Жаҳон | 13:13 / 11.01.2023
3803
4 дақиқада ўқилади

НАТО ва Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтирмоқчи

Украинадаги уруш фонида НАТО ва ЕИ ҳамкорлигини чуқурлаштирмоқда ва Киевга ҳарбий ёрдамни оширишга тайёрланмоқда. Фон дер Ляйен урушда Россияга кўрсатган ёрдами учун Беларусга қарши янги санкцияларни ваъда қилди.

Фото: AP

10 январь, сешанба куни НАТО ва Европа Иттифоқи ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Бундай келишув Европа қитъасидаги уруш фонида биринчи марта тузилмоқда. «Путин бир неча кун ичида Украинани қўлга киритиб, бизни бўлмоқчи бўлди. Иккала масала бўйича ҳам у аниқ муваффақиятсизликка учради», - деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг декларацияни имзолаганидан кейин Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида.

Россиянинг Украинага қарши уруши икки кутилмаган оқибатларга олиб келади: у ЕИ ва НАТОни мустаҳкамлади ва бир-бирига яқинлаштирди, деди ўз навбатида ЕИ кенгаши раҳбари Шарл Мишел. «Путин НАТОни кучсизлантиришни хоҳлади, аммо бунинг аксига эришди: энди НАТО ва Европа Иттифоқи янада каттароқ бўлади», деди Мишел Швеция ва Финландиянинг иттифоққа яқинда кириши, шунингдек, Украина, Молдова ва Болқон мамлакатларига Европа Иттифоқига номзод аъзолар мақоми берилишини назарда тутиб.

Европа Иттифоқи ва НАТО ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги учинчи декларациянинг мақсади (олдинги иккитаси 2016 ва 2018 йилларда имзоланган) уларнинг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда шерикликни янги босқичга кўтаришдан иборат, дея тушунтирди мазкур ташкилотлар раҳбарлари. Ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари – муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш, ташқи аралашув ва ахборот манипуляциясига чидамлиликни ошириш, кибертаҳдидлар ва терроризмга қарши курашиш, космик тадқиқотлар ва янги технологиялар, иқлим инқирозининг глобал хавфсизликка таъсирини юмшатиш.

Шу билан бирга, етакчилар яна Россия агрессиясини Европа хавфсизлигига асосий ва энг тўғридан тўғри таҳдид деб атади. «Москвадаги режим бошқа Европани хоҳлайди. У қўшниларини назорат қилишни истайди, эркинлик ва демократияни таҳдид сифатида кўради. Бу бизнинг хавфсизлигимиз учун узоқ муддатли таъсир кўрсатади, шунинг учун биз НАТОни, НАТО-Европа Иттифоқи ҳамкорлигини мустаҳкамлашда давом этишимиз керак ва Украинани қўллаб-қувватлашимизни кучайтирамиз», деди Йенс Столтенберг.

Европа Иттифоқи Украинага керакли даражада ёрдам беришда давом этади, Россияга қаттиқ санкциялар билан босим ўтказади, Украинага қарши урушда Россияни ҳарбий қўллаб-қувватлагани учун Беларус ва Эронга нисбатан жазо чораларини кенгайтиради, деб ваъда берди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. У, шунингдек, Беларуснинг ушбу урушдаги ролига жавобан Минскка қарши янги санкцияларни эълон қилди, аммо тафсилотларни келтирмади.

Биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида Европа Иттифоқи ва НАТО раҳбарларидан Украинага Leopard 2 ёки Challenger 2 каби Ғарбда ишлаб чиқарилган жанговар танкларни етказиб беришни кўриб чиқаётган Европа Иттифоқи давлатларини қўллаб-қувватлаяптими ва бу вазият кескинлашув хавфини оширадими, деган савол берилди. Жавоб берганларнинг ҳеч бири бундай таъминотга қарши чиқмади. «Менимча, Украина ўз ватанини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ва фойдаланиши мумкин бўлган барча зарур ҳарбий техникани олиши керак, - деди фон дер Ляйен. - Бу, албатта, илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек, бошқа турдаги замонавий ҳарбий технология бўлиши мумкин».

«АҚШ, Германия, Франциянинг Украинага янги турдаги зирҳли техникалар, пиёда жанговар машиналари ва бошқа турдаги зирҳли техникалар етказиб бериш ҳақидаги баёнотларини олқишлайман», — деди Столтенберг.

Шарл Мишел уларнинг фикрига қўшилди: «Россия босқинининг бошидан буён ЕИ давлатлари Украинага тобора кўпроқ ҳарбий техника етказиб бера олганидан жуда хурсандман. Европа Иттифоқи кенгаши Украинага ҳарбий ёрдамни оширишни бир неча бор такрорлаган». Мишелнинг эслатишича, 24 февралдан бери Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар Киевга 50 миллиард еврога яқин ёрдам кўрсатган.

Мавзуга оид