Жаҳон | 09:53 / 09.02.2023
7456
2 дақиқада ўқилади

НАТО давлатлари Украинага 120 млрд долларлик ёрдам берди

Деярли бир йиллик урушда НАТОнинг 30 иттифоқчиси Украинага мисли кўрилмаган ёрдам кўрсатди, деди Йенс Столтенберг. Унинг фикрича, бу АҚШ, Канада ва Европа «елкама-елка» турганда қанча иш қилиш мумкинлигини кўрсатади.

Йенс Столтенберг / Фото: Reuters

НАТО давлатлари Украинага 120 миллиард долларга яқин (112 миллиард евро) ҳарбий, гуманитар ва молиявий ёрдам кўрсатган. Бундай маълумотларни 8 февраль, чоршанба куни Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. Трансляция АҚШ Давлат департаменти томонидан Twitter'да эълон қилинди.

Деярли бир йил аввал Россия уруши бошланганидан бери НАТО бўйича жами 30 иттифоқчи Украинага мисли кўрилмаган ёрдам кўрсатди, деди Столтенберг, Қўшма Штатлар энг йирик иттифоқчи сифатида «ажралмас рол» ўйнамоқда. Европадаги иттифоқчилар ва Канада ҳам ёрдамни кучайтирди - улар биргаликда танклар, илғор ҳаво мудофаа тизимлари ва бошқа ҳарбий техника билан таъминлаб, барча ёрдамнинг ярмидан кўпини кўрсатдилар, деди у.

Бундан ташқари, Европа давлатлари қарийб 5 миллион украиналик қочқинни қабул қилди, мисли кўрилмаган санкциялар киритди ва Россия гази ва нефтидан бош тортмоқда, дея давом этди Столтенберг. Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар Европа ва Шимолий Америка «елкама-елка» турганда «қанчалик кўп иш қила олишини» намойиш этади.

НАТО бош котибининг қўшимча қилишича, Россия президенти Владимир Путин «агар Украинадан қўшинларини олиб чиқиб, музокаралар столига ўтирса, бугун бу урушни тугатиши мумкин». «Аммо, афсуски, биз Россия тинчликка тайёрланаётгани аломатларини кўрмаяпмиз. Аксинча, Москва янги ҳарбий ҳужумларга тайёрланмоқда. Шунинг учун Украинани ҳудудни қайтариб олиши ва суверен мустақил давлат сифатида ғалаба қозониши учун зарур бўлган қурол-яроғлар билан таъминлашда давом этишимиз керак», - деди Йенс Столтенберг.

У Россиянинг ғалабаси «Украина учун фожиа бўлиши», шунингдек, бутун Шимолий Атлантика иттифоқи учун ҳам хавф туғдириши ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид