Умарова ҳам муносабат билдириб, физика ва кимё ўқитилиши бекор қилиниши ҳеч бир асосга эга эмаслигини маълум қилди.

Физика ва кимёдан аҳволимиз қандай?

Гарчи кўпчилик томонидан фикрлар танқид қилиниб, бу иккала фаннинг аҳамияти айтилаётган бўлса-да, асл ҳолатда мактаб битирувчиларининг кимё ва физикани ўзлаштириш даражаси ҳавас қиларли эмас. Яъни бу фанларни ўқувчилар яхши ўқияпти деб айтиш қийин. Аксар ўқувчи ижтимоий фанлар: тарих, она тили, чет тилига кўпроқ урғу бермоқда. Буни ОТМга кириш имтиҳонларининг натижалари орқали ҳам таҳлил қилиш мумкин.

Масалан, Ўзбекистон миллий университети кундузги таълим физика йўналишида контракт учун ўтиш балли 92,4 баллни (максимал балл – 189), кимёга эса 78,5 баллни ташкил қилган. Солиштириш учун кўриш мумкинки, тарих йўналишининг контрактига ўтиш балли 154,35 балл, филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тилига ўтиш балли эса 140,7 баллни ташкил қилган.

Ёки ижтимоий фанлардан имтиҳон олинадиган Тошкент давлат юридик университетининг контрактига илиниш учун ҳам 165 баллдан кам тўплаб бўлмаслиги, аксинча, физикадан имтиҳон олинадиган Тошкент давлат техника университетининг қайсидир йўналиши контрактига илиниш учун 65 балл ҳам етарли экани ҳақиқий аҳволни кўрсатади.

Мана шу солиштиришнинг ўзи ҳам ҳайп кўтарилиши баҳонасида масъулларни яна бир марта ўйлантириши керак.

Нима учун?

Сабаби физика ва кимё бугун дунёни янги босқичга олиб чиқаётган инновация ва янги фанларнинг асосини ташкил қилади. Бу фанларни яхши ўзлаштириш инноватор бўлиш имконини беради.

Физика атрофимиздаги дунё қандай тузилганини англаш имконини беради. Телефон аппаратидан тортиб ўпка, мия фаолияти, машиналар ишлаши, камеранинг қандай тасвир олиши – ҳаммасининг ҳаракатини физика ёрдамида ўрганиш мумкин.

Физикани ўқиш инсоннинг таҳлил қилиш ва муаммоларни ечиш қобилиятини ривожлантиради. Бу қобилиятлар муҳандислик, тиббиёт, қолаверса, иқтисод, менежмент, ҳуқуқ, молия каби йўналишларда ҳам асқатади.

Физиканинг карьера учун ҳам аҳамияти катта. Бу фанни яхши ўқиган кадр дунё миқёсидаги касб бозорида ҳам энг янгиларини эгаллаши мумкин бўлади. Лазер муҳандислиги, оптик муҳандислик, дастурий муҳандислик, дата аналитик каби йўналишлар шулар жумласидан.

Худди шунингдек, кимё ҳам муҳимлик даражаси юқори фан ҳисобланади. Ер, сув, ҳаво, ўсимликлар ва ҳаттоки инсон ҳам кимёдан иборат. Дарахтлар барги нега сарғаяди, ўсимликлар нега яшил, совун қандай қилиб кирларни кетказади деган қизиқарли саволларга жавоб топиш учун ҳам кимёни билиш керак. Ҳатто кичик ёшли боласи бор оналар ҳам кимёни тушунса, фарзандининг кўп саволларига жавоб топишлари мумкин.

Бундан ташқари, кимёни яхши билиш кўплаб даромадли касбларни эгаллаш имконини ҳам беради. Масалан, Менделеев олимпиадасида кумуш медал олган кимёни яхши кўрадиган ўқувчи қиз Мафтуна Бадалова Kun.uz’га берган интерьвюсида келажакда нано ва илғор технологиялар йўналишини танламоқчи эканини айтганди.

Бизда физика, кимё дарсликлари мураккабми?

