Жаҳон | 16:52 / 29.01.2023
35136
13 дақиқада ўқилади

Советлар яширган фожиа: СССРдаги энг кўп одам вафот этган теплоход ҳалокати

1983 йилда палубасида қарийб 450 киши бўлган теплоход тунда Волга дарёси устига қурилган кўприкка урилади ва ҳалокатга учрайди. Оқибатда теплоходда бўлган қарийб 200 киши ҳалок бўлади, бошқалари бедарак йўқолади. Яна кўплаб инсонлар тан жароҳатлари олади. Ўша пайтда бу ҳалокат ҳақида ҳеч қаерда хабар берилмайди ва у оммадан сир тутилади. Кейинчалик, 1990-йиллар бошида СССР тарқаб кетгач фожиа тафсилотлари очиқланади.

Тарих саҳнида бор-йўғи 69 йил яшаган совет иттифоқида барча ишлар ёлғон устига қурилган эди. Мамлакат ички ва ташқи сиёсатда бошқача иш тутар, оммага эса тамомила бошқа маълумотлар бериларди.

Масалан, 1980-йилларда совет армияси Афғонистонда босқинчилик урушини олиб борар, шунингдек, Африка ва Осиёнинг айрим мамлакатларида вазиятни издан чиқариб, қуролли қўзғолонлар ташкил этишда қатнашарди. Совет матбуоти ва телевиданиеси эса «СССР энг тинчликсевар мамлакат» деб тарғибот олиб борар эди.

Шунингдек, бу давлатда кўплаб ишлар оммадан яширилган ва содир бўлган аксарият ҳалокатлар одамлардан сир тутилган.

1957 йилда Челябинск вилоятида жойлашган радиоактив моддалар ишлаб чиқарувчи заводда содир бўлган ҳалокат, 1961 йилда Гагариндан аввал фазога учишга тайёрланган космонавт Валентин Бандаренконинг фожиали ўлими, 1960 йилда Бойқўнғирда қитъалараро баллистик ракетанинг парвоз олдидан портлаб кетиши, 1986 йилда Чернобил АЭСда юз берган авария шулар жумласидан.

Ҳатто айрим фожиалар ҳақида хориж матбуотида аниқ фактларга асосланган хабар берилса, у рад этилган ёки ҳалокатнинг кўлами жуда камайтириб кўрсатилган.

1986 йилда Чернобил АЭСда содир бўлган ҳалокатдан сўнг ҳавога кўтарилган радиоактив моддалар Ғарбий Европагача етиб борган. Ғарб матбуоти СССРда йирик атом ҳалокати содир бўлгани ҳақида ёзаётганида Москва телевидениеси мамлакатга Чернобил АЭСда кичик носозлик рўй бергани, ҳодиса оқибатлари тезда бартараф этилиши ҳақида хабар бераётганди

СССРда содир бўлган кўплаб ҳалокатлар совет иттифоқи парчаланиб кетиши арафасида ёки ундан кейин ошкор бўлади. Унгача одамлар ҳеч нарсани билмаган.

Турли ҳалокатларни яширишдан мақсад битта бўлган: «Советлар мамлакатида ҳаммаси зўр, одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти. Бу ерда одамларнинг бавақт ўлимига сабаб бўладиган ҳалокатлар содир бўлмайди».

1983 йилда Ульяновск шаҳри яқинида саёҳатчиларни олиб юрган «Александр Суворов» теплоходи ҳалокатга учрайди. Ҳодиса оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлади, бедарак йўқолади ва тан жароҳатлари олади.

Мазкур ҳалокат СССРда энг кўп одам ҳалок бўлган ҳодиса ҳисобланиб, унинг тафсилотлари ҳам оммадан яширилган.

Ҳалокатдан олдинги вазият

«Александр Суворов» теплоходи 1981 йилда Чехословакияда қуриб битказилган. 1982 йилда СССР томонидан Волга-Дон дарёларида сайёҳликни ривожлантириш мақсадида сотиб олинган.

«Александр Суворов» СССРдаги энг ҳашаматли теплоходлардан бири эди. Унда саёҳат қилувчилар учун барча қулайликлар яратилган, кинотеатр, рақс майдончаси, палубасида ҳатто ҳовузи ҳам бўлган. Шунингдек, ҳар бир каюта алоҳида ювиниш хонаси ва ҳожатхона билан жиҳозланган.

