Ўзбекистон | 22:45 / 07.01.2023
17438
9 дақиқада ўқилади

Масъулларга очилган жиноий иш, рекултивация қилинмаётган полигонлар ва кўпаяётган юқумли касалликлар – Табиат ресурслари вазирлиги масъули билан суҳбат 

Кеча, 6 январ куни АОКА мажлислар залида (Экоқўм) Табиат ресурслари вазирлиги бошқарма бошлиғи Жамшид Эшжонов иштирокида чиқиндилар ва уларни қайта ишлаш масалаларига бағишланган брифинг ўтказилди.

Тадбир якунида Kun.uz мухбири соҳага оид қатор саволлар билан вазирлик мулозимига юзланди.

— Ҳозиргина якунланган тадбирда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига хусусий секторни жалб қилиш ҳақида гапирдингиз. Фикрларингиздан кейин соҳага хусусий секторни жалб қилиш масалалари ёки соҳага ажратилаётган пуллар масаласи нима бўляпти, деган савол туғилади. Масалан, биз эшитганимиз, Самарқанддаги «Мароқанд обод» чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси. Бу корхона Франциядан 60 млн доллар маблағ жалб қилиш эвазига қурилган. Лекин сўнгги вақтларда кўп эшитяпмизки, бу Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг собиқ раҳбарларидан бирига тегишли бўлган.

Корхона қурилишида катта бир фирибгарлик бўлганки, унинг қурилиши учун Франциядан жалб қилинган пуллар аввал Тожикистонга йўналтирилиб, у орқали Хитойдан ўта сифатсиз техникалар олиб келиниб, корхонага жойлаштирилган. Шу сабабли бугунги кунда бу корхонадан бирорта кутилган маҳсулотлар чиқмаяпти. Худди шундай корхонани Андижонда ҳам кўришимиз мумкин, яъни у ерда маҳсулот чиқмаяпти.

Мана шу ҳолатлар бўйича вазирлик масъули сифатида изоҳ берсангиз. Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўрганиш ўтказяптими ёки бошланган бўлса, натижа қандай?

— Даставвал аниқлик киритиб ўтмоқчиман. «Мароқанд обод» УК Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги давлат корхонаси ҳисобланади ва у чиқиндиларни қайта ишловчи корхона эмас. Бу корхона чиқиндиларни йиғиш ва ташиш ишлари билан шуғулланади. Франциянинг «Тараққиёт» агентлиги ёрдамида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Самарқанд шаҳрида чиқиндиларни бошқариш тизими (тўплаш, ташиш, қайта ишлаш)ни мукаммал даражага олиб чиқиш мақсадида ишга туширилган.

Ушбу лойиҳа доирасида чиқиндиларни қайта ишлаш ёки саралашга мўлжалланган техника-ускуналар олиб келинмаган. Техникаларни харид қилишда қандай йўллардан фойдаланилгани ҳақида эса маълумотлар йўқ. Фақатгина Хитойдан харид қилингани ҳақида маълумотга эгамиз. Самарқанд шаҳрида «Мароқанд обод» корхонаси негизида давлат ва хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклиф киритилган. Тез орада бу лойиҳа ишга туширилади.

— Аммо юқорида айтилган миш-мишлар турли юқори доиралардан ҳам келиб турибди. Умуман, шундай ҳолат борми?

— Бундай ҳолат бордир, аммо мен ваколатга эга эмасман. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иши.

— Ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари бошланганми?

— Тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан иш очилган. Ўша иш доирасида бизнинг мутахассислар чақирилган, яъни техникалар хариди ва бошқа масалалар бўйича ўз хулосамизни бериш учун. Аммо бу ишнинг натижасидан бизнинг хабаримиз йўқ. Чунки иш ҳали якунига етмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз хулосасини тақдим этмаган ҳали.

— Шунга ўхшаш яна бир вазият: Ургутда учта чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси бор, лекин уларга қўмита томонидан тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва ер майдони ажратилишида тўсқинликлар бўлган. Натижада, улар бугунги кунда Қозоғистон ва Россиядан макулатура олиб келиб, фаолият олиб бормоқда. Демоқчиманки, бизда салоҳияти етарли бўлган корхоналар мавжуд. Лекин турли корхоналарга турлича қаралаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Масалан, «Мароқанд обод» УКга ажратилган ерлар буларга ажратилмаган. Нега бундай икки хил қараш мавжуд соҳада?

— Ер ажратиш масаласи маҳаллий ҳокимликларга тегишли. Юқорида айтилган Қозоғистон ва Россиядан чиқинди олиб келиш ҳам бизнинг ваколатимизга кирмайди.

— Аммо бу корхоналар қўмитадан ёрдам сўраган. Улар энди бошқа давлатдан хомашё олиб келиб ишлашга мажбур бўляпти.

— Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхона мавжуд. Улар тадбиркорларга тегишли бўлиб, давлат тасарруфида эмас. Улар ўзини ўзи бошқаради. Уларга фаолият юритишида Давлат экологик қўмитасидан объект жойлаштирилгани учун Давлат экологик қўмитасининг экспертиза ҳужжати берилади. Бошқа ҳеч қандай ҳужжат бермаймиз. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бу ҳужжатни олиш ҳам онлайн тизимга ўтказилди. Қўмита ходимлари билан тўғридан тўғри учрашилмайди бу жараёнда.

— Демак, бу ҳам ўрганиб кўрилиши керак бўлган масала?

— Айнан қайси ҳолатлар бўйича бундай воқеа бўлган бўлса, бизга киритилса, биз буни кўриб чиқамиз.

— Яна бир ҳолат: Бўстонлиқдаги маргимуш кони ва у ердан сизиб чиқаётган заҳарли моддалар масаласи икки йилдан бери кўтарилади. Ўтган йили шу масала кўтарилганда, қўмита масъуллари назоратга олишни айтган эди. Иккинчи ҳолат: Фориш туманидаги биологик-кимёвий чиқиндиларини рекультивация қилиш ишлари ҳам ҳамон бажарилмаган.

Бу икки масалани ҳал қилиш учун ҳам маблағ ажратилган. Лекин нима учун ҳали ҳам ишлар бажарилмаган? Нега беэътибор қараляпти?

— Ишчи гуруҳ тузилиб, бу масала ўрганилган ва бу объектни кўчириш мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келинган. Қайта таъмирлаш бўйича қарор қабул қилинган.

— Рекультивация қилинмайдими бу объектлар?

— Йўқ, рекультивация қилинган объект ҳисобланади. Вақт ўтиши билан зарарланган жойлари таъмирланади фақат.

— Ишлар тугашининг аниқ муддати қачон?

— Бу маблағ билан боғлиқ бу масала. Бюджетдан маблағ ажратилмаган қисмлар мавжуд, шунинг учун ишлар охирига етмаган ҳали. Фориш ва Хоразмдаги биологик-кимёвий чиқиндиларини қабул қилувчи объект Экология қўмитасидан Табиат ресурслари вазирлиги тизимига ўтказилгани учун бу борадаги ишлар 2023 йилда амалга оширилади. Ва эндиликда Фориш ва Хоразмдаги объектларнинг доимий фаолиятини таъминлаш мақсад қилинган.

— Яна бир савол: чиқинди сувларининг етарли даражада тозаланмаслиги оқибатида келиб чиқаётган муаммолар бор, масалан, Тошкентда. Бунинг оқибатида Тошкентнинг Янгийўл ва Чиноз туманларида юқумли касалликлар кўпайиб кетган. Нега шу масалага беэътибор қараб келиняпти, ахир бу одамлар саломатлиги масаласи? Ва бу анчадан бери давом этаётган ҳолат.

— Аҳоли сони ва ишлаб чиқариш кўпайгани туфайли оқова сувлар миқдори ҳам ортмоқда. Тошкентда учта оқова сувларни тозалаш иншоотлари мавжуд. 2014 йилда Хитойга тегишли ташкилотлар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аммо бу етарли эмас, албатта. Бугунги кунда ушбу иншоотларнинг қуввати ва ишлаш сифатини ошириш долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бу бўйича Табиат ресурслари вазирлиги томонидан тегишли тақдимномалар киритилган.

— Бу ўринда сизларнинг вазифангиз фақатгина тақдимнома киритиш билан чекланадими?

— Бизнинг вазифамиз ушбу объектларнинг белгиланган тартибда ишлаши устидан давлат назоратини юритиш.

— Шундай ҳолатлар мавжуд экан, нега бу ҳақда гапирилмаяпти, бонг урилмаяпти?

— Айтиляпти. Масъулларга нисбатан чора кўриляпти. Давлат назорати органи сифатида биз тегишли жойларга тақдимномалар киритиш билан иш олиб боряпмиз.

— Бу ҳолатда уларнинг муносабати қандай бўляпти?

— Бу борада ишлар бориляпти. Фақат вақт керак бўлади. Чунки бу катта лойиҳа.

— Президент қарорида чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш бўйича маълум режалар белгиланган. Бугунги кунда ўша белгиланган вазифалар ва қўмита томонидан амалга оширилган ишларни таққослаб бера оласизми? Қарорда белгиланган вазифаларнинг қанчаси бажарилди?

— 2022 йил 2 февралда президент ҳузуридаги мажлисда экология ва атроф-муҳит масалалари, хусусан, чиқинди масаласи танқидий кўрилган. Президентимиз томонидан Давлат экология қўмитаси олдига вазифалар қўйилган ва айнан чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 36,5 фоизга етказиш, хусусий сектор улушини 50 фоизга чиқариш ва қамров даражасини 95 фоизга ошириш вазифалари. Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича президент қарори қабул қилинди, яъни 2022 йил 11 августдаги қарори ва яна бир фармон.

Бу ҳужжатлар асосида соҳага катта имтиёзлар берилди. Шулардан бири ижтимоий ва фойда солиғининг 1 фоиз этиб белгиланганидир. Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги санитар тозалашга ихтисослаштирилган корхоналар бирлашмасига тўланадиган мажбурий тўловлардан озод этилди. Ўтган 2022 йилда белгиланган вазифалар бажарилди. Ўйлайманки, белгиланган чора-тадбирларнинг амалга кириш муддати энди бошлангани учун натижалар яхшиланиб боради.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид