Ўзбекистон | 18:51 / 10.01.2023
9793
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё давлатлари 2023 йил учун сувни тақсимлаб олди

Ҳар бир мамлакат Амударё ва Сирдарё ҳавзасидан қанча сув олиши маълум бўлди.

Фото: Asia-Plus

Марказий Осиё давлатларининг сув олиш лимитлари ўтган йилнинг ноябр ойида Ашхободда Давлатлараро сув хўжалиги мувофиқлаштирувчи комиссияси (ДСМК) йиғилишида тасдиқланган эди.

Лимитга кўра, бир йил ичида (2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 октябргача) Амударё ҳавзасидан олинадиган сув миқдори 55,4 миллиард куб метрни ташкил этиши керак, шундан 15,7 миллиарди вегетациядан ташқари даврга тўғри келади (2023 йил 1 апрелгача), деб ёзди ASIA-Plus.

Келишувга кўра, Тожикистон 9,8 миллиард куб метр, Ўзбекистон 23,6 миллиардга яқин, Туркманистон 22 миллиард куб метр сув олади.

Сирдарё ҳавзасидан сув олиш лимити 4,2 миллиард куб метрни ташкил этади, шундан Тожикистон 365 миллион куб метр, Ўзбекистон 3,3 миллиард, Қозоғистон 452 миллион, Қирғизистон 47 миллион куб метр сув олади.

Қайд этилишича, 2022 йил вегетация даврида Амударё ҳавзасидаги сув миқдори анча ноаниқ бўлган: агар апрел-май ойларида у меъёрий чегарада бўлса, июн ойидан бошлаб 85-65 фоизгача камайган ва меъёрдан паст бўлган. Юзага келган вазиятда фойдаланилган сув миқдори умумий лимитнинг 79,1 фоизини ташкил қилган. Жумладан Тожикистонда 95,3 фоиз, Туркманистонда 83,3 фоиз, Ўзбекистонда 68,7 фоиз сув истеъмол қилинган.

2022 йилнинг 1 апрелидан 30 сентябргача Сирдарё ҳавзасидан олинадиган сув лимити 11,8 миллиард куб метрни ташкил этган ҳолда 10,1 миллиард куб метр сув олинган.

ДСМК навбатдаги йиғилиши 2023 йил апрел ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади, унда янги қишлоқ хўжалиги мавсумининг вегетация даврида сув таъминоти масалалари қўшимча равишда муҳокама қилинади.

Мавзуга оид