Бу теплоход Қора денгиздан Волга-Дон канали орқали Волга дарёсига ўтган ва шимолга қараб ҳаракатланиб, саёҳатчиларни Москвагача олиб бориб, сўнг ортга қайтган.

Теплоходнинг узунлиги 135,8 метр, эни 16,8 метр баландлиги 5 қават бўлган ва унга 336 нафар сайёҳ жойлаша олган.

Қора денгиз бўйидан Москвагача саёҳат қилиб келиш нархи 450 рубл (ўша пайтдаги курс бўйича 500 доллардан ошиқроқ) бўлган. Йирик заводларнинг касаба уюшмалари теплоход эгалик қиладиган корхонага пул ўтказишган ва илғор ишчиларни саёҳатга юборишган.

Теплоход янги ва ундаги шароитлар зўр бўлгани сабабли саёҳат қилишга талаб жуда юқори бўлган ва «Александр Суворов»да саёҳат қилишни хоҳловчилар навбат кутишган.

Фото: sea-man.org

Ҳалокат

1983 йил май ойининг охирроқларида теплоход Қора денгиз бўйидаги Ростов-Дон шаҳридан Москвага қараб йўлга чиқади. Ўшанда унда экипаж аъзолари билан бирга 438 киши бор эди.

5 июн куни соат 21:40 ларда теплоход Уляновск шаҳри яқинида сузаётганди. Шу жойда Волга дарёси устига қурилган узунлиги 2 км бўлган кўприк бор эди.

Ўша пайтда «Александр Суворов»ни бошқарган экипаж аъзоси тажрибасизлик ва эътиборсизлик қилади. Теплоход кўприк остига унинг кема ўтказишга мўлжалланган энг баланд жойидан эмас, балки дарё четроғидаги паст жойидан кириб боради.

Теплоходнинг тумшуқ қисми кўприк остидан ўтади ва бошқарув қисми жойлашган юқори қавати кўприк остига сиғмай унга зарб билан урилади.

Жами оғирлиги 3,3 минг тонна бўлган теплоход урилганда кўприкка ва ундаги темирйўл жиддий шикастланади. Ўша пайтда кўприк устига таркибида 53 та вагон бўлган юк поезди яқинлашаётган эди. Ундаги вагонларга кўмир, буғдой, бензин ва бошқа юклар ортилган эди.

Юк поезди кўприк устига келганда шикастланган темирйўл изидан чиқиб кетади. Буғдой ортилган вагонлар кўприкнинг ҳимоя таянч устунларини узиб юбориб, кема устига қулай бошлайди. Оқибатда теплоходда бўлган кўплаб одамлар ҳалок бўлади. Тирик қолганларнинг аксарияти қўрқувдан ўзини сувга отади.

Қутқарувчилар етиб келганда ҳолат жуда аянчли эди. Ўндан ошиқ вагонлар теплоходни тепасидан босиб тушиб уни мажақлаб ташлаган. Ҳаммаёқ ҳалок бўлган ва тан жароҳати олган одамлар билан тўлиб тошганди.

Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 170 нафар йўловчи, 6 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. 49 киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Норасмий маълумотларга кўра 200 нафардан ошиқ одам ҳалок бўлган, 100 нафардан ошиқ одам тан жароҳатлари олган, яна бир қанча одам бедарак йўқолган.

Маълумотлардаги тафовутларга сабаб шуки, ўшанда 336 ўринли теплоходда меъёрдан ошиқ, қарийб 400 нафар йўловчи бўлган.

Прокуратура ва темирйўл мутасаддилари теплоходга ошиқча одам чиқарилганини яшириш учун тирик қолганларнинг сонини аниқлаб, қолганларни ҳалок бўлганлар рўйхатига қўшган. Аслида эса ошиқча чиқарилган одамлар ҳисобидан қурбонлар сони анча кўп бўлган.

Ҳодиса юзасидан ўтказилган суриштирувларда аниқланишича, ҳалокат содир бўлган куни теплоходда экипаж аъзолари ва сайёҳларга хизмат кўрсатувчиларнинг яқинлари бўлган.

Фото: pikabu.ru

Кейинчалик аниқланишича, ҳалокат содир бўлган пайтда саёҳатчиларнинг аксарияти теплоходнинг энг юқори қаватидаги кинотеатрда, қолганлар палубадаги томоша майдончасида бўлишган.

Вагонлар қулаб тушганда уларни босиб қолган. Шу ҳам қурбонлар сонининг ортиб кетишига сабаб бўлган. Ўз каютасида бўлганлар тирик қолган.

Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш

Ҳалокат содир бўлгандан сўнг зудлик билан қутқарувчилар, тез ёрдам машиналари етиб келади. Бироқ ҳолат ўта аянчли бўлгани учун ҳалокат оқибатларини бартараф этиш анча куч ва вақт талаб қилиши ойдинлашади.

Шундан сўнг ҳодиса жойига сувга шўнғувчилар, ҳарбийлар, коммунал хизмат ходимлари, йўлсозлар ва руҳшунослар чақирилади. Бундан ташқари, ҳалокат содир бўлган жой яқинида жойлашган йирик завод ишчилари ва махсус техникалари ёрдамга жалб қилинади.

Энг аввал тирик қолганлар эвакуация қилинади. Сўнг жасадлар йиғиштириб олинади. Уляновскдаги шифохоналар тан жароҳати олганлар ва ўликларга тўлиб кетади.

Тирик қолганлар эваукация қилинаётганда бир муддат қирғоқда ва дарёда бўлган жасадлар қаровсиз қолади. Ўша пайтда уларни тунаш учун атрофни кафандўз ўғрилар босиб кетади. Улар жасадлардан қимматбаҳо тақинчоқларни, кийимларни ечиб олишади.

Шундан сўнг теплоход устига қулаган ва дарёга тушиб кетган вагонларни соҳилга чиқара бошлашади. Кўприкда осилиб қолган вагонлар орасида бензин ортилган цистерна-вагон ҳам бўлган. Аввал унинг ичидаги бензин эҳтиёткорлик билан бўшатиб олинади, сўнг ўзи составдан узиб соҳилга чиқарилади.

Носоз ҳолга келган кўприк устидаги юк вагонлари ҳам аста-секинлик билан ортга ва олдинга тортиб чиқарилади. Шу тариқа ҳалокат оқибатларини бартараф этиш беш кун давом этади.

Фото: pikabu.ru

Ҳодиса юзасидан тафтишлар

Ҳодиса содир бўлгандан сўнг прокуратура жиноят иши қўзғатади ва ҳалокат сабабларини ўргана бошлайди. Суриштирув натижаларига кўра, капитан Клейманов, унинг катта ёрдамчиси штурман Е.Митенков ва ҳалокат пайтида теплоход бошқарувида бўлган Уваров айбдор деб топилади. Митенков ва Уваров ўша куни ҳалок бўлган, Клейманов тирик қолган эди.

Ҳалокат содир бўлишидан олдин Митенков бошқарувда бўлиши керак бўлган ҳолда каютасига кириб дам олади ва бошқарув тажрибасиз Уваровга қолиб кетади.

Оқибатда Уваров йўналишни тўғри ололмай теплоход кўприкнинг остидан ўтишда белгиланган жойдан эмас, бошқа жойидан ҳаракатланади.

Ўша куни кўприкдаги чироқ ҳам ўчиб қолган ва Ушаковнинг адашишига ва ҳалокат содир бўлишига шу ҳам сабаб бўлади.

Теплоход капитани Клейманов ҳалокат содир бўлган пайтда ўз каютасида бўлган. Кема зарб билан кўприкка урилганда капитан сувга тушиб кетади ва тирик қолади. Прокуратура унга қарши РСФСР Жиноят кодексининг 85-моддаси (Транспорт ҳаракати хавфсизлиги ва транспортдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноят иши қўзғатади.

Клейманов дарё флоти вазирлигининг кемаларда хизмат кўрсатиш низомини мунтазам бузиб келганликда, ҳалокат содир бўлганда одамларни қутқариш пайтида ўзини четга олганликда айбланади.

Капитан ўз ёрдамчиси Митенковнинг хизмат вазифаларини бажариши устидан етарлича назорат ўрнатилмагани бўйича ўз айбини тан олади. Одамларни қутқаришда қатнашмаганини ўзи ҳам жароҳат олгани ва шифокорлар унга зудлик билан шифохонага боришни тавсия қилгани билан оқлайди.

Аммо ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Клейманов ёлғон гапирганини ва ўша куни у жиддий тан жароҳатлари олмаганини маълум қилади. Гувоҳлар эса капитан ҳодиса содир бўлган заҳоти эмас, орадан бир неча соат ўтиб тиббий ёрдамга мурожаат қилганини айтишади.

Шу тариқа капитан айбдор деб топилади ва суд Клеймановга 10 йил қамоқ жазоси беради. У олти йил қамоқда ўтиргач соғлигидаги муаммолар туфайли озод қилинади ва 1990 йилда юрак хуружидан вафот этади.

Фото: pikabu.ru

Кейинчалик Клеймановнинг қизи отасини ноҳақ айблашганини айтиб чиқади. Унинг сўзларига кўра ҳалокатдан сўнг отасини қамаб қўйишади. Тезда партия сафидан ўчириб, суд қарори билан уларнинг квартирасидаги буюмларни ҳам тортиб олишади.

«Оиламиз ўртаҳол бўлган ва биз ота-онамнинг маоши ҳисобига яшаганмиз. Эсимда, дадамга қамоқдан ташқари етказилган зиён учун 6 минг рубл тўлаш жазоси берилганди. Суд қарорида 6 минг рубл уй жиҳозларимизни мусодара қилиш эвазига қопланиши назарда тутилганди. Ўшанда жиҳозларни олиб кетиш учун келган давлат ижрочилари уйимизда айтарли ҳеч нарса йўқлигини ва оддий шароитда яшаб келганимизни кўриб ҳайрон қолишган эди», деб эслаганди капитаннинг қизи.

Ҳалокатни яшириш

Ҳалокат содир бўлганнинг эртасига, 6 июн куни ҳодиса жойига Москвадан ҳукумат комиссияси етиб келади. Унга ўша пайтда СССР министрлар совети раиси ўринбосари лавозимида ишлаб турган Ҳайдар Алиев (Собиқ Озарбойжон президенти) бошчилик қилган.

Ҳукумат комиссияси етиб келгач Уляновск шаҳри бутунлай ёпиб олинади. Шаҳарга фақат теплоходда бўлганларнинг яқин қариндошлари киритилади. Ҳодиса юз берган жой ҳам ўраб олинади ва ҳеч ким яқинлаштирилмайди.

Ҳайдар Алиев 1980-йиллар
Фото: baku-media.ru

Телевидение ва матбуотда ҳалокат ҳақида ҳеч қандай хабар берилмайди. Ҳалокат содир бўлган куни теплоходда дам олаётган сайёҳларнинг асосий қисми Ростов вилоятида жойлашган йирик кўмир кони ишчилари ва уларнинг оила аъзолари бўлган. Тирик қолганларга ва вафот этганларнинг яқинларига ҳодиса ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса демаслик уқтирилади.

Кейинчалик, СССР тарқаб кетиши арафасида ҳалокат тафсилотлари матбуотда ошкор қилинади. Омма 1983 йилда Волга дарёсида содир бўлган ҳалокатда 200 киши ҳалок бўлганини, бошқалар тан жароҳатлари олиб ногирон бўлиб қолганини билишади.

Теплоходнинг кейинги тақдири

Ҳалокатда «Александр Суворов» теплоходининг ўзак қисмига шикаст етмаган, асосан юқори қаватлари вайрон бўлганди. Ҳодисадан сўнг теплоход бир йилча усти ўраб қўйилган ҳолда туради.

1984 йилда уни «Волжское пароходство» корхонасига бериб юборишади. Корхона теплоходни таъмирлаб яна сафга қайтаради.  Ўшандан буён «Александр Суворов» яна саёҳатчиларга хизмат қилмоқда.

Кейинчалик, 2008 йилда теплоход яна бир марта ҳалокатга учрайди. Бу сафар ҳеч ким жароҳат олмайди, кема енгил шикастланади. Ҳозирги кунда теплоход Нижний Новгород – Санкт-Петербург йўналишида қатновларни амалга оширмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид