70 фоизгача камайган қоғозбозлик – мактабдаги шароитдан ўқитувчиларнинг кўнгли тўляптими?
Устозларнинг кўпи мактаб таълимида охирги йилларда бўлган энг катта ўзгариш сифатида ўқувчиларни баҳолаш жараёни онлайн платформага ўтгани ва шу сабаб қоғоз журнал, кундаликлардан воз кечилгани бўлганини айтишмоқда. Қолаверса, сўнгги 5-6 йилда мажбурий меҳнат барҳам топгани ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашига кўпроқ вақт қолдиряпти деган фикрда
Таълим жуда секин ўзгараётган соҳа бўлишига қарамай, охирги йилларда бу соҳада айрим ўзгаришларни кўриш мумкин. Бу ҳақда бир неча йиллардан бери Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ишлаб келаётган ўқитувчилар фикри билан қизиқдик.
Биз суҳбатлашган устозларнинг кўпи мактаб таълимида охирги йилларда бўлган энг катта ўзгариш сифатида kundalik.com платформаси ишга тушгани ва шу сабаб қоғоз журнал, кундаликлардан воз кечилгани бўлганини айтмоқда. Қолаверса, ўқитувчилар мактабларда мажбурий меҳнат бекор қилингани ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашига кўпроқ вақт қолдиряпти деган фикрда.
Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги 178-мактаб ўқитувчиси Раъно Тожибоева:
– Мактаб таълими рақамлаштиришга ўтилгани ўқитувчилар учун жуда катта енгиллик бўлди. Тўғри бу соҳада ишламаган одам бунинг қанчалик муҳимлигини билмаслиги мумкин. Лекин шу ўзгариш биздаги қоғозбозликни 70 фоизгача қисқартириб юборди. erp.maktab.uz деган платформа ишлаб чиқилгани рақамлаштиришдаги энг асосий воқеа бўлди. Бунда вилоятга кетадиган ёки вилоятдан Тошкентга келадиган ўқувчиларнинг келиш-кетиш талонлари онлайн жойлаштирилган бўлади. Олдин шу талонларнинг қоғоз вариантини олиб келиб юриш керак эди. Ва буни 3-4 кун кутиш керак бўлар эди. Ҳозир бу бир неча сония ичида ҳал бўлади. Ёки олдинлари аттестатингиз йўқолиб қолса, мактабга келиб, архивдан топиб қайта тиклашингиз керак эди. Ҳозир шуни ҳам онлайн олиш имкони бор. Бундан ташқари, тоифа олиш тизими ҳам қулай ва тезлашди. Олдинлари олий тоифа учун 15 йил ҳаракат қилиш керак эди, ҳар 5 йилда навбатга қўйиларди. Ҳозир навбатдан ташқари пулни тўлаб туриб, тоифа олиш йўлга қўйилди. 1,5 йилда ўқитувчи олий тоифага эга бўла оляпти. Педагог ходимлар тоифасини 1 йилда 2 марта ошириш имконига эга бўлди.
Бекзод Яхшибоев, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани 13-мактабнинг тарих ўқитувчиси:
– Мен ишлайдиган мактаб Деҳқонобод туманидаги Бойқўрғон қишлоғида жойлашган. Мактабимиз марказдан анча узоқ, жами 500га яқин ўқувчи бор. Илгари ўзимиз бош бўлиб мактаб ўқувчиларини пахта далаларига олиб чиқардик. Эрталаб 8да уйдан чиқиб кетиб, кеч 6-7да қайтардик. Жуда чарчаганимиздан дарс ҳақида ўйлолмасдик ҳам.
2 ойлаб тинимсиз пахтага чиқиб кетардик. Ҳатто болаларга кунлик норма ҳам қўйиларди. Уйларидан 10 километр масофагача олиб кетган вақтларимиз ҳам бўлган. Овқат, сув танқис. Пахта терган қўлларимизни ювишга сув ҳам тополмаган вақтларимиз бўлган. Ўқувчилар кичкина жуссасида 30-40-50 килоли қопларни кўтариб чиқарди даладан. Бундай ҳолатда ўқиш ҳақида қандай ўйлаш мумкин? Хуллас, 9 ойлик таълимнинг 2 ойини далаларда яшардик. Мана ўқитувчи ва ўқувчиларсиз ҳам пахта терса пахта бўлар экан-ку. Ҳозир бу ҳақда гапиришни ҳам истамайман.
Фотима Абдуҳалимова, Бухоро вилояти, Пешкў тумани 9-ИДУМнинг география фани ўқитувчиси:
Айнан ўзим ишлайдиган мактабда ўқитувчилар умуман мажбурий меҳнатга жалб этилмайди, ҳатто битта супурги ҳам ушламаймиз. Қолаверса, мактаб директори Комила Ҳодиева ўқитувчиларга мажбурий меҳнатга тиш-тирноғи билан қарши туради. Лекин меҳнатга мажбурлаш бутунлай йўқ бўлиб кетмаган. Тумандаги бошқа айрим мактабларда ҳамон ўқитувчиларни мактаб ҳовлисини тозалашга олиб чиқишганини кўрганман.
Яна тинимсиз қоғозга чиқар, муҳр бостир-бостир ишларидан қутулганмиз. Kundalik.com, attestat.uz сайтлари бор, уларга ҳамма маълумотларини киритиб қўямиз. Шу билан қоғоз деб бошимизни оғритиб юрмаймиз. Конспектлар ҳам йўқ бўлди. Фақат йиллик режамиз бор. Шунинг ўзини қилиб қўйиб, дарс берамиз.
Малика Абдуллаева, Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 300-мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари:
– Олдинлари турли масалаларда юқори ташкилотларнинг аралашувлари кўп бўлар эди. Ҳозир шу нарса кескин камайиб боряпти. Биз ҳам қайсидир маънода эркин ижод қилишимиз керак. Шунинг учун айни дамда эркинликка кўп эътибор берилган. Ўзимиз хоҳлагандек ишлаш имкониятига эга бўляпмиз. Ҳозирги кеча-кундузда электрон доскалар берилгани ўқувчиларнинг дарсга қизиқишини анча орттирди. Унинг ранг-баранглиги, анимацион ҳаракатли видеолар қўйиш имконияти борлиги айниқса, ўқувчиларда дарсда ўтиришга иштиёқ пайдо қиляпти. Ва шу доскани kundalik.comʼни тўлдиришда ҳам ишлата оламиз. Бундан ташқари унда ёзиш мумкин. Бўрли доскалардан қутулдик.
Шу билан бирга ҳозир хориж тажрибасини ўргандик. Уларда бир мавзуни 20 хил услубда ўтиш ишланмалари яратилган экан. Биз шуни 4 хил услубда қиляпмиз. Яъни ўқувчи, синф характери, ўқувчилар билим даражасига қараб ўша дарс ишланмаларидан бирини танлаймиз. Битта метод билан ҳамма синфга ҳам дарс ўтавермаймиз. Кейинги йилдан бу тизим барча синфлар кесимида жорий қилинади.
Исроил Тиллабоев, математика фани ўқитувчиси:
– Ўқитувчилар билимига кўра, олган устамаларига қараб сертификатлар берилаётгани устозлар учун яхши рағбатлантириш бўлди. Энг коррупцион системалардан бўлган фан олимпиадалари шаффоф ва ҳаққоний тизимга айлантирилганини эътироф этиш мумкин. Авваллари фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларга умуман пул берилмаган, ҳозир ҳар бир ғолиб рағбатлантирилмоқда. Халқаро фан олимпиадалари ғолибларига эса 120 миллиондан ошиқ пул мукофотлари бериляпти. Уларнинг устозлари ойлигига эса 100 фоиз устама қўшилмоқда.
Бундан ташқари, 7-синфдан бошлаб ўқувчиларга ўзлари танлаган йўналиш бўйича ўқиш имкониятини берувчи 15 та йўналишда вариатив синфлар ишлаб чиқилди. Ҳозир улар сони 1100 тадан ошди.
Яна бир нарсани эслаб кетишни жуда хоҳлар эдим. Тарихда илк бор 2020 йили ўқитувчилар учун фоизсиз автомобиллар ажратилганди. Ўқитувчилар 2 йил давомида фақат машина таннархини бўлиб тўлашганди. Шу нарсанинг қайтарилишини жуда кўп ўқитувчи истайди.
Мавзуга оид
15:21 / 24.07.2023
Мактаб ўқитувчиларига 7,8 млрд сўмлик таътил пуллари ундириб берилди
07:31 / 14.07.2023
Янги ишга кираётган хорижий тил ўқитувчиларига B2 даражадаги сертификат мажбурий бўлади
18:39 / 27.06.2023
Ўқитувчиларнинг таътили 56 кун этиб белгиланди
20:40 / 22.06.2023