Спорт | 19:02 / 14.02.2023
30263
10 дақиқада ўқилади

Можаролар ва таркибдаги муаммолар. «ПСЖ» ЕЧЛ плей-оффига тайёрми?

Париж суперклуби «Бавария»га қарши ўйин олдидан муваффақиятсизликка маҳкумдек кўринмоқда.

Фото: Reuters

Бугун, 14 феврал куни Европа Чемпионлар лигаси плей-офф баҳсларига старт берилади. Нимчоракфинал доирасидаги дастлабки кун ўйинларидан мусобақанинг марказий қарама-қаршилиги ўрин олган. «ПСЖ» ўз майдонида «Бавария»ни қабул қилади, «Тоттенҳэм» «Милан» меҳмони бўлади.

ЕЧЛ. 1/8 финал. Биринчи ўйинлар
«Пари Сен-Жермен» - «Бавария»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: Спорт 
«ПСЖ»: Доннарумма; Данилу, Маркиньос, Рамос; Ҳакими, Верратти, Фабиан Руис, Нуну Мендеш; Витинья; Месси, Неймар
Ўйнамайди: Мюкиле (жароҳат), Ренату Саншеш (жароҳат)
Сўроқ остида: Мбаппе (жароҳат)
Огоҳлантирилса жавоб ўйинини ўтказиб юборади: Рамос, Верратти
«Бавария»: Зоммер; Канселу, Упамекано, де Лихт, Дэвис; Киммиҳ, Горецка; Сане, Мусиала, Коман; Мюллер
Ўйнамайди: Нойер (жароҳат), Эрнандес (жароҳат), Мане (жароҳат), Мазрауи (бетоб), Ваннер (бетоб)
Огоҳлантирилса жавоб ўйинини ўтказиб юборади: Киммиҳ, Мазрауи.

«Милан» - «Тоттенҳэм»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00

ТВ-трансляция: Ёшлар
«Милан»: Миранте; Калабрия, Калюлю, Томори; Салемакерс, Тонали, Крунич, Тео Эрнандес; Браим Диас, Рафаэл Леау, Жиру
Ўйнамайди: Флоренци (жароҳат), Бинносир (жароҳат)
Огоҳлантирилса жавоб ўйинини ўтказиб юборади: Балло, Крунич, Томори
«Тоттенҳэм»: Форстер; Ромеро, Дайер, Дэвис; Эмерсон, Скипп, Сарр, Перишич; Кулусевски, Кейн, Сон
Ўйнамайди: Ҳейберг (дисквалификация), Бентанкур (жароҳат), Льорис (жароҳат), Сессеньон (жароҳат), Биссума (жароҳат)
Огоҳлантирилса жавоб ўйинини ўтказиб юборади: Бентанкур, Дайер, Лангле.

Қора ҳафта

«ПСЖ»нинг «Монако»га қарши ўйини кунида гўёки бўлиши мумкин бўлган муаммоларнинг барчаси бир нуқтага йиғилди. Биринчидан, жамоа Франция кубогини тарк этиши ортидан Месси ва Верратти шусиз ҳам тўла бўлган лазаретга бориб қўшилди, бош мураббий Ҳакими ва Серхио Рамосга тушаётган юкламани камайтиришга ҳаракат қилиб, уларнинг иккисини ҳам захира ўриндиғида қолдирди. Иккинчидан, жамоада ичак вируси тарқалган, шанба куни майдонда бўлган Витинья ва ўйинни ўтказиб юборган Фабиан Руис шу касалликни бошдан кечирган.

Парижликлар йил бошидан буён лига 1 чемпионатида уч ўйинда мағлубиятга учради (барчаси сафарда) — «Ланс» (1:3), «Ренн» (0:1) ва «Монако» (1:3). Қолаверса, уйда «Реймс»га қарши ўйинда ғалаба қўлдан чиқарилди (1:1) ва энг ашаддий рақиб «Марсел»дан мағлуб бўлиниб (1:2), Франция кубоги тарк этилди.

Табиийки, фанатлар норози. Шунчаликки, шанба кунги мағлубиятли ўйиндан кейин улардан узр сўраш учун шу куни «ПСЖ»ни ҳисоб янада йирик бўлиб кетишидан сақлаган Доннарумма ва жамоа сардори Маркиньосгина рози бўлди. Якунда меҳмонлар секторига қўлида мегафон тутган Кимпембе йўл олди. Бу бироз ғалати қарор, жароҳат туфайли Қатардаги мундиални ўтказиб юборган ҳимоячи ноябр ойидан буён ўйнамаган ва Монакодаги ўйин охирида 10 дақиқа ўтказганди — бу сўнгги уч ойда унинг илк бор майдонда кўриниш бериши бўлди.

Шу билан бирга у клуб тарбияланувчиси ҳисобланади ва фанатларни хорижлик юлдузларга қараганда яхшироқ тушунади, шунинг учун Кимпембенинг қўллаб-қувватлашда давом этиш ва бирдамлик кўрсатиш кераклиги ҳақидаги сўзлари мухлислар учун самимий эшитилди. Қолаверса, унда, масалан шу куни жамоанинг ягона голини урган 16 ёшли Заир-Эмери билан солиштирганда тажриба ҳам каттароқ. Шу билан бирга, ушбу ўсмир айни вақтда зулматда қолган Париж салтанатидаги кам сонли ёруғлик нурларидан бири бўлиб турибди ва олқишларга сазовор бўлмоқда. «Агар 16 ёки 17 ёшдаги футболчи бошқалардан кўра яхшироқ тайёр бўлса, у ўйнайди», — дея ушбу яримҳимоячини мақтади Кристоф Гальтье.

Варрен Заир-Эмри. Фото: Reuters

«Неймарнинг янги финти»

Бу бош мураббийга тегишли ибора — аниқроғи, унинг жамоадаги рақобат ҳақидаги нутқидан парча. «ПСЖ»да муаммолар фақат жароҳатлар туфайли эмас, балки қишки трансфер компаниясидаги муваффақиятсизлик билан ҳам боғлиқ. Сарабияни «Вулверҳэмптон»га ижарага бериб юборган парижликлар «Челси» томонидан ҳужжатлар уч бор нотўғри юборилиши оқибатида Зиёшни «Парк де Пренс»га олиб кела олмади. Бу эса раҳбариятнинг трансферлардаги иккинчи муваффақиятсизлиги бўлди, ёзда Мбаппе билан шартнома янгиланганида Левандовскини олиб келиш ваъда қилинган, амалда эса «Реймс»дан 20 ёшли Экитикени харид қилиш билан чекланилганди.

Шундай экан, Гальтье жамоа ўйинини ўз ихтиёридаги бор таркиб асосида қуришига тўғри келади. У ёздан буён ўйнаб келинган 3-4-3 схемасидан воз кечишга, 17 ёшли Битшиабу ва Ҳусни, шунингдек 18 ёшли Гарбидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Жамоанинг Мессидан ташқари бошқа юлдузлари жаҳон чемпионатидан кейин формада эмаслиги туфайли интизом борасида саволлар туғдирмайдиган ёшларга ўйнатилмоқда. Неймар эса Le Parisien нашрида чиққан мақоладан кейин можаролар гирдобида қолди.

Нашр маълумотига кўра, бразилиялик футболчи 31 ёшини дабдабали нишонлаб, қўшниларини безовта қилган. Хабарда айтилишича, қўшниларнинг полиция чақиришга уринишлари бесамар кетган, Неймар яшайдиган Бюживал шаҳарчаси мэри эса эрталабга қадар давом этган чемпионлик базмини эслаб, бундай катта пул топувчи одамга 135 евро миқдоридаги жарима билан таъсир қилиб бўлмаслигидан ёзғирган. Бу мақоладан кейин расмийлар уй эгаси билан боғланишган, улар муаммони футболчининг отаси билан муҳокама қилишга ваъда беришган. Умуман олганда, бу Неймарга хос бўлган воқеа ва бу унинг футбол ўйнашига халал бермайди. Шунчаки умумий инқироз фонида бундай ҳолатлар оғриқли қабул қилинади ва Гальтье билан гаплашиб олишни талаб қилаётган фанатларнинг ғашига тегади.

«Бизга интенсивлик етишмади. Бу жамоанинг ҳозирги ҳолати. Бу ҳайрон қолдиради, аммо тўғриси шу. «ПСЖ» мураббийи бундай гапларни айтиши ғалати, аммо реаллик шундай. Мен «Бавария» билан ўйин арафасида ташвишдаман. Бизнинг жамоамиз кучсизланган, аммо хаёлимизни кераксиз нарсалар билан банд қилмаслигимиз керак. Мен мухлисларнинг ғазабини ҳам тўғри тушунаман», — дея тан олди жамоа бош мураббийи «Монако»дан учралган мағлубиятдан кейин.

Неймар. Фото: AFP

Асаблар дош бермаяпти

Ҳозирда асосий масала — «ПСЖ»нинг сешанба оқшомидаги ўйин учун таркиби қандай бўлишида. Ҳозирдан айтиш мумкинки, шанба кунги ўйинда дам берилиб, фақат захирадан қўшилиш билан чекланган Серхио Рамос ва Ҳакими, шунингдек 90 дақиқа давомида захира ўриндиғида қолган Нуну Мендеш бошланғич таркибда бўлади. Гальтье Месси ва Верратти сафга қайтишига умид қилмоқда, L'Equipe инсайдлари уларнинг майдонда бўлиши ҳақида хабар қилган. Аммо Мбаппенинг ўйиндаги иштироки — савол остида. Икки кун олдин бундай эҳтимол истисно қилинаётганди, аммо форвард бирданига тикланди ва мураббий унинг иштироки бўйича ўйин куни қарор қабул қилишга ваъда берди.

Бу вазият учун энг оқилона баҳодир, чунки мавсумда ўйинлар сони кўп, «Бавария»га қарши жавоб ўйини эса — фақат уч ҳафтадан кейин ўтказилади. Шунга қарамай, парижликлар жамоасида асаблар таранглашган. Масалан, Гальтьенинг ўзи ҳам  мюнхенлик ҳамкасби Юлиан Нагелсманнинг парижликлар покер ўйинидаги усуллардан бирини қўллаши мумкинлигига ишора қилиб айтган сўзларига анча кескин муносабат билдирди. Германиялик мутахассис ҳатто ўз сўзларига изоҳ беришига тўғри келди ва сўзларида ҳеч қандай фитна йўқлигини билдирди. У шунчаки Мбаппенинг жароҳати ҳақида расмий маълумот силлиқлаштирилгани ва Германия чемпионлари «ПСЖ»нинг таркибда Килиан ҳам бўлган энг яхши версиясига қарши ўйнашга тайёрланишини айтди.

Килиан Мбаппе. Фото: AFP

Миш-мишларга кўра, парижликлар клубида айни вақтда ишдан бўшаш хавфи остида турган спорт директори Луиш Кампуш иштирокида яна бир можаро рўй берган. L'Equipe маълумотига кўра, «Марсел»га қарши мағлубиятли ўйиндан кейин у футболчиларга босим ўтказмай, ўзини тийган, аммо «Монако»га қарши ўйиндан кейин кийим алмаштириш хонасида футболчиларни қаттиқ танқид қилган. У ўйинда тажовузкорлик йўқлиги ҳақида гапирган, аммо унинг сўзлари Неймарнинг жаҳлини чиқарган. Уларнинг иккиси бир-бири билан баланд овозда даҳанаки жанг бошлаган, Маркиньос вазиятга аралашиб, томонларни тинчлантиришига тўғри келган.

Бу вақтда RMC Sport Неймарнинг ўзи майдонда Витинья ва Экитикега эътироз билдирганига эътибор қаратди. Оддий ўйин вазиятлари ҳам жамоадаги ички инқироздан дарак бермоқда. Жамоа сардори Маркиньос интервюларда қанчалик тўғри сўзлар танлаётган бўлмасин, уларни фақат «Бавария» билан ўйиндаги амалий ҳаракатлар билан мустаҳкамлаш мумкин. Ўйин арафасида эса парижликлар клуби Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига тайёрдек кўринмаяпти.

Мавзуга оид