Жаҳон | 18:27 / 21.01.2023
12016
2 дақиқада ўқилади

НАТО алянс аъзоларини ҳарбий қурол ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирди

Алянс мудофаа мақсадларига имкон қадар тезроқ эришиш учун ҳарбий қуролларни ишлаб чиқаришни ошириш зарур деб ҳисобламоқда.

Фото: Reuters

НАТО давлатлари ҳарбий техника, жумладан, ракета, танк ва учувчисиз самолёт ишлаб чиқаришга кўпроқ эътибор қаратиши керак, деди Шимолий Атлантика алянси бош котиби ёрдамчиси Ангус Лэпсли. Унинг сўзларини BNS агентлигига таянган ҳолда ТАСС келтирди.

«Биз мудофаа мақсадларимизга имкон қадар тезроқ эришишимиз керак, бунинг учун ҳам НАТО, ҳам Европа Иттифоқи ҳарбий техника саноати – ракета, танк, учувчисиз учиш аппарати, шунингдек, уни молиялаштириш имкониятларига кўпроқ эътибор қаратиши керак», деди Лэпсли.

Унинг сўзларига кўра, НАТО аъзолари Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти бошланганидан кейин қурол-яроғ захираларини тўлдириш ва ишлаб чиқариш имкониятларини яхшилаш зарурлигига ишонч ҳосил қилган.

«Бу уруш ҳарбий ишлаб чиқаришни режалаштиришда ўрганиш керак бўлган сабоқдир», - деб таъкидлади Лэпсли.

Унинг сўзларига кўра, НАТО бош котиби қуролланишни ошириш масаласини муҳокама қилиш учун ташкилотга аъзо мамлакатлар қуролли кучлари ва саноати вакилларини йиғилишга чақирган. Лэпслининг айтишича, алянс ядро қуролига эга бўлган душманга қарши курашишга тайёр кўпроқ ҳарбий қисмларга эга бўлиши керак.

20 январ куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Германиянинг Рамштайн авиабазасида бўлиб ўтган Ғарб давлатларининг учрашуви якунлари бўйича алянс мамлакатлари ўз захираларини тезда тўлдириш учун қурол-яроғ ва ўқ-дори ишлаб чиқаришни кўпайтириши зарурлигини айтди. Унинг қайд этишича, қурол-яроғ захираларини кўпайтириш феврал ойида НАТО мудофаа вазирлари йиғилишидаги асосий мавзу бўлади.

Мавзуга оид