Жаҳон | 19:51 / 14.02.2023
17337
11 дақиқада ўқилади

Украина учун «Тайфун». Британия Киевга ўз қирувчи самолётларини бериши мумкинми?

Журналистларнинг «АҚШ Украинага F-16 қирувчи самолётларини юбориши мумкинми?» деган саволига президент Байден «Йўқ» дея жавоб қайтарган. Буюк Британия бош вазири Риши Сунак эса Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Киевга жанговар самолётлар етказиб бериш ҳақидаги илтимосига «Ҳамма нарсани муҳокама қилиш мумкин», дея жавоб берди.

Eurofighter Typhoon замонавий қирувчи самолёт, аммо камчиликлари бор.

Даунинг-стритнинг хабар беришича, Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес аллақачон Украинага қандай самолётлар етказиб берилиши мумкинлигини ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Тўғри, вазирнинг ўзи BBC нашрига айтганидек, иш унчалик тез битмайди ва самолётларни етказиб бериш бир неча ойга чўзилиши мумкин.

Агар Буюк Британия қироллик ҳарбий-ҳаво кучларида мавжуд бўлган самолётлар ҳақида гапириладиган бўлса, юбориладиган самолётлар борасида шунчаки танлов йўқ: қироллик авиациясида фақатгина Eurofighter Typhoon қирувчилари ва Украинага берилмайдиган замонавийроқ F-35Б самолётлари бор.

Украинадаги уруш бошлангандан бери Ғарб Украинани энг сўнгги тизимлар билан таъминламоқда, аммо қирувчи самолётлар алоҳида ҳолат бўлиб, сиёсий, технологик ва бошқа сабабларга кўра F-35 самолётларини Киевга етказиб бериш имконияти мутлақ истисно қилинган (яъни ҳеч қачон етказиб берилмайди).

Замонавий қирувчи

«Taйфун» — бу қирувчи самолёт бўлиб, унинг авлодини баъзи шарҳловчилар 4++ ёки 4,5 деб атайди. Бу янги Dassault Rafale ёки Saab Gripen самолётларига, шунингдек модернизация қилинган Су-35 ёки F-16E самолётларига мос келадиган анча яхши замонавий даража.

Ушбу авлод самолётлари маълум хусусиятлар билан ажралиб туради — улар ривожланган авионикага эга. Шунингдек, бу самолётларда учувчига самолётни бошқаришда ёрдам берадиган кучли борт компьютери, замонавий радарлар, рақамли ахборот алмашиш тизими, радиоэлектрон қарши кураш ускуналари, энг янги қуроллардан фойдаланиш қобилияти ва ниҳоят, радарда кўринишини камайтирувчи технологиялар мавжуд.

Ҳиндларнинг Су-30МКИ ва французларнинг Rafale самолётлари машғулот чоғида – булар 4++ авлодига мансуб қирувчилар. Фото: AFP

Бироқ, агар 4++ даражасида модернизация қилинган қирувчи самолётларда ушбу хусусиятларнинг барчаси мавжуд самолётга ўрнатилиши керак бўлган бўлса, 1990-йилларда ишлаб чиқарилган самолётлар дастлаб ушбу ишланмалар асосида яратилган бўлиб, улар самолётларнинг органик қисмига айланган.

«Тайфун»нинг имкониятлари ҳайратланарли: у 13 та қўллаб-қувватлаш тугуни ёрдамида 9 тонна ўқ-дорини кўтара олади. F-16С’да бу кўрсаткич 11 тугунда 7,7 тоннани, МиГ-29’да эса олтита айланада 3 тоннани ташкил қилади.

«Тайфун» аллақачон Европа ва АҚШнинг авиацион ракеталари ва бомбаларидан фойдаланишга мослаштирилган. Шу билан бирга, самолёт дастлаб ҳаво жанги учун яратилган бўлиб, шу боис яхши манёвр ва тезликка эга.

Бу энг яхши вариант эмасми?

Аммо Британиянинг «Тайфун»лар флоти қатор камчиликларга эга. Даунинг-стрит мамлакат мудофаа вазирлиги қирувчи самолётларни Киевга етказиб бериш масаласини ўрганиши ҳақида хабар бергандан сўнг (бу ерда фақатгина битта вариант бор), бу ғоя мутахассислар томонидан дарҳол танқид қилинди.

Қиролликнинг Бирлашган мудофаа тадқиқотлари институти «Тайфун»ларни Украинага юбориш пулни самарасиз сарфлаш бўлади, деб ҳисоблайди.

ҚБМТ экспертлари фикрича, биринчидан, Британия Украинага «Тайфун»нинг энг сўнгги версияларини бериши даргумон. «Тайфун» замонавий қирувчи бўлишига қарамай, аллақачон Tranche 1, 2, 3, 4 деб номланган тўртта асосий модернизациядан ўтган.

Typhoon – юқорида манёврлар қилишга мослашган самолёт, аммо Украинада максимал даражада пастлаб учишга тўғри келади

Асосий ўзгаришлар бортдаги рақамли ускуналар ва дастурий таъминот бўйича бўлган. Кўп жиҳатдан ҳисоблаш тизимларига таянадиган бугунги замонавий самолётларда бундай янгиланишларни фундаментал янгиланишлар деб ҳисоблаш мумкин.

ҚБМТ маълумотларига кўра, Tranche 1’нинг асосий версияси 200 километр масофага учувчи Европа типидаги «Метеор» зенит ракетасидан фойдалана олмайди ва шунинг учун америкаликлар билан ушбу самолёт ишлата оладиган AIM-120D ракеталарини етказиб бериш бўйича алоҳида музокара олиб бориши керак бўлади. Бу эса самолётларни етказиб бериш жараёнини қийинлаштиради.

Бундан ташқари, ҚБМТ маълумотларига кўра, «Тайфун»лар принципиал жиҳатдан паст баландликдаги парвозлар учун оптималлаштирилмаган. Унинг қуроллари юқори баландликда фойдаланиш учун мослаштирилган.

Бироқ, ҚБМТ ёзганидек, ҳаво жангларида Россиянинг узоқ ва ўрта масофага мўлжалланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг қаршиликларига дуч келган қирувчилар паст баландликда учишига тўғри келади, бу эса уларнинг қуроллари имкониятларини сезиларли даражада чеклайди.

Нафақат ҚБМТ мутахассислари, балки бошқа экспертлар ҳам таъкидлаётган иккинчи муаммо шуки, Украина ҳарбий-ҳаво кучларига ёмон тайёрланган учиш йўлакларидан ҳавога кўтарила оладиган оддий самолётлар керак.

RUSI’дагилар паст баландликдаги миссиялар Typhoon’нинг самарадорлигини пасайтиради деб ҳисоблашади, лекин қироллик авиациясида учувчилар пастлаб парвоз қилишга ҳам ўргатилади. Фото: Getty Images

«Тайфун»га эса мукаммал инфратузилмага эга яхши аэродромлар лозим. Украинада бундай аэродромлар бор, аммо самолётларни кўпроқ жойга тарқатиш учун кўпроқ аэродромлар керак. Акс ҳолда Россия улар жойлашган аэродромга ёппасига ракета зарбаси бериши мумкин.

Ва ниҳоят, британиялик экспертлар таъкидлашича, «Тайфун»лар, айниқса, биринчи сериялар Сурия ва Ироқдаги масофавий операциялар ҳамда Европадаги патруллар доирасида тез-тез учиши туфайли эскирган.

F-16 варианти

Украиналиклар улар учун энг яхши танлов АҚШнинг F-16 самолётлари эканлигини қайта-қайта такрорлади. Қирувчининг ўзига яраша афзалликлари ва камчиликлари бор, аммо Киев айнан шу самолёт уларга берилиши керак дея ҳисобламоқда.

F-16 ҳақиқатан ҳам бир неча марта модернизация қилинган жуда самарали ва кучли самолёт. F-16 самолётлари сони «Тайфун»га қараганда анча кўпроқ, шунинг учун уларни топиш осон. Бу самолётлар учун эҳтиёт қисмлари ҳам, тажрибали ходимлар ҳам кўп.

F-16’нинг камчилиги шундаки, у ҳам яхши тайёрланган аэродромлар ва сифатли техник хизмат кўрсатишни талаб қилади. Улар учун янги аэродромлар қуриш, учувчилар ва техник ходимлар АҚШда тайёрланиши керак.

Украинлар кўп бор F-16 самолётларини афзал кўришларини айтишган. Фото: Getty Images

Ёки АҚШда тайёрлашга ҳожат қолмаслиги ҳам мумкин. Буюк Британия Украина қуролли кучлари учувчиларини Ғарб қирувчиларида жанг қилишга ўргатишга ваъда берди.

Британияликлар Украина учувчиларини АҚШ самолётларини бошқариш учун тайёрлай оладими?

«Албатта, ва нафақат учувчиларни, балки қирувчиларга техник хизмат кўрсатиш керак бўладиган мутахассисларни ҳам», дея хабар берган BBC нашрига Украина ҳарбий-ҳаво кучларидаги манба.

Mach Loop — паст баландликдаги парвозлар машқ қилинувчи Уэлсдаги машҳур авиация полигонидир. У ерда америкалик учувчилар ҳам машқ қилади. Полигонда F-15, F-18, F-22 ва F-16 самолётларини кўриш мумкин. Уларнинг баъзилари бошқа мамлакатларга, масалан, Белгия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли.

Хуллас, Британияда F-16’га техник хизмат кўрсатиш учун инфратузилма мавжуд, демак бу ерда учувчиларни ҳам ўқитиш мумкин.

Учувчиларни қанчалик тез ўқитиш мумкин?

2022 йил июл ойида Air Force журнали Украина ҳарбий-ҳаво кучлари матбуот котиби Юрий Игнатдан иқтибос келтирган ҳолда украиналик қирувчи самолётлар учувчилари ҳақида мақола чоп этди. Игнатнинг сўзларига кўра, F-16 самолётларини бошқарувчи учувчиларни тайёрлаш учун олти ой керак бўлади.

«Биринчи босқич, яъни А нуқтадан Б нуқтага учиш бир неча ҳафта давом этиши мумкин, аммо жанг қилиш, ракеталардан фойдаланишни ўрганиш учун тахминан олти ой вақт кетади», деган Украина ҳарбийси.

War Zone онлайн нашри F-16 учувчилари билан интервю уюштириб, ушбу турдаги самолётларни бошқаришни ўрганиш учун қанча вақт кетишини сўраган.

«Ғарб типидаги қирувчи самолётда тахминан 500 соат парвоз қилган, лекин илгари ҳеч қачон F-16’да учмаган учувчи (масалан, кимдир Hornet’да учган), ҳамма нарсани ўрганиши учун танаффуслар ва иш кунларисиз 69 кун керак бўлади. Шунда учувчи Viper’дан (F-16’нинг норасмий номи) ҳаво жанглари ва ердаги нишонларга зарбалар беришда хавфсиз фойдаланиши мумкин», деган тажрибали F-16 учувчиси.

Ушбу даврда ўқув парвозлари ва юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланиш синовлари ўтказилади. Аммо бу муддат якунида пилот фақатгина асосий учиш кўникмаларга эга қанот учувчиси бўлади. Авиацияда бошқа тажрибали пилот – бошқарувчи билан тандемда учувчи пилотларни шундай аташади – қанот учувчиси бошқарувчи пилотнинг буйруқларига бўйсунади ва уни бошқа самолётларнинг ҳужумларидан ҳимоя қилади.

«Су-35 ва ҳатто Су-27’га қарши (Су-30, Су-34 ва Су-35’лар асос қилиб олинган қирувчи самолётнинг асосий версияси) баҳсли ҳаво ҳудудида жангга кириш кўп йиллик тажрибани талаб қилади. Ускуналар билан деярли таниш бўлмаган янги учувчига бундай вазифани ишониб топшириш мумкин эмас! Сиз катта имкониятларга эга самолёт олишингиз мумкин, лекин агар учувчи бу имкониятлардан тўғри фойдаланишни билмаса, унда буларнинг барчаси бефойда. Шундай қилиб, МиГ-29’дан кўчиб ўтган учувчи учун мутлақо янги интерфейсни ўзлаштириши керак бўлади. Бу ерда ҳамма нарса бошқача кўринади, унга уч ой ичида у олдин фақат ўқиган қуролидан фойдаланишни ўргатиш ва жангга ташлаш – бу қийин иш», деган учувчи.

Бошқа томондан, Air Force Magazine журнали ёзишича, украиналик учувчилар параметрлари бўйича рус қирувчиларидан устунроқ бўлган эски МиГ-29 самолётлари билан ҳаво жангларини ташкил этишга муваффақ бўлди. Улар узоқ масофада кўринмаслик учун паст баландликда радар ўчирилган ҳолда учиб, турли тактик найранглар ўйлаб топди. Демак, янги типдаги самолётларни бошқаришга катта эҳтимол билан анча тажрибали учувчилар ўқитилади.

Бундан ташқари, МиГ ва F-16’нинг янги версияларида учган учувчиларнинг айтишича, АҚШ ҳаво машиналарини бошқариш анча осонроқ ва қулайроқ.

Мавзуга оид