Шерзод Қудратхўжанинг фанлар ҳақида айтган кичик видео парчаси ҳақида кўпчилик ўз фикрини ёзиб қолдирмоқда.

Биолог олим Бахтиёр Абдуғафур ёзади:

“...аниқ фанлар ўзи қийин эмас. Лекин дарсликларимиз ҳаддан ташқари қийинлаштириб ташланган ва болаларни бездириб юборган. Фанларни тушунтиришнинг энг содда ва қулай усуллари бор. Бунинг учун на фин тажрибаси, на яна қандайдир педтехнологиялар шарт эмас. Мавзу ҳақида тасаввур бўлса, қолганини бола ўзи қидириб топади.

Кимё энг севган фаним эди. Раҳматли устозимиз жуда содда тушунтирардилар, китобнинг кераги йўқ эди. Қизиқиш устун келиб, Муфтаховнинг “Кимёдан олимпиада масалалари ва уларнинг ечимлари”, Магдесееванинг “Кимёдан масалалар”, Будружакнинг “Олимпиадные задачи по химии”, “Польские химические задачи” китобларини қидириб топиб ўқиганман. Муфтаховнинг китобини Тошкентдан олиб келиб беришган, хазина топгандек эдим, 9-синфда ўқирдим.

Кузатишим бўйича бизнинг халқ болалари аниқ фанларга кўпроқ қизиқади. Фаннинг мураккаб масалаларини еча олиш қобилияти кучли. Аниқ фанларни ўқитишни соддалаштириш керак. Керак бўлса, шўро даври дарсликлари тажрибасини олиш керак. Болаларни бездириш эмас, интилишларини рағбатлантириш керак.

Шуни эсдан чиқармаслик керакки, замонавий фан асоси кимё ва биология бўлган нанотехнология ва нанобиотехнологияни ўрганмоқда”.

Кимёгар-технолог, “Зулфия” мукофоти лауреати Дилноза Турсунова:

“Мен кимёгар технологман!

Болалигимда адабиётга ва шеъриятига қизиқар эдим. Лекин мажбурий таълим давомида кимё фанига бўлган қизиқишим ортган ва адабиётдан узоқлашиб, кимё фанини чуқур ўрганишга аҳд қилганман.

Мактабда кимё ва физика фанлари мураккаб бўлгани учун ҳам ўзлаштириш қийинлиги рост. Бу фанлар мажбурий ўтилиши билан болалар физик ёки химик бўлиб кетмайди, фанлар улардаги бошланғич билим ва кўникмаларни шакллантириш учун ҳам зарур.

Келажак касбларини танлашда ҳам бу фанларнинг аҳамияти катта ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика, атроф-муҳит муҳофазаси, нефт-газ саноати, силикат моддалари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жараёнлари кимё фани билан чамбарчас боғлиқ.

Физика фани эса энергетика, механика, астрономия, жараёнларни автоматлаштириш ва бошқа кўплаб ҳаётий воқеалар билан узвий боғлиқ.

Мен учун бу фанлар ҳеч қачон керак бўлмаган дейишга шошилманг! Бензин, пропан, метан, фреон, этил спирти, цемент ва бошқалар сиз учун таниш сўзлар шундайми? 220 волт ёзуви билан эса деярли ҳар куни тўқнашамиз.

Агар физика ва кимё соҳасини мукаммал ўзлаштириб олганимизда эди, ёқилғи қуйиш шохобчаларида ўтказилаётган вақтингиз, дорилардан вафот этаётган болаларингиз, электр энергиясидаги ва бошқа кўплаб муаммоларга ечим топган бўлар эдик.

Хуллас, бу фанлар жуда муҳим ва амалий аҳамиятга эга ҳисобланади”.

Ҳайпнинг яхши томони

Ҳамма нарсанинг яхши томони бўлганидек, аниқ фанлар мавзуси кўтарилиб қолган экан, шу воқеа фонида янги ташкил этилган Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги физика, кимё дарсликларининг ҳозирги ҳолати, содда-мураккаблиги ва амалиёт билан қай даражада боғланганини, ўқитиш методларини бир кўриб чиқар балки.

Мавзуга оид