Жаҳон | 09:43 / 20.02.2023
10968
2 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат котиби Хитойни Россияга қурол сотмаслик ҳақида огоҳлантирди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Хитой Украинага қарши уруш учун Россияга қурол бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Тегишли баёнот билан Блинкен CBS телеканалида Face The Nation дастурида чиқиш қилди. 

Энтони Блинкен / Фото: ABC

«Биз ҳозир бошдан кечираётган хавотир улар (Хитой расмийлари) ҳалокатли ёрдам кўрсатиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақидаги маълумотларга асосланади», — деди Блинкен. Бу ҳалокатли ёрдам айнан нимани ўз ичига олиши мумкинлиги ҳақида сўралганда, Америка дипломатияси раҳбари шундай жавоб берди: «Ҳаммаси - ўқ-дорилардан тортиб қуролларгача». 

Бунгача Мюнхен хавфсизлик конференциясида Энтони Блинкен Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари, Сиёсий бюро аъзоси Ван Ини «Агар Хитой Россияга санкцияларни мунтазам равишда четлаб ўтишда ёрдам берса, бунинг оқибатлари бўлади», деб огоҳлантирган эди.  

ABC телеканалига берган интервьюсида Блинкен, шунингдек, Қўшма Штатлар Киевга қирувчи самолётлар етказиб берилишига қарши чиқишда давом этаётганини таъкидлади. «Биз диққатимизни улар (Украина кучлари) яқин бир неча ой ичида қўллаши мумкин бўлган, келгуси йилларда эмас, балки келгуси ойларда самарали фойдаланиши мумкин бўлган нарсаларга қаратишимиз керак», - деди давлат котиби. Ғарб қирувчиларида учишни ўрганиш узоқ давом этадиган жараён, дея эслатди ABC.

Шу билан бирга, АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд CNN телеканали орқали Хитойни Россияга қуроллар етказиб бериш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. Бу «қизил чизиқ бўлади», деди Америка вакили.

Мавзуга оид