Жаҳон | 18:56 / 26.01.2023
17207
3 дақиқада ўқилади

ЖССТ 300 одам ўлимига сабаб бўлган хавфли дорилар рўйхатини эълон қилди

Рўйхатда Ўзбекистонда сотилган ва камида 20 боланинг ўлимига сабаб бўлган Marion Biotech компанияси дорилари ҳам бор.

Фото: Reuters

Дунёнинг уч мамлакатида йўталга қарши сифатсиз сиропдан ўлим ҳолатлари сони 300 тани ташкил қилди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) пресс-релизида маълум қилинди.

ЖССТ қайд этишича, қурбонларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалардир.

«Сўнгги 4 ой ичида таркибида диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) миқдори юқори бўлган рецептсиз йўталга қарши сиропларни қабул қилишдан 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди», дейилади ҳужжатда.

ЖССТ ушбу моддалар оз миқдорда қабул қилинганда ҳам ўлимга олиб келиши мумкинлигини ва ҳеч қачон дори воситаларида ишлатилмаслиги лозимлигини таъкидлади.

2022 йил октябр ойида ЖССТ Гамбияда аниқланган тўртта сифатсиз дорини эълон қилди. Уларнинг барчаси Ҳиндистоннинг Maiden Pharmaceuticals компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Уларнинг таркибида ДЭГ ва ЭГ захарли моддалари борлиги аниқланган.

  • Прометазин (Promethazine Oral Solution BP);
  • Кофексмалин (Kofexmalin Baby Cough Syrup);
  • Макофф (Makoff Baby Cough Syrup);
  • Магрип Н (Magrip N Cold Syrup).

2022 йил ноябр ойида ЖССТ Индонезияда аниқланган саккизта сифатсиз дорини эълон қилди. Улар маҳаллий компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган.

  • Терморекс сироп (Termorex), PT Konimex компанияси томонидан ишлаб чиқилган;
  • Флурин сироп (Flurin DMP), PT Yarindo;
  • Юнибеби сироп (Unibebi), PT Universal Pharmaceutical;
  • Юнибеби томчи (Unibebi Demam Paracetamol Drops), PT Universal Pharmaceutical;
  • Юнибеби сироп (Unibebi Demam Paracetamol), PT Universal Pharmaceutical;
  • Парацетамол томчи (Paracetamol Drops), PT Afi Pharma;
  • Парацетамол сироп (Paracetamol Syrup), PT Afi Pharma;  
  • Випкол сироп (Vipcol Syrup), PT Afi Pharma.

2023 йил январ ойида ЖССТ Ўзбекистонда аниқланган иккита сифатсиз дорини эълон қилди. Улар Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Уларнинг таркибида ДЭГ ва ЭГ захарли моддалари борлиги аниқланган.

  • Амбронол сироп (Ambronol Cough Syrup), Marion Biotech;
  • Док-1 МАКС (Dok-1 MAX Syrup), Marion Biotech;

ЖССТ дори таъминоти занжирида иштирок этувчи барча манфаатдор томонларни зудлик билан мувофиқлаштирувчи чоралар кўришга чақирмоқда.

Мавзуга оид