Спорт | 17:21 / 29.01.2023
30550
2 дақиқада ўқилади

Теннис. Жокович Циципасни мағлуб этиб, Australian Open’нинг 10 карра ғолибига айланди

Мельбурн шаҳрида йилнинг «катта дубулға» таснифидаги дастлабки йирик турнири – Австралия очиқ чемпионати якунига етди.

Фото: Getty Images

Эркаклар ўртасидаги финал баҳсида сербиялик Новак Жокович грециялик Стефанос Циципасга қарши кортга чиқди. Уч соат давом этган финал ўйинида Жокович грециялик рақибини уч сетда 6:3, 7:6, 7:6 ҳисобларида мағлуб этиб, турнир ғолибига айланди. 

Жокович душанба куни ATP рейтингида Карлос Алькарасни ортда қолдириб, 1-ўринга кўтарилади.
Қайд этиш жоиз, 35 ёшли теннисчи коронавирус билан боғлиқ чекловлар пайтида эмланмагани сабабли 2022 йилги Австралия очиқ чемпионатига қўйилмаган эди. 

Шу тариқа, 2023 йилги турнир ғолиби бўлган Жокович фаолияти давомида Australian Open’нинг 10 карра чемпионига айланди.

Australian Open. Финал
Мельбурн, Австралия
Новак Жокович (Сербия) – Стефанос Циципас (Греция) - 6:3|7:6|7:6.

Маълумот учун, ушбу натижа билан Новак «катта дубулға» таснифидаги чемпионлик сонини 22тага етказиб, бу борада рекордчи бўлиб турган Рафаэль Надалга тенглашди. Жокович фаолияти давомида 10 марта Australian Open, 7 карра – «Уимблдон», 3 маротаба – US Open ва икки бор – «Ролан Гаррос» бош совринига эга чиққан. 

Умумий совринлари сони бўйича эса Жокович Мельбурнда 93-ғолиблигини расмийлаштириб, Надални ортда қолдиришга эришди. Сербдан олдинда фақатгина уч нафар теннисчи – Иван Лендл (94та соврин), Рожер Федерер (103) ва Жимми Коннорс (109) ўрин эгаллаган. 

Эслатиб ўтамиз, шанба куни аёллар ўртасидаги Австралия очиқ чемпионати финалида Қозоғистон вакиласи Елена Рибакина беларуслик Арина Соболенкога қарши баҳс олиб бориб, унда Соболенко 4/6, 6/3, 6/4 ҳисобларида ғалаба қозониб, Australian Open-2023 чемпионига айланганди.

Мавзуга оид