Ўзбекистон | 14:54 / 15.02.2023
15834
14 дақиқада ўқилади

Кимёвий ўғитларга тўйинган тупроқ: Экинзорларимизни қандай қутқариш мумкин?

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги майдонларига бериладиган ўғит миқдори жаҳон даражасидан бир неча карра кўп. Бу эса ўз-ўзидан экинзорларнинг сифатини тушириб, озиқ-овқат хавфсизлигига дахл қилади. Kun.uz бу борадаги ҳозирги аҳволимиз ва кўрилиши керак бўлган чоралар ҳақида экспертлар билан суҳбатлашди.

Бир неча кун аввал Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари жаҳон ва Ўзбекистонда ўғит истеъмоли даражаси бўйича таҳлил хулосаларини эълон қилди. Бу тадқиқотда ҳам Ўзбекистон умумжаҳон миқёсида кўп ўғит ишлатаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳозир Ўзбекистонда гектарига ўғит сарфи деярли 255 килограммни ташкил этади, бу эса умумжаҳон ўртача кўрсаткичларидан 74 фоиз юқори, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача кўрсаткичлардан 2,9 баробар кўп.

Эълон қилинган таҳлил ва хулосалар жамоатчилик, хусусан, тармоқ фойдаланувчилари орасида муҳокама ва айни пайтда хавотирларга сабаб бўларкан, Kun.uz мухбири бу мавзуни соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама қилди.

Суҳбатдошларимиз – қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Мурод Каримов, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент Гулмира Мирҳайдарова, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ризқивой Гулмуродов ва “Ўзкимёсаноат” АЖ бўлим бошлиғи Ғайрат Абдуллаев бўлди.

Мурод ака, институт хулосасини ўқидингизми? Унда айтилган хулосаларга қўшиласизми? Ҳа бўлса, нега бизда бунчалик кўп ўғит ишлатилмоқда-ю, йўқ бўлса, сизда бу таҳлилларни инкор қиладиган қандай маълумотлар бор? Кўп ўғит ишлатиш нимаси билан хавфли?

Мурод Каримов:

— Ҳисоботни ўқидим. Унда гектарига 256 кг деб айтилган. Бу дунё кўрсаткичидан бир неча баробар кўп дегани. 1960 йиллар тажрибасига кўра, экинларга ўғитнинг кўп берилиши ҳосилдорлик тушиб кетишига ҳам сабаб бўлади. Қанча ўғит солсанг, шунча ҳосилдорлик юқори бўлади, деган тушунча нотўғри.

Фермерлар кўп ўғит ишлатяпти, дейиш ҳам нотўғри бўлади, чунки ўғит қиммат ўзи. Бу ерда ўғитларни ишлатиш маданияти пастлиги масаласи бор: қачон берилиши, қандай берилиши, қаерга берилиши кабиларни билмаслик. Экин экилгандан то етилгунча ўз меъёрида ўғит солиб бориш керак. Масалан, ўғитларни қўллашдаги энг юқори давр экинларнинг гуллаш даври бўлади. Демоқчиманки, деҳқоннинг ўғит қўллаш малакаси сустроқ бўлиши мумкин.

Гулмира Мирҳайдарова:

— Иқлим шароити деган тушунча бор. Ҳар битта ҳудуд иқлимининг ўзига белгиланган экини, меъёрий ўғит даражаси бор. Деҳқон ерга ўғит берганда, юқори ҳосил кутади. Лекин у ерни ўғитлаганда қандай реакцион жараёнлар кетишини билиши керак. Ўйлашимча, ўғит кўп ишлатилмаяпти. Лекин шуни иқлим шароитига мос тарзда қўлласа, мақсадга мувофиқ бўлади.

Тупроқлар ҳам табақалашган. Яъни қайсидир тупроқ унумдор, қайсидири ундай эмас. Ерга қайси экин тури экиляпти, ўғитлар қандай миқдорда бериляпти – буларни ҳисобга олиш керак. Масалан, тупроқнинг фосфорга эҳтиёжини ҳисобга олиб, шунга кўра бериш керак бўлади. Тупроқнинг ҳолатини билиш учун агрокимёвий хаританомалар билан таъминланган бўлиши лозим.

— Биз тупроқшунос олимлар билан гаплашганимизда, улар бу ҳисобот натижаларига қўшилишини, чиндан ўғит кўп ишлатаётганимизни, чунки Ўзбекистонда ер жуда очлиги, ҳосилдорлик пасайиб кетгани ва ўғит бермаса, ҳосил ҳам олиб бўлмаслигини айтишди.

Хўш, тинимсиз кўп ўғит ишлатиш бизни тақдиримиз, бундан буёнги мажбуриятимизми? Ерларни комплекс яхшилаш, унумдорлигини ошириш чоралари йўқми?

Мурод Каримов:

— Агрокимёгарларнинг тупроқдан олиб чиқиб кетилган озуқаларни қайтариш қонуни, деган олтин қоидаси бор. Экинлар ўзи билан маълум миқдорда турли ўғитларни олиб чиқиб кетади. Буларни қайтариш керак. Солинган ўғитларнинг бир қисми ерда қолади. Ҳосилни қанчалик кўп олсак, шунча озуқа моддасини тупроқдан йўқотаётган бўламиз. Кўпчилик органик ўғитлар солиш керак, дейди, лекин органик ўғит билан йўқотилаётган озуқа ўрнини тўлдириб бўлмайди. Органик ўғитларни гектарига 20-30 тонна бериш тавсия қилинади, шунда етарли бўлади. Лекин бундай миқдорда органик ўғит (гўнг) йўқ. Чорвачилик комплекслари ҳам йўқ. Органик ўғитлар билан унумдорликни орттириб бўлмайди.

Қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатлар минерал ўғитлар қўллайди. Уларда ерга дам бериш ҳам бор. Яшил масса амалиётида ҳам тупроқда бор озуқани олади ўсимлик, бунда фақат тупроқнинг биологик ва физик ҳолати яхшиланади, азот ёки фосфор кўпайиб қолмайди.

Гулмира Мирҳайдарова:

— Ўзбекистон иккита геоморфологик ҳудудга бўлинади. Шундан 30 фоизи тоғли ҳудудларга тўғри келади, 70 фоизи эса чўл ҳудудига. Чўл ҳудудларида ўз-ўзидан унумдорлик паст бўлади, тоғли ҳудудларда эса катта майдонларга экин экиш имконсиз. Фикримча, бир нечта комплекс тадбирлар ишлаб чиқилса ва бунинг ичида оралиқ экинлар экилса, бу жараёнда тупроқнинг хосса-хусусиятлари яхшиланиб боради. Ўз-ўзидан ўша ерда шароит яхшиланиб боради, бир яхшиланган шароит иккинчисини чақиради ва бу цикл давом этади.

Шу каби комплекс тадбирлар бўлиши керак. Минерал ўғитларнинг маълум қисми ўзлаштирилади, қолгани ерда туради, ҳеч қаерга кетмайди Минерал ўғитларни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш керак, шунда ерда минерал ўғитлар кам қолади ва зарар бериши ҳам камаяди.

— Ғайрат ака, айтинг-чи, Бугун Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг ўғитларга бўлган йиллик жами талаби қанча ва мамлакат миқёсида йилига қанча азотли, фосфорли, калийли ва шулар асосида қанча комплекс ўғитлар ишлаб чиқарилади? Қанча экспорт қиламиз ва қанча ички истеъмолга ишлатилмоқда?

Ғайрат Абдуллаев:

— Ўсимликнинг илмий исботланган талаби бор. Ўша талаб бизга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳар йили тақдим этилади. Масалан, 2023 йилда республика бўйича 1 млн 100 минг тонна талаб қўйилган. Бунда 700 минг тонна фосфорли, 300-350 минг тонна калийли ўғитларга талаб мавжуд.

Кимёсаноатда ишлаб чиқариш ҳақида гапирсак. Ўзбекистонда уч турдаги – азот, калий, фосфор ўғитлари ишлаб чиқарилади. Ўз эҳтиёжимизни бемалол қоплаймиз. 2022 йил натижасига кўра, 1,5 млн тонна соф ҳолда ўғит ишлаб чиқарилган бўлса, шундан 1 млн 150 минг тонна азот, 200 минг тонна калийли, 200 минг тонна фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарилган. 300 минг тонна ўғит эса экспортга кетди (25 фоиз).

Ўзбекистон ҳам кўп миқдорда ўғит ишлатаётган давлатлар сирасига киради. Юқорида айтилгандек, тупроқда эҳтиёж бўлса, бунинг ўрнини тўлдириш керак бўлади, албатта. Таҳлилларга кўра, 2005 йилдан 2022 йилгача бўлган жараёнда ички истеъмолда ўсиш бор. 2005 йилда 560 минг тонна азотли ўғит ишлатилган бўлса, 2022 йилда 875 минг тонна ишлатилган. Яна бир нарса бор бу ерда: аҳоли сони ўсяпти, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш керак. Шунинг учун ғалла ва пахта майдонлари қисқариб, озуқабоп экинларга ўтиляпти. Ва яна бир нарса: ривожланган давлатларда томчилатиб суғориш тизими орқали ўғит сарфи камайган, бизда ҳам тезроқ шуни жорий қилиш керак.

Умуман, республикамизда азотли ва калийли ўғитлар билан таъминлаймиз ўзимиз. Фақат фосфорли ўғитларда етишмовчилик бор. Бу бўйича ҳам ўзимизга дастур белгилаганмиз. Олмалиқда фосфорли ўғит ишлаб чиқарадиган янги завод қуриляпти. Самарқандда йил охирида эски кимё заводининг ўрнида фосфорли ўғит ишлаб чиқарадиган завод ишга тушади. Яқин келажакда 500 минг тоннага етказамиз фосфорли ўғит ишлаб чиқаришни.

— Биласиз, ёз яқинлашиши билан бизда полиз маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатлари кескин ошиб кетади. Бунда мутахассислар заҳарланишнинг полиз маҳсулотларига солинган амиакли селитрадан бўлганини қайд этишади. Хўш, нега бизда ўғитлар инсонлар саломатлигига зарар етказадиган, заҳарлайдиган тарзда тартибсиз ишлатиляпти-ю, буни тўхтатишнинг имкони бўлмаяпти. Буни ким, қандай назорат қилиши керак?

Мурод Каримов:

— Бу муаммо ўтган асрдан бери бор. Нитрат – ўсимлик тупроқдан оладиган азотнинг бир шакли. Динамикаси юқори, муқим бир жойда турмайди. Ўсимлик учун жуда зарур бу модда. Лекин уни ўғит билан солиш шарт эмас. Ҳар қандай органик модда чириса, нитрат тузига айланади. Нитрат тузлари ўсимлик танасига кириб боради. Тузлар керакли органоидга айланиши керак. Агар нитрат тузлигича қолиб кетса, инсонга ножўя таъсир қилади.

Биз экинга айнан нитратли ўғитлар солишимиз шарт эмас. Таркибида нитрат бўлмаган ўғитлар ҳам бор (корбамид, сульфат аммоний). Агар биринчи марта беришга нитратсиз ўғит тополмаса, аммиакли селитра бериб, кейингиларига нитратсиз берса, маҳсулот таркибида нитрат кам бўлади. Бизда бозорга келган полиз экинини текшириш эмас, далада пайтиёқ умумий текшириб рухсат бериш керак.

— Домла, сизни бу интервьюга таклиф қилганимизнинг сабаби борки, мақсад – бугунги мавзуни имкон қадар кенгроқ, комплекс таҳлил қилиш. Шу маънода, бугун қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган экинлар ҳосилдорлиги, озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий хавф туғдираётган омиллардан бири бу ўсимлик касалликлари, зараркунандаларининг кўпайиб кетгани. Муаммо кўламини яхши биласиз. Айтинг-чи, нима етмаяпти, қайси бўғинда хато қилиняптики, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали кураш йўли топилмаяпти?

Ризқивой Гулмуродов:

— Аслида, касалликлар кўпайиб қолгани йўқ. Собиқ иттифоқ даврида ғўзада ўнга яқин касаллик бўлган бўлса, ҳозир ҳам шу. Мустақилликкача бизда буғдой етиштирилмас эди. Мустақилликдан сўнг кенг кўламда буғдой етиштирила бошланди, шунинг ҳисобига зараркунандалар, касалликлар пайдо бўла бошлади. Илгари асосий майдонларимизда ғўза етиштирилган ва эътибор шунга қаратилган. Ҳозирда республикамизда ноанъанавий экинлар экиш кўпайган. Ўсимлик кириб келдими, унинг касаллиги ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади.

Касалликлар кириб келишига сабаб халқаро ҳамкорлик кенгайди ва биз чет элдан уруғлар, кўчатлар олиб келяпмиз, асосий касалликларни шулар олиб келади. Бу нарса стратегик аҳамиятга ҳам эга. Ўсимлик тури кўпайгани сари касалликлар сони ҳам ортяпти.

Нега кураша олмаяпмиз? Ҳосил олиб бўлмаяпти. Шунақа касалликлар ҳам борки, бир касалланса, ҳосил бутунлай йўқ бўлади. Ҳар бир ўсимликда ўнлаб касаллик бор. Бизда асосий эътибор кенг тарқалган касалликларга қаратилади. Қарши туролмаётганимизга сабаблардан бири деҳқон касалликни аниқлай олмаяпти. Фермер ва деҳқонларни қийнаётган муаммо ҳам билолмаслик бўляпти.

Юқорида айтганимдек, биз асосий эътиборни кенг тарқалган асосий экинлардаги касалликларга қаратганмиз. Ҳозир замонавий агрономияда олдин биз билмаган кўп касалликлар аниқланяпти ва шунинг ҳисобига кўпайиб кетяпти, деяпмиз. Иқлим ўзгариши ҳам касаллик кўпайишига сабаб бўлади. Ҳақиқий мутахассислар кейинги йилда бўладиган касалликларни «башорат» қилиши ва дори захиралари тайёрланиши керак.

— Ва бу борада, бугун Ўзбекистон ерларида ўсимлик касалликларига қарши пестисидлар, фунгисидлар, акарасидлар шунчалик кўп ва тартибсиз қўлланяптики, бизнинг ерлар бемалол Хитойда ишлаб чиқарилган пестисидларни синовдан ўтказадиган бир жойга айланиб қолган. Бунинг оқибатида инсонларда турли касалликлар сони ҳам ортиб боряпти. Хўш, нега бизда бу соҳа бунчалик тартибсиз ишлаяпти?

Ризқивой Гулмуродов:

— Ҳозирда 429 та акарамидлар, фунгисидлар 495 та, гербицидлар 395 та рўйхатга киритилган. Бу дорилар фақат Хитойдан эмас, бошқа давлатлардан ҳам олиб кириляпти. Нима учун уларнинг самараси кам бўляпти, деган савол бор. Биздаги муаммо – касалликка аниқ ташхис қўя олмаслик. Юқорида айтилган башорат қилиш ҳам бирламчи муаммо. Дейлик, буғдойдаги занг касаллигини башорат қилиш мумкин-ку. Масалан, кузги пахта терим мавсумидаги буғдой майдонларига кўп ёмғир ёғса, занг касаллиги бўлиши эҳтимоли бор. Илмий асосланган башоратлар бўлса ва шунга қараб дори захираларини яратсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Америкада касаллик, инфекция тарқалишидан бир неча кун олдин айтиларкан ва чора кўрилар экан. Бизда эса инфекция тушиб бўлгандан сўнг пестисидларни сепамиз ва самарасиз бўлади. Яна бир сабаби баъзи пестисидларни кераксиз пайт ишлатамиз. Бизнинг иқлим қуруқ. Намликда экан касаллик кўп бўлади, шунинг учун Европада кўп дори сепилади. Агар бизда баҳор қуруқ келаётган бўлса, узоғи билан 2 марта дори сепилса, етарли бўлади. Бизда занг касаллиги учун 10 майдан кейин дори сепишади, унинг фойдаси йўқ, чунки занг 27 градус иссиқдан баландида ривожланмайди, у пайт эса ҳарорат 30 дан баланд бўлади.

Агар экинга касаллик тушмайдиган бўлса, дори сепиш керак эмас. Истеъмолдан ташқари бўлган дори зарарли бўлади. Сепилган дори бир неча кун ўсимликни «стресс» ҳолатига тушириб қўяди. Агар биз аниқ башорат қилолсак, касалликлар тарқалиши мумкин, лекин ёппасига тарқалмайди.

Икки баробар кўп дори сепиш – хато. Ҳар бир дорининг меъёри бор. Ўсимликларда пестисид қолдиғи деган нарса бор. Ҳатто дондаям, нондаям қолади. Энг ёмони тўғридан тўғри истеъмол қиладиган помидор, бодринг каби маҳсулотларда пестисидлар қолдиғи қолади. Қоидасига кўра бозорга чиқишдан 20 кун олдин тўхтатиш керак дорилашни. Пестисидлар қолдиғи эса онкологик касалликларни келтириб чиқаради.

Интервюни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид