Иқтисодиёт | 15:03 / 07.01.2023
23683
3 дақиқада ўқилади

Инқироз даврида нархларни бошқариш: нималарга эътибор қаратиш керак?

Фото: Reuters

MM «MUFEED MOLIYA» канали асосчиси, халқаро молиячи Хондамир Нусратхўжаев молиячилар нарх белгилашда ҳисобга олиниши керак бўлган омиллар ҳақидаги тавсиялари билан ўртоқлашади.

Молиячилар нарх белгилашда (айниқса, инқироз даврида) қуйидаги омилларни ҳисобга олиши мақсадга мувофиқ:  

Рақобатчилар ёки бозор етакчиларининг нархлари. Рақобатчиларнинг нархлари ва қиймат таклифларини батафсил ўрганиш  ҳамда нархни имкон қадар қанчалик қисқартириш мумкинлигини аниқлаш зарур; 

Тўғридан тўғри харажатлар асосида нархлаш (таннарх). Айниқса, нархларнинг ошишига энг мойил бўлган харажатлар моддаларига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, тўлиқ таннархни таҳлил қилиш ва минимал рентабелликни таъминлайдган нархни белгилаш лозим. Сотиш ҳажмини ва доимий харажатлар миқдорини тўғри баҳолаш муҳимдир.

Талаб ва таклифга асосланган нарх. Талабни таҳлил қилишда маркетологлар нарх даражасининг талаб миқдорига мос келишини, яъни нарх ўзгариши билан талаб қанча ўзгаришини батафсил таҳлил қилишлари муҳим. Кейин молиячи қайси нарх ва ҳажмда максимал фойда олинишини аниқлайди.

Молиялаштириш харажатларини ҳисобга олиш (молиялаш бўйича фоиз ёки маржа). Бу, айниқса, дебиторлик қарзларни тўлашда муаммолар бўлганида ёки сотишнинг ўсиши учун бўлиб тўлашнинг кўпайиши туфайли инқироз даври юзага келганида жуда муҳимдир. Шунинг учун, молиячи маҳсулот/хизматнинг таннархига фоиз/молиявий харажатни қўшиши керак бўлади. Бунақа қарз миқдорини молиячи ўзининг айланма циклини батафсил таҳлил қилиб, оптималлаштириш орқали камайтириши керак.

Асосий нарх омиллари иерархиясида охирги ўрин маржа ҳисобланади. Бизнес эгалари ва топ-менежментлар анча мослашувчан бўлиб қолди: эндиликда улар маълум бир белгиланган маржа/устамаларга боғланиб қолмаяпти. Бугунги вазият нархлашда мослашувчанликни талаб қилади.

Молиячи инқироз пайтида етарли вазифаларга эга. У ҳар қандай янги хусусиятлар, қиймат қўшимчалари ва бошқа истаклар рўйхатини молиявий жиҳатдан асослай олиши зарур. Қолаверса, ички низолар учун етарли даражада эмоционал мустаҳкам бўлиши талаб этилади. 

Бундан ташқари, молиячи тармоқлар билан ишласа, қуйидаги параметрларни таннархга киритишни эътибордан четда қолдирмаслиги керак:

  • ретро бонуслар (тармоқларга етказиб берувчилар томонидан тўланадиган мукофот);
  • маркетинг чегирмалари;
  • мерчандайсинг ва логистика хизматлари учун тўлов;
  • кириш бонуслари;
  • ўғирликдан кўрилган зарар.

Инқироз шароитида нархларни бошқариш жуда қийин. Аммо ушбу усуллардан фойдаланган ҳолда молиявий тартибни тиклаш ва асосий омиллар ҳамда ноаниқликларни назорат қилиш мумкин. 

Хондамир Нусратхўжаев,
халқаро молиячи, MM “MUFEED MOLIYA” канали асосчиси.

Мавзуга оид