Жаҳон | 10:02 / 31.01.2023
9245
5 дақиқада ўқилади

ЖССТ пандемия тугаганини эълон қилишига айрим ҳудудлардаги вазият тўсқинлик қилмоқда

Хитойда коронавирус тарқалиши авж олган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) қўмитаси Женевада йиғилиб, COVID-19 пандемиясини тугаган деб эълон қилиш мумкинми ёки йўқлигини муҳокама қилишни бошлади.

Хитойда ковиднинг янги тўлқини пандемия якунланганини эълон қилиш масаласини савол остида қолдирди. Фото: EPA

Ўтган йил охирида ташкилот раҳбари коронавирус билан боғлиқ фавқулодда ҳолат тез орада бекор қилинишига умид билдирганди, бироқ Хитойда коронавирус тарқалиши кескин авж олиши ва 2023 йил бошида ўлим ҳолатлари сони глобал кўпайиши бу прогнозларни шубҳа остига қўймоқда.

ЖССТ коронавирусни глобал пандемия деб эълон қилганидан уч йил ўтиб, ташкилотнинг Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ушбу касаллик ҳали ҳам дунё аҳолиси учун жиддий хавф туғдирадими ёки йўқлигини баҳоламоқда.

Мутахассислар ўз хулосаларини ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесусга маълум қилади, улар асосида пандемия ҳолатини ўзгартириш ёки сақлаб қолиш бўйича якуний қарор қабул қилинади.

Касаллик тарқалиши ҳозирда халқаро аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятдир. Бу ЖССТ таснифига кўра таҳдиднинг энг юқори даражасидир.

Риторика ўзгарди

Ўтган йил сентябр ойида Гебрейесус пандемия тугашига оз вақт қолганига ишонч билдирган ва декабрда унинг 2023 йилда тугашига умид билдирганди.

Ўша пайтда, ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ковид билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг ўртача сони ҳафтасига 10 000 кишини ташкил этган – бу 2022 йил январига нисбатан беш баравар кам.

Бироқ, ўтган ҳафта ЖССТ раҳбари декабр ойидан бери дунё бўйлаб ковиддан вафот этганлар сони кўпайганидан хавотирда эканини билдирди.

Хитойда «нол бардошлилик» сиёсати бекор қилинганидан беш ҳафта ўтиб, расмийларга кўра, шифохоналарда Covid-19 билан боғлиқ 60 минг ўлим ҳолати қайд этилган. Фото: Reuters

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги саккиз ҳафта ичида дунёда 170 минг киши ковиддан вафот этган ва бу фақат рўйхатга олинган ўлимлар, ҳақиқий рақамлар анча юқори, деди Гебрейесус матбуот анжуманида.

Расмийларга кўра, Хитойнинг ковидга қарши кескин сиёсати бекор қилинганидан беш ҳафта ўтгач, шифохоналарда ушбу касаллик туфайли рўй берган ўлим ҳолатлари сони 60 мингни ташкил этди.

Бу ҳукуматнинг расмий маълумотлари, бироқ экспертлар фикрича, ҳақиқий кўрсаткич анча юқори, чунки бу рақамлар уйда вафот этганларни ўз ичига олмайди. Шунингдек, Хитойдаги кўплаб шифокорлар ковидни ўлимнинг асосий сабаби сифатида кўрсатмасликка ҳаракат қилишган.

«Юклама яна ошди»

«Биз пандемия авж олган уч йил олдинги ҳолатга қараганда анча яхши ҳолатда бўлсак-да, тиббиёт хизматига глобал юклама яна ошди», деди ЖССТ раҳбари.

Бунинг сабаби, Гебрейесуснинг сўзларига кўра, дунёда эмланганлар сони етарли эмаслиги, вирусга қарши дори воситаларидан фойдаланишнинг чекланганлиги ва нотекислиги, шунингдек, кўплаб мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимлари беморлар оқимига дош бера олмаётганидир.

ЖССТ раҳбари «сохта фан назариялари ва дезинформациялар оқими»ни пандемияни тўхтатишга уринаётган шифокорлар ва халқаро ташкилотлар учун жиддий муаммо бўлиб қолаётгани сабабларидан бири сифатида алоҳида таъкидлади.

Ковидга қарши чекловлар олиб ташланиши ва яна қайтиши

Хитойда янги ковид тўлқини бошланишидан олдин, кўплаб мамлакатлар, айниқса эмлаш даражаси юқори деб ҳисобланган мамлакатлар ниқоблар ва карантин чораларидан воз кечишди, бу эса пандемия тугашидан умидвор қилган эди.

Испания Европадаги жамоат транспортида ниқоб тақиш мажбурий бўлган кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. 7 февралдан бу қоида бекор қилинади.

Ковид ўта юқумли касалликлар тоифасига кўтарилган Японияда ҳозиргача қатъий карантин қоидалари сақланиб қолмоқда. Яқинда мамлакат ҳукумати ковиднинг 8 майдан бошлаб грипп каби нисбатан камроқ хавфли касалликлар тоифасига ўтишини маълум қилди. Бу эса ковидга қарши чекловларни, жумладан, ҳаракатланиш, оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини юмшатади.

Шу билан бирга, Хитойда янги ковид тўлқини туфайли бутун дунё ҳукуматлари январ ойида Хитойдан келаётган одамларнинг киришига чеклов қўйишни бошлади. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Австралия, Канада, Исроил Хитойдан келган одамларни мажбурий тест топширишини жорий қилди.

Мавзуга